Кириш Регистрация
21/12 00:45 Верона 0-1 Милан
21/12 01:00 Жирона 3-0 Вальядолид
21/12 17:30 Астон Вилла 2-1 Манчестер Сити
21/12 18:00 Хетафе 0-1 Мальорка
21/12 19:00 Торино 0-2 Болонья
21/12 20:00 Брентфорд 0-2 Ноттингем Форест
21/12 20:00 Ипсвич 0-4 Ньюкасл
21/12 20:00 Вест Хэм 1-1 Брайтон
21/12 20:15 Сельта 2-0 Реал Сосьедад
21/12 22:00 Женоа 1-2 Наполи
21/12 22:30 Кристал Пэлас 1-5 Арсенал
21/12 22:30 Осасуна 1-2 Атлетик Бильбао
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид - Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм - Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта - Эмполи
22/12 22:30 Леганес - Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас - Эспаньол
23/12 00:45 Монца - Ювентус
23/12 01:00 Бетис - Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе

«Велосипед қачон ихтиро қилинади?» Антиқа қарорлар рейтинги

Баҳо:
+ | -

Биз анчадан буён ўзбек футболида янги саҳифа очилишини, масалан, ёмон ҳакамларнинг бир умр футболдан четлатилиши-ю, терма жамоага чет эллик мураббий келишини, югура олмайдиган футболчилар тез югуриб кетиши-ю, мураббийларнинг майдонга ёшларни туширишларини умуман жуда кўп нарсаларни орзу қилардик.

Негадир, ўша шабадалар эсиб, тилакларимиз қайси усулда бўлсаям, рўёбга чиқаётгандек туюлса-да, бизга доим нимадир ёқмай тураверади, шекилли. Келинг, сўнгги ойларда футболимизда рўй бераётган антиқа қарорлар рейтингини тузиб кўрамиз.

«Директор, ишдан рухсат беринг, футболга бормоқчийдим...»
Футболни тарғиб қилиш, мухлисларни мусобақаларга жалб қилиш энг муҳим вазифаларидан бири бўлган ташкилотнинг йилнинг энг муҳим ўйинларидан бири бўлмиш Ўзбекистон кубоги финалини иш кунига, бунинг устига соат 15:00га белгилагани «ривожланиш» йўлидаги дастлабки қадамлардан бири бўлганди.

 

Аввалига кўпчилик ҳайрон бўлди, аммо кейинчалик, стадион ОФК президенти Шайх Салмон, шунингдек, бир қатор талабалар билан тўлди. Баъзиларнинг текин тўп талашиб, майдонга югуриб тушиб кетган ва тартибни сақлаш ходимларидан калтак егани эса, чет элларда ҳам кузатиладиган байрамона руҳ билан изоҳланди. Албатта, бу руҳиятни фақат Европа билан боғлаш ноўрин, зеро байрамларнинг, тўйларнинг жанжаллар билан ўтиши-ю, қанчадир чойнакларнинг синиши урф-одатларимиздан саналади. «Зачўт!».

«Реал» Чемпионлар Лигаси билан хайрлашди»
Тасаввур қилинг, УЕФА чемпионлар лигасида 1/8 финал ўйинларини ўтказишдан воз кечса ва гуруҳларда 2-ўринни олган жамоаларни турнирни тарк этди, деб эълон қилиб юборса...

 

Шунга ўхшаш воқеа содир бўлди. Мавсум тугашига 4 тур қолганида, келаси йилдан олий лигада 12 жамоа қатнашади, деб юборилди ва мавсум бошида барча ҳужжатларда лигадаги ўрини сақлаб қолувчи деб белгиланган ўринни эгаллаган баъзи жамоалар «алданиб қолдилар». Албатта, ҳар қандай мусобақани такомиллаштириш йўлида ўзгаришлар бўлиб туради – раҳбарларнинг футболимизда ниманидир ўзгартиришга бўлган уринишларини оқлаш мумкин. Аммо бундай ўзгаришлар аввалдан режалаштирилиши ва мавсум бошида регламент орқали турнир формати қайд этилиб, жамоалар ўша шартлар асосида ўйнашлари керак бўлади. Турнир ўртасида аввалдан белгиланган шартларнинг ўзгартирилиши дунёнинг ҳеч қаерида бўлмаган.

Масалан, олий лигада қолиш учун курашган, мавсум давомида мураббийни алмаштиришдан тортиб, бир қанча трансферларни амалга оширган, якунда эса, 14-ўринни эгаллаб, мақсадига эришган «Нефтчи» қайси асос билан суперлигадан ҳайдалиши керак?

Тўғри, «Нефтчи» юқорироқ ўринни олиши, шу орқали ўзини кафолатлаши мумкин эди, аммо шу гапни «Реал»га айтиб, «Тоттенҳэм»дан олдинги ўринни олишинг керак эди, бор энди, Европа Лигасига» деб кўрингчи?

«Мавсум бошланмасдан алмашаётган форматлар...»

Ана шу 12 жамоа иштирок этадиган Суперлига форматига ҳам саволлар кўп ва энг қизиғи, ҳали якуний тўхтамга келинмаганга ҳам ўхшайди. Аввалига 12 жамоа уч даврали тизимда ўзаро куч синашиши ҳақида гап борган ва ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов «мен бугунги қабул қилинган қарордан қониқиш ҳосил қилдим, чунки, у бир томонлама қабул қилинмади. Биз ҳамма киритилган таклиф ва мулоҳазаларни ўрганиб чиқдик. Кейин эса янги форматнинг бизнинг шароитга қандай тўғри келишини ўргандик. Якунда эса 12та клуб қатнашадиган мусобақа вариантида тўхтадик. Мен ушбу қарорнинг қабул қилинишида иштирок этган ҳар бир эксперт ва оммавий ахборот воситалари вакилларига ўз миннатдорчилигимни билдираман» деб узил-кесил фикрини баён қилди.

Вақт ўтиб эса, энди, мусобақа 4 даврали тизимда ўтиши, сўнгги босқичда дастлабки 6 жамоа алоҳида, кейинги 6 жамоа эса, алоҳида бир-бири билан ўйнаб чиқиши ҳақидаги вариантлар расмий сайтларда эълон қилинди.

«Битта байроқ, битта лакатир»

 

Суперлигада қатнашувчи клубларни лицензиялаштириш талаблари асосида текширувдан ўтказиш ғояси, аслида жуда дадил ва оқилона қадам. Бу ўринда аввало, айнан мусобақанинг (бу ерда Суперлига) сифатли ўтиши, ўйинларнинг яхши маҳсулот сифатида яратилишида аҳамият касб этадиган соҳаларга жиддий эътибор қаратилиши лозим. Масалан, клублардан қулай стадионга эга бўлиши, майдон ҳолатининг ва ёритувчи мосламаларнинг стандартларга мос бўлиши, ОАВ билан, мухлислар билан ишлашга доир талаблар, клублар сайти, имижи билан боғлиқ, шунингдек, клубларнинг молиявий даромадларининг ва харажатларининг шаффофлиги талаб этилса, футбол ривожига, футбол муносабатларига ижобий таъсирини ўтказган бўларди.

Аммо бу ерда ҳам бошқа йўлдан кетилди — клубларга, масалан ўз футзал жамоаси, ўз аёллар жамоасига эга бўлиш талаби ҳам шулар жумласидандир. Бу қайсидир маънода, «мана, бир йилда клубларимиз суперклубга айланди, ўз аёллар, футзал жамоалари, академияларига эга бўлишди», деб мақтаниш учун қулайдир, аммо асосан ҳокимиятлар ва бир томонлама ҳомийлар қўлига қараб қолган клуб учун уч ойда шу талабларни бажариш шартини қўйиш қанчалик мантиқли? Тўғри, Европадаги суперклубларда бундай жамоалар бор, лекин бу ҳолатга табиий йўл билан бориш, клубларда бу жамоалар учун эҳтиёжнинг пайдо бўлиши бирламчи эмасми?

Масалан, ростми, ёлғонми, эшитганим, бир олий лига клуби институтларга бориб, қизларга «футбол ўйнайсизларми, жамоага қўшилсанглар, бир миллион сўм ойлик берамиз», деб қизиқтириб, жамоа тузиб юрган эмиш. Бир томондан кулгили, лекин мен ўзимни ўша клуб раҳбарлари ўрнига қўйиб кўрдим ва қўйилган ўша талаблар асосида бошқачароқ жўяли йўл топа олмадим. Нима қилиш керак, хўш, сиз айтингчи?

«Насаф»нинг жаримага тортилиши ва Лобанов


Ўзбекистон чемпионати 29-туридан ўрин олган «Насаф» – «Пахтакор» ўйини сўнггида меҳмонлар дарвозабони Александр Лобанов мухлисларга қарата ҳақоратомуз қилиқ қилди. Интизом қўмитаси бу ҳолат учун «Пахтакор»ни 50 миллион сўм жаримага тортди, аммо Тартиб-интизом кодексининг тегишли бандида бундай ҳаракатлар учун футболчи 3-5 ўйинга дисквалификация қилиниши ҳам қайд этилган. Аммо бу ижро таъминланмади.

Бу ҳам майли, мазкур воқеа юзасидан «Насаф» клубига 100 миллион жарима солингани ҳам тушунарсиз. Бу ўринда қаршилик мухлисларнинг Лобановга нисбатан турли ҳақоратлар ишлатганликлари асос қилиб олинди.

Албатта, мухлисларнинг ҳаракатлари учун клублар жазоланиди тажрибада ушлаб турадиган ҳолат. Аммо бунинг учун мухлислар ҳаракатлари қандайдир уюшганлик характерига эга бўлиши лозим. Шунчаки, стадиондаги баъзи мухлисларнинг футболчиларни ҳақорат қилгани клубнинг жаримага тортилишига етарли эмас, назаримда.

Биринчи лигами ёки ёшлар лигаси?
Суперлиганинг келаси йилда жуда зўр ўтиши ҳақидаги гапларга илова сифатида қўйи лиганинг ҳам рақобатбардош қилиш, жамоалар сифатини суперлига клубларига яқинлаштириш ҳақида кўп гапирилмоқда. Бир қараганда, олий лигадан биратўла 4 жамоанинг «ҳайдалиши» 1-лигадаги рақобатни ва сифатни ошириб юбориши керак. Аммо амалда, бунинг акси учун ҳамма ишлар қилинаётгандек.

Мисол учун, яна ўша расмий хабарларда айтилишича, энди биринчи лигада фақат 24 ёшдан ёшроқ бўлган футболчилар тўп суради. Зўрми?

Муайян 1-лига жамоаси сафида ўйнаб турган ва эртага 25 га тўладиган футболчи нима қилади?

Бу ҳам майли, олий лигада 11-ўринни эгаллаган жамоа йил охирида 1-лиганинг 2-ўриндаги жамоаси билан ўтиш турнирида қатнашиши кўзда тутилган экан. Хўш, қани бу ерда тенглик? Олий лига талаблари асосида ўйнаган клуб 24 ёшдан кичик футболчилардан тузилган таркиб билан тенг шартларда ўйнай оладими?

Суперлигада ўйнаш осонми ёки Премьер-Лигадами?
Олий лига клублари учун талаблар ҳақида гап кетди-а? Маълум бўлишича, футболчиларнинг жисмоний кўрсаткичлари бўйича норматив қабул қиладиган алоҳида бир гуруҳ ташкил этилибди. Мисол учун, 30 метрлик масофани белгиланган секундларда босиб ўта олмаган футболчига лицензия берилмайди ва у то ушбу нормативларни топширмагунча, ўйинларда иштирок этишга рухсат берилмайди.

Кимдир қайсидир мажлисда «футболимиз, терма жамоамизда жисмоний камчиликлар бор, тез югура олмайдилар», деган бўлиши мумкин. Аммо бу муаммонинг ечими тест асосида югура олмайдиганларни ўйнатмаслик билан бўлмайди-ку? Тасаввур қилинг, ўрта таълимдаги муаммоларни ечиш ўқув юртига кириш имтиҳонларини қийинлаштириб қўйиш билан бўладими? Бу шароитда талабларни имконсиз қилиш коррупцияга, имтиҳонларнинг нохолис бўлишига йўл очмайдими? Бу биринчидан.

 

Иккинчидан. Ахир футболчининг тез югуришидан манфаатдор бўлган шахс аввало, мураббий эмасми? Бунинг устига баъзи футболчилар яхши югура олмаслиги мумкин, аммо яхши дриблингга, узоқ масофага тўп ошириш, ўйинни бошқариш қобилиятига эга бўлиши, жамоа учун кераклироқ бўлиши мумкин. Бундай талабларда Уэйн Руни ёки Андреа Пирло суперлигамиз талабларига жавоб бермас эканда? Узоққа бормайлик, яхшиям Темур Кападзе вақтида футбол билан хайрлашди, акс ҳолда, унинг жисмоний камчиликлари маълум бўлиб, шармандаларча футболдан четлатилармиди?

«Номуайян жазо»
Ҳозирча, Кападзенинг собиқ устози Вадим Абрамов номуайян муддатга четлатилиб турилибди.

«Ўзбекистон футбол федерацияси Интизом кодекси 2-бўлимининг клублар бошлиқлари ва мураббийларига нисбатан белгиланган талабларни сўзсиз ижро этиш ва Оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон футбол федерацияси ҳамда Ўзбекистон профессионал футбол лигаси томонидан қабул қилинган қарорларни нотўғри талқин қилиниши ҳолатларини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Футбол Федерацияси Ижроия қўмитаси Бюросининг 2017 йил 16 декабрдаги 9-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорда баён этилишича, Ўзбекистон футбол федерацияси Интизом кодексининг 5.41-бандига биноан, ЎФФ ва ЎзПФЛ ҳамда уларнинг расмийлари шаънига нисбатан нотўғри фикрлар билдиргани, Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан қабул қилинган қарорлар бўйича кенг жамоатчилик ўртасида носоғлом фикрлар вужудга келишига сабаб бўлаётгани учун, Ўзбекистон Футбол Федерацияси Интизом кодекси 2-бўлимининг «д» кичик бандига мувофиқ, «Нефтчи» клуби бош мураббийи Вадим Абрамов номуайян муддатга футболга алоқадор ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан четлаштирилди», – деб ёзилади ЎФФ расмий хабарида.

Бу ерда бир қанча саволлар туғилади. Абрамов айнан қайси фикрлари учун жазоланди? «Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан қабул қилинган қарорлар бўйича кенг жамоатчилик ўртасида носоғлом фикрлар вужудга келишига сабаб бўлаётганлиги учун» деб ёзилган, аммо Абрамов шу кунларда ҳеч қандай юқоридаги ҳолатларга сабаб бўлувчи интервью бермаган. Мураббийнинг «Нефтчи» бош мураббийи сифатида (тўсатдан олий лигани тарк этган 4 жамоадан бири) янги форматдан норози бўлганига бир ойдан ошди.

Мураббийнинг ўзи бу айбловни куни кеча бўлиб ўтган ЎФФ мажлиси билан боғлаяпти. Унинг журналист Хайрулла Холиқовга берган интервьюсига қараганда, Абрамов ЎФФнинг айнан ўша норматив тестлар ҳақидаги қарорларига ўз норозилигини билдирган. Эътибор беринг, «ҳақорат» ёки «туҳмат» эмас, фикр билдирган. Бу фикрнинг «нотўғри» таснифига туширилаётгани нимани англатади? ЎФФ фикридан бошқа ҳамма фикрлар нотўғри бўлиб, эгалари футболдан четлаштирилиши керакми? Билмадим.

 

Ижтимоий тармоқларда бир фикр ўқидим - «Жамоатчиликда ЎФФ ҳақида носоғлом фикр уйғотган Абрамовнинг футболдан четлатилиши ЎФФ ҳақида носоғлом фикрларни пайдо қилди». Қўшиламан.

Бундай қарорлар рейтинги яна давом этади, бунга шубҳа йўқ. Федерациядаги ўзгаришлардан илҳомланган журналистлар ва мухлислар ўзига хос фикр алмашиш жараёнини юзага келтирганликлари ва ҳамма футболни ривожлантириш ҳақида ўз таклифларини билдира бошлаганликлари одамни жуда хурсанд қилганди. Шу жараёнга қўшилиб, футболимиздаги барча иллатларни йўқотиш бўйича ажойиб бир таклиф ҳақида ўйлай бошладим, масалан. Футбол луғатимиздан ўчириб ташлаш керак бундай иллатларни, вассалом...

Тушунмадингизми? Худойберди Тўхтабоевнинг «Ширин қовунлар мамлакати» асари қаҳрамони Акром тўқима бир шаҳардаги ёвузликларга қарши курашмоқчи бўлади ва уларни тугатишнинг антиқа йўлини топади. Шартта луғатни олади-да, у ердаги салбий иллатларни акс эттирувчи сўзларни ўчирғич билан ўчира бошлайди. Луғатда йўқ бўлса, ўз ўзидан ўша иллат ҳам йўқ бўлади-да, деб ўйлайди. Ўша китобни ўқиганимда Акромнинг «ечими» менга кулгили туюлган ва «китобни расво қилибсан-ку, галварс» деб уни уришиб берадиган профессорнинг фикрига тўлиқ қўшилгандим.

Мана шу мақолани ёзиб ўтириб эса, Акромнинг ўша қилиғи унчалик аҳмоқона туюлмади, нимагадир...

Қаҳрамон Асланов

Манба: trbuna.uz
Киритилди: 11:48, 19.12.2017.
Ўқилди: 5272 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.