Мадриднинг «Реал» клуби ярим ҳимоячиси Жуд Беллингем жамоа билан шартномасини узайтириш бўйича келишувга эришгани хабар қилинмоқда.
Инсайдер Экрем Конурнинг маълум қилишича, 23 ёшли англиялик футболчи бошқа клубларнинг қизиқиши ва Саудия Арабистонидан катта молиявий таклиф олиш имкониятига қарамай, фаолиятини «Реал»да давом эттиришни маъқул кўрган.
Манбага кўра, янги келишув асосида Беллингемнинг йиллик маоши тахминан 30 миллион еврони ташкил этади.
Англиялик ярим ҳимоячининг мадридликлар билан амалдаги шартномаси 2029 йилнинг 30 июнигача мўлжалланган. Transfermarkt портали унинг бозор қийматини 160 миллион еврога баҳоламоқда.
Жорий мавсумда Беллингем Испания чемпионатида 9 та учрашув ўтказиб, 3 та гол урди ва 3 та голли узатма амалга оширди.













