Дунёнинг энг яхши ҳаками, ФИФА рефериси Равшан Эрматов “Спорт” телеканалига берган интервьюсида Ўзбекистонда ҳакамларнинг савиясини ошириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Бугунги кунда Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан юртимизда ҳакамликни ривожлантириш, ҳакамларимиз савиясини ошириш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Янги мавсум олдидан ўтган давр мобайнида ҳакамлик борасида йўл қўйилган хато ва камчиликлар таҳлил қилиниб, эндиликда бу хато ва камчиликларнинг олдини олиш борасида аниқ вазифалар белгиланди. Ушбу вазифаларни ўз вақтида сифатли тарзда бажариш учун биз ҳакамлар масъулиятни ҳис қилган ҳолда, қўлимиздан келган барча ҳаракатларни амалга оширамиз.
Шунингдек Ўзбекистон футбол федерация президенти Умид Аҳмаджонов томонидан янги мавсумда барча ҳакамлар бир хил форма ва экипировкада бўлишлари, ҳар бир ҳакамлар бригадасида ўйин давомида фойдаланиш учун алоқа воситаси - “Communication system” бўлиши, майдонда жарималар белгиланганда 9.15 метрни назорат қилиш спрейлари ва ҳар бир инспекторга ноутбуклар харид қилиниб, ҳакамлик ва инспекторликни жаҳон стандартлари асосида амалга оширилиши тўғрисида кўрсатма берилди. Албатта бу чора-тадбирлар ҳам миллий чемпионатимизда ҳакамлик сифатини ошишига хизмат қилиши аниқ.
Ёдингизда бўлса, ўтган мавсум ўйинларида баҳсли ҳолатлар юзага келса, бош ҳакам ёрдамчиси билан муҳокама ўтказиши учун 4-5 дақиқа вақт сарфланган. Бу эса ўйин темпининг тушишига, унинг томошабоплиги йўқолишига олиб келади. Агар коммуникация алоқаси бўлса, баҳсли ҳолатларда ҳакамларнинг муҳокамасига 30-40 сония етарли бўлади.
Спрей ҳақида. Кўп ҳолларда ҳакам “жонли девор” қаерда туришини белгилаб берганидан кейин, “жонли девор”да турган футболчилар ҳакамга билдирмай бир-икки метрга сурилиб олишарди. Кейин эса жаримадан йўлланган зарбалар “жонли девор”га тегиб қайтган вазиятларни кўп кўрганмиз. Ҳакам назорат спрейига эга бўлса, бу каби ҳолатларнинг ҳам олди олинади. Жарималардан киритиладиган голлар кўпаяди ва бу албатта мухлисларга манзур бўлади.
Шунингдек, ҳакамлар бир хил экипировкага эга бўлиши ҳам жуда чиройли ҳолат. Улар ЎФФнинг вакили сифатида учрашувларга ташриф буюришади. Бу ҳолат албатта, ЎФФ имиджининг ошишига ижобий таъсир кўрсатади.
Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан йўлга қўйилган яна бир муҳим янгиликни қайд этиб ўтиш зарур. Янги мавсум олдидан миллий чемпионатимизда фаолият юритадиган ҳакамлар худди клублар сингари хориж йиғинини ўтказишади. Улар хорижда назорат учрашувларини бошқариб, мавсум бошланишидан олдин тажрибаларини ошириб олиш имкониятига эга бўлишади. Бундай йиғинлар ҳакамларимиз савияси ўсишига катта ёрдам бериши аниқ.
Келаси мавсумдан бошлаб формати ўзгарган Суперлига анча шиддатли курашларга бой тарзда ўтиши кутилмоқда. Шу сабабли ҳакамларимиз бу ўйинларга жисмоний жиҳатдан тайёр бўлишлари керак. Ҳакамларнинг жисмоний ҳолатини мунтазам назорат қилиб бориш мақсадида Ўзбекистон футбол федерацияси йил мобайнида ҳакамларни жисмоний ҳолатини назорат қилиб боришни йўлга қўймоқда. Ҳакамларнинг ўз устиларида ишлашлари уларда профессионал хусусиятлар шаклланишига ёрдам беради.
Нормативлар бўйича
Футбол мухлислари пулини, вақтини ажратиб, 90 дақиқа тезкор томошабоп ўйин кўриш учун стадионга келишади. Баъзи ўйинларда баъзи футболчилар охирги 10-15 дақиқада жисмоний жиҳатдан толиқиб, майдонда пиёда юриб футбол ўйнашяпти. Тез чарчаб қолишяпти. Бу ҳолат нафақат миллий чемпионатимиз томошабоплигини камайтиради, балки терма жамоаларимизнинг халқаро майдондаги ўйинларига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Ана шу мақсадда Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан Суперлигада иштирок этувчи клублар футболчиларидан нормативлар қабул қилиш йўлга қўйилди. Бундай нормативларнинг жорий қилиниши баъзи ўзини устида ишлашни, ўзини қийнашни хоҳламайдиган футболчиларга ёқмаслиги мумкин. Лекин бу нарса ўзбек футболи ривожи учун албатта ўз самарасини беради. Терма жамоаларимиз жисмоний жиҳатдан кучли бўлса, Осиё грандлари ҳисобланган Австралия, Япония, Жанубий Корея, Эрон каби терма жамоалар билан тенгма-тенг курашиб, халқимизнинг азалий орзуси бўлган Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишига туртки бўлади”, - дейди Равшан Эрматов.