“Башакшеҳир” ҳужумчиси Элдор Шомуродов Туркия Суперлигасининг 8-туридан ўрин олган “Газиантеп”га қарши кечган учрашувда (2:1) асосий таркибда майдонга тушди. Футболчининг ўйини Sofascore портали томонидан 7,4 баллга баҳоланди.
Шомуродов ўйин давомида 41 марта тўпга тегинди. У амалга оширган 27 та узатманинг 21 таси аниқ бўлди (78 фоиз аниқлик). Ҳужумчи дарвоза томон умумий 1 марта зарба йўллади ва бу зарба гол билан якунланди. Шунингдек, у 1 та голли узатмани амалга оширди.
Шомуродовнинг кутилган голлар кўрсаткичи (хГ) 0,71, кутилган ассистлари (хА) эса 0,15 га тенг бўлди. Яккакурашларда эса ҳужумчи унчалик муваффақиятли ҳаракат қилмади: ердаги саккизта курашнинг фақат биттасида ғалаба қозонди. Ҳаводаги икки курашда эса рақибларидан устун кела олмади. Элдор уч марта дриблинг орқали рақибидан ўтишга уринди ва бу ҳаракатларнинг фақат биттаси муваффақиятли чиқди.

“Башакшеҳир” сафида тўп тепадиган иккинчи ўзбекистонлик футболчи — Аббосбек Файзуллаев эса учрашув давомида майдонга туширилмади.
Учрашувнинг энг яхши футболчиси деб мезбонлар аъзоси Андреас Сков Олсен (7,9 балл) ҳамда “Газиантеп” яримҳимоячиси Кшиштоф Козловски (7,9 балл) топилди.













