Дунёнинг ишлари қизиқ. Футбол ҳаёти ундан-да ажойиб. Россиялик мухлислар ЖЧ-2018 очилиш ўйинида Саудия Арабистони термаси рақиб бўлишидан ўзларини бахтиёр сезишмоқда. Болта тушгунча тўнка дам олади.
Воқеалар кейинчалик қандай ривожланиши аҳамиятсиз, гўё. Муҳими - пурвиқор тантанадан сўнг ғалаба қозониш. Майли, бу биринчи ва охиргиси бўлсин!
Қуръа ташлаш маросимидан кейин Россиянинг умумий кайфияти шахсан бизда шундай таассурот уйғотди.
Балки ўртоқлик учрашувида Испания термаси билан дуранг натижа қайд этилгани Россия футбол муҳитини ҳаволантириб, руҳлантиргандир. Эҳтимол, бу кутиш мумкин бўлган ҳолат.
Лекин гуруҳда 2-ўринни олиб, яна испанларга тўқнаш келиш хавфи бор ва мезбонлар учун расмий жангда бу жамоа тўсиғидан ўтиш осон кечмайди.
Зеро, «қизил фурия» мундиалнинг «плей-офф» раундларида «ўртоқ-ўртоқ» ўйнамайди. Борингки, мазкур асосли тахминда Россия термаси тарафини олайлик.
Шунда ҳам, барибир, Станислав Черчесов шогирдларини ноқулай рақиб, яъни Лионель Месси етакчилигидаги аргентиналиклар кутишади, назаримизда.
Агар майдон эгаларига 1|4 финалда ҳам омад кулиб боқса, демак, 2018 йил ёзига қадар футбол фантастик тарзда ўзгариб кетган ҳисобланади.
Ҳолбуки, миллий жамоамизнинг ЖЧ-2022 финал босқичига ишонсак ишонамизки, бундай воқеа юз бериши хаёлимизнинг кўчасига ҳам кирмайди.
Ҳа, Россия термасини ЖЧ-2018 ярим финалига чиқариб қўйсак, қуръа ва унинг моҳияти мантиқсизликка айланади. Чунки қуръа тартибидаги мантиқ кучли терма жамоаларни ярим финал сари етаклайди. «Плей-офф» баҳслари кучсизларни аямайди сира.
Шу хулосани ёзганимиз заҳоти қулоғимиз остида инкор садоси янгради: «Ҳаётда мантиқсизликдек туюлган ҳолат футболда гўзаллик сифатида кўзга ташланиши ҳеч гап эмас. Ана, «Страсбур» қудратли «ПСЖ»га имкон бермади-ку!»
Ваҳоланки, бу икки жамоа имкониятларини тарози палласига қўйсак, бир томон кескин босиб кетиши аниқ. Шу маънода айтсак, Россия термасининг «қизил фурия» устидан ғалаба қозониши жаҳон чемпионати безагига айланади!
Йўқ, шундай воқеа юз беришини инкор этмадик, этолмаймиз. Фақат бу ҳолат кетма-кет содир бўлиши чиндан ҳам, фантастика. Ҳа, ишонаверинг.
«Беневенто» дарвозабонининг сўнгги дақиқада «Милан»дан ғалабани юлқиб олганини мўъжиза сифатида олқишлаймиз. Женнаро Гаттузо «россонерлар» бош мураббийи ролидаги дебют ўйинида шогирдларини 3 очко учун руҳлантирганди.
Қарангки, машҳур футболчи, лекин тажрибаси кам мураббийнинг дастлабки сафар баҳси «Беневенто»нинг мавсумдаги илк очко учун курашиш лаҳзасига тўғри келди.
Хуллас, «Страсбур»дан ғалаба ва иштиёқ саломини олган «Беневенто» ҳам ўз вазифасини уддалаб, мавсумдаги очколари ҳисобини очди, ниҳоят. Женнаро Гаттузо ЧЛнинг Истанбулда «Милан» учун мусибатли якунланган финалини эслаганига ишончимиз комил.
Ўшанда ҳам ғалаба «Милан» учун нақд эди, гўё. Аввалги якшанба оқшоми ҳам жамоа ғалабага ҳаддан зиёд ишониб тўп сурди ва тайёр очколарни қўлдан чиқарди.
Аламлиси, бу сафар рақиб «Ливерпуль» эмас, балки жорий мавсум ҳали бирор очко ололмаган «Беневенто» эди. Шуниси «Милан» мухлислари хунобини оширди.
Милан жамоаси тиффозиларини тушунган ҳолда, Россия миллий жамоасини «Беневенто»га, «Милан»ни эса Аргентина термасига қиёслаш фикридан мутлақо йироқмиз.
Негаки, жаҳон чемпионати чорак финал баҳсида рақиб жамоалар дуранг натижа билан кифояланмайди.
Демоқчимизки, мундиалга Станислав Черчесов раҳбарлигида тайёргарлик кўраётган россияликлар таркиб бобидаги ўзгаришлар ва бошқа изланишлардан қатъий назар, кучли рақиблар босимига дош беришлари қийин.
Станислав Черчесов Россия термаси учун Гус Хиддинк вазифасини бажариши мушкул, албатта. Шунинг учун ҳам, жаҳон чемпионати очилишида Саудия Арабистони термаси билан ўйнаш имкони россиялик мухлисларни беҳад қувонтирмоқда.
Назаримизда, улар шу бир ўйин шукуҳи билан чекланишади, чоғи. Қолаверса, футбол сифати ва иқтидорли ижрочиларнинг бор-йўқлиги нуқтаи-назаридан ҳам руслар жамоаси бошқа мамлакатлардаги мухлисларни унча қизиқтирмаслиги тайин.
Айни шу жиҳатларни инобатга олсак, ёш Поль Погба ва Килиан Мбаппеси бор Франция термаси эътиборимизни кўпроқ тортади. Шу икки футболчига алоҳида эътибор қаратишимиз сабабларини келгусида батафсил изоҳлаймиз.
Ҳозирча яна бир тахминни айтамиз: бу икки ёш футболчининг ярим финалда Неймар синовидан ўтиши эҳтимоли катта. ЖЧ-86да кузатилган Платини - Зико тўқнашуви янгича кўринишда давом этса, бундан футбол ютади, мухлислар қалби шодликка тўлиб-тошади.
Нима деб ўйлайсиз, ҳар икки ёш иқтидор эҳтимол, иштиёқ билан фусункор ўйин намойиш этиб, тажрибали Неймарга ютқазар. Тахмин оқланса, мантиқ ранжимайдиган натижага гувоҳ бўлардик, тўғрими? Ҳар ҳолда, бундан футбол ютқазмасди.
Бунга ҳозирданоқ ёрқин мисол бор: «Арсенал» ва «МЮ» тўқнашуви. Учрашувда гарчи Арсен Венгер шогирдлари ютқазган бўлсаларда, футбол ўзи учун Давид де Хеадек дарвозабонни қайта кашф қилди.
Унинг мўъжизалари Поль Погбанинг санъаткорона ҳаракатларини нари сурди ва балки шунинг учундир тақдир ёш футболчига қизил карточкани раво кўргандир.
Зарбаларидан сўнг тўп дарвозага йўл олмаса ҳам, бизнинг футболчилар каби тушкунликка берилмайдиган, яна ва яна ҳужумга отланаверадиган «Арсенал»га қойил!
Агар хоҳласа ва тақдир раво айласа, ҳар қандай зарбага тўсиқ қўйиш мумкинлигини намуна сифатида намойиш этган де Хеага тасанно!
Муҳтарам мухлис! Мулоҳазаларимизни шундай кўтаринки руҳда якунлашни режалаштиргандик. Бироқ Ўзбекистон кубоги финали арафасидаги матбуот анжуманида футболчилик фаолиятини якунлашини эълон қилган Темур Кападзенинг сўзлари режамизни бузиб юборди.
У лоақал ўртоқлик учрашувида миллий жамоа билан хайрлашиш имкони туғилмаганини айтиб ўтди. Бош жамоамиз манфаатлари йўлида бутун борлиғи билан тўп сурган ва унинг келажаги учун таркибдан ўзини тортган футболчига шундай имконият берилмагани афсусланарли ҳол. Унутмайликки, арзимасдек кўринадиган шу каби афсуслар катта надоматлар сари йўл очади...
Муҳаммад Вали