ФИФА бош котиби Фотима Самура RT сайтига берган интервьюсида ташкилот фаолиятидаги энг сўнгги ўзгаришларга тўхталди ва танқидчиларни ФИФАга бўлган салбий муносабатларини ўзгартиришга чақирди.
Мутасадди хоним шунингдек, ЖЧ-2018да нималар кутаётгани, Ғарбдаги айрим нашрларда ёзилаётгандек, Россияда мухлислар хавфсизлигига муносабат у даражада ёмон эмаслигини айтди.
«ТАНҚИДЧИЛАР ФИФАга БЎЛГАН МУНОСАБАТНИ ЎЗГАРТИРИШЛАРИ КЕРАК»
— ФИФА бош котиби сифатида жорий йил сиз учун қандай ўтди?
— У мазмунга бой тарзда кечди. Мансабга ўтирганимга 1,5 йил бўлди ва 100 йиллик тарихга эга миллионлар ўйини бош ташкилоти котиблигини аёл киши эгаллаганининг ўзи футболга бўлган муносабат ўзгараётганидан даракдир.
Жаҳон аҳолисининг тенг ярмини нозик жинс вакилалари ташкил этишини инобатга олсак, бунинг ҳайрон қоладиган ери йўқ. Менимча, 2016 йил февралида бошланган ислоҳотлар ФИФАда узоқ йиллардан бери кутилаётган ўзгаришлар учун тамал тоши бўлди.
Жумладан, ФИФА тарихида илк бор фақат аёллар футболи билан шуғулланувчи алоҳида тизим яратилди, шунингдек, ташкилот аёлларга алоҳида эътибор қарата бошлади. Бир йиллик фаолиятим якунига назар ташларканман, бугунга келиб ФИФА штаб-квартирасида аёллар сони 53 фоизга етгани ростини айтсам, мен учун кутилмаган қувончли ҳол бўлгани ҳам ҳақиқат.
Ҳозирги тенденциядан келиб чиқиб, айрим миллий федерацияларда бош котиб вазифасига аёллар тайинланмоқда. Демак, 2026 йилга бориб, аёллар ва эркакларнинг ҳуқуқий тенглиги нафақат ФИФА, балки бошқа миллий федерациялар таркибида ҳам амалга татбиқ этилади.
— ФИФАдаги ислоҳотларга алоҳида тўхталдингиз. Сизнингча, жаҳон миқёсида спортнинг бошқа турлари раҳбарлик тизимларида аёллар сонининг ортиши қанчалик муҳим?
— Футбол - дунёни бирлаштиради. Уни аёллар, қизлар ва болалар ҳам ўйнашади. Бу ўйинни бутун сайёрада яхши кўришади. Спорт секцияларини ривожлантириб бораркан, ФИФА ўз олдига қўйган мақсадга эришади: ўйинни ривожлантириб бориш орқали, унинг оммабоплигига эришади.
Бугунги кунда футбол секциялари ва аёллар футболини молиялаштириш эркаклар ўртасидаги чемпионатлар ҳисобига амалга оширилмоқда. Бу борада автономлик ҳақида сўз юритилмаяпти.
- Мазкур ҳолатни ўзгартириш учун қандай чора кўриш лозим?
- Биринчидан, футболни ривожлантириш йўлидаги «Форвард» дастури орқали футбол ассоциацияларига зарур воситаларни етказиб, шу тариқа уларнинг аёллар ва ўсмирлар ўртасидаги мусобақаларга маблағ йўналтиришларини таъминлаш керак.
Узоқ муддатли ривожланиш йўлида эса ФИФАнинг барча маркетинг дастурини қайта кўриб чиқиб, аёллар футболини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, унинг оммабоплигини ошириш мақсадга мувофиқ. ФИФА бу борада тегишлича чора-тадбирларни ишлаб чиққан ва яқин йилларда унинг самараси кўринади, деган умиддаман.
— Сиз билан бирга жаҳон футболи юлдузлари - Звонимир Бобан, Марко ван Бастен, Гари Линекерлар ишлашади. ФИФА таркибида умрини футболга бағишлаган профессионалларнинг борлиги сиз учун қанчалик муҳим?
— ФИФА бош котиби сифатида фаолият кўрсата бошлаганимдан бери эришган энг катта натижаларимиздан яна бири шубҳасиз, бу каби юлдузларни ташкилот фаолиятига кенг жалб қила олганимиздир.
Айнан уларнинг ёрдами билан ФИФА ўз ғояларини маромига етказмоқда, стратегиясини янада яхшилашга интиляпти. Ташкилотда менинг ўринбосарим сифатида ЖЧ-1998нинг бронза медали соҳиби Бобан фаолият олиб боряпти.
У шунингдек, видеотакрорлар тизими амалиётга жорий этилишига ҳам масъул. Ван Бастен ҳам ФИФАдаги масъул лавозимлардан бирини эгаллаган. Яъни, у ташкилотнинг техник директоридир.
Яқинда ЖЧ-2018 ташкилотчиларининг мундиал ўтадиган шаҳарларда мухлисларга нима бера олишлари тўғрисидаги стендлари билан танишдим.
Гуруҳ босқичи қуръаси - бу асло чемпионат очилиши эмас, аммо унга ҳам жаҳоннинг турли мамлакатларидан кўплаб журналистлар ташриф буюришди.
Айнан шу нарса ФИФАнинг янги раҳбарияти футбол дунёсида ўзгартишлар қилишга тайёрлигини яна бир карра исботлайди. Танқидчиларнинг ФИФАга бўлган муносабатларини ўзгартириш пайти келди. Авваллари мутлақо бошқа соҳада ишлаганман ва у ерда ҳам инсон ҳуқуқлари улкан аҳамият касб этарди.
ФИФАнинг янги низоми учинчи моддасида ташкилот бу жиҳатга алоҳида тўхталган. Биз сайёрамизнинг футболга катта қизиқиш билдирмайдиган ҳудудларига миллионлар ўйинини олиб киряпмиз.
2017 йил бошида ФИФАда инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш иш бошлади. Октябрда эълон қилинган докладда ташкилот ушбу масалада тўғри йўлдан кетаётгани таъкидланди.
Ниҳоят, футболни ривожлантириш баробарида аҳоли турмуш тарзини спортнинг ушбу тури ёрдамида яхшилаш билан шуғулланаётган оммавий ташкилотларни рағбатлантириш мақсадида махсус мукофот таъсис этдик. ФИФА тобора ўзгача қиёфа касб этмоқда.
Ўйлашимча, жорий молиявий цикл охирида, янги йилда ҳамма футбол ривожига нечоғли катта сармоя киритилаётганини кўргач, танқидчиларнинг ҳам бу борадаги фикрлари ижобий томонга ўзгарса, ажабмас.
Шунингдек, ФИФА президенти эълон қилган стратегияни амалга татбиқ этиш ҳам менинг зиммамдаги асосий вазифалардан биридир. Чунки ташкилот раҳбари «ФИФАга футболни қайтариш»га ваъда берган. Менимча, бу борада биз тўғри йўлдан кетяпмиз.
«АФРИКА ТЕРМАЛАРИ ЖЧ-2018да ЎЗЛАРИНИ ЯХШИ ТОМОНДАН КЎРСАТИШАДИ»
— Сизнинг ватанингиз термаси бўлган Сенегал ўз тарихида илк бор ФИФА рейтингида 23-ўринга кўтарилди. Пеле ҳам 20-30 йил аввал вақтики келиб, мундиалда «қора қитъа» термаларидан бири ғолиб чиқишини айтганди.
Агар ушбу тахминлар ўзини оқласа, ФИФАдаги масъул вазифага та-йинланишингизнинг айни шу даврга тўғри келиши чиндан ҳам рамзий маъно касб этган бўларди-да...
— Африка қитъаси вакиллари мундиалда 5та кучли терма билан иштирок этишади. Сенегал 2002 йилги жаҳон чемпионатида дебютини нишонлаган ва чорак финалгача етиб борганди. Ўйлашимча, бу натижа улар учун энг сўнгги ижобий кўрсаткич бўлиб қолмайди.
— Терма етакчиларидан бири, Англиянинг «Ливерпуль» клубида порлаётган Садио Мане Сенегалнинг ўша мундиалдаги муваффақияти бутун қитъада футболга бўлган қизиқишни орттирганини таъкидлаганди.
Демак, Африка мамлакатлари ёшлари учун бу ўзига хос намуна бўлган?
— Шуни унутмаслик керакки, Африка вакиллари Европанинг энг яхши жамоаларида тўп суришади. Ўз-ўзидан миллий жамоа учун клубдагидан ҳам ёрқинроқ ўйин кўрсатишади.
Ишончим комилки, 2018 йилги мундиалда Африка термалари кутилганидан ҳам аъло натижаларга эришадилар.
- Ўзингиз бирор марта футбол ёки футзал ўйнашни хоҳламаганмисиз?
- Ёшлик пайтлари ўйнаганман, аммо ҳозир ёшим ўтиб қолган ва тўп суриш тўғри келмаса керак. Шунга қарамай, ҳамиша ёш ўйинчилар, жумладан, қизимни ҳам бу борада тўлиқ қўллаб-қувватлайман.
У 14 ёшда, футболни жуда яхши кўради, ўзи ҳам ўйнайди. Унинг режаларини амалга оширишда ҳамиша ёрдам беришга тайёрман.
«РОССИЯ МУХЛИСЛАРНИ ҚУЧОҚ ОЧИБ КУТИБ ОЛАДИ»
— Россия сайёрамиздаги энг катта футбол мусобақасини ўтказишга ҳозирланяпти. Сизнингча, мундиал мезбонларининг мазкур мусобақадаги муваффақияти қанчалик муҳим ва сиз улардан нималар кутяпсиз?
— 2017 йил ёзидаги Конфедерациялар кубоги Россиядаги мундиал қай даражада ўтишини кўрсатди. Айниқса, маҳаллий ҳокимият вакилларининг мазкур мусобақани ташкиллаштиришдаги ўта куюнчакликлари мени ҳайратда қолдирди. Самимий қабулдан эса бошим осмонга етди.
— Турнир давомида сизни ўта ҳайрон қолдирган нарса нима бўлди?
— Россияга илк бор 2016 йил июлида ташриф буюргандим. Албатта, Африка қитъасининг барча вакиллари каби менга бўлган ўзгача муносабатни кутдим, аммо шу билан бирга, атрофдагиларнинг ўзим туғилган қитъа ва ундаги одамлар тўғрисидаги фикрларини бойитишга ҳаракат қилдим.
Ўшандан бери Россияда яна камида 20 марта бўлдим ва бирор марта ҳам ирқчилик муносабатларига дуч келмадим. ФИФА фаолияти ҳақида сўзлаб бериш учун қаерга бормайин, ҳамма жойда илиқ муносабат гувоҳига айландим.
Конфедерациялар кубоги мусобақаси доирасида Қозонда ўтган тадбирларда ҳам турли дин вакиллари жуда яхши кутиб олинди. Мазкур мусобақа финали ўтган Санкт-Петербург хотиралари эса бир умр ёдимда қолади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб таъкидлайманки, Россия тўғрисида ёзилаётган салбий фикрлар реалликка зид. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун 2018 йили ушбу мамлакатга ташриф буюриш керак.
- Барча футбол ишқибозларига мурожаат этиш имкони туғилса, уларга нима дердингиз?
- Жаҳон чемпионатига келинг. Жуда ажойиб ва қизиқ бўлади. Турнирга мезбонлик қиладиган шаҳарларда хавфсизлик кафолатланади, бу борада барча чоралар кўрилган. Катта маданий хилма-хилликка эга мамлакат билан танишасиз.
Россияга жаҳоннинг 32та энг кучли термалари ташриф буюришади ва бир ой давомида бутун сайёранинг диққат-эътибори айнан мундиалга қаратилади.
Шундай экан, жаҳоннинг турли нуқталаридан келган ишқибозларни илиқ қарши оладиган мамлакатни кашф этиш имкониятини қўлдан чиқарманг.
И.ОБИДОВ тайёрлади