Сўнгги пайтларда футбол жамоатчилигининг асосий эътибори Перуга қаратилди.
Тўғри, Швейцария, Шимолий Ирландия, Италия, Швеция, Хорватия, Греция, Австралия ва Янги Зеландия ҳам ўзига яраша фидойи, садоқатли мухлисларга эга.
Аммо ҳаттоки, Гондурас ҳам мағрур Кордильера чўққилари бағрига сингиб кетган кўҳна инклар авлодининг ўзига хос табиати, қадимий урф-одатларига тан беради.
Ҳозирда Перунинг ёшу-қариси телба футбол фанатига айланган. Айниқса, Янги Зеландия билан бўлган тўқнаш баҳслар даврида.
Терма жамоа аъзолари ҳал қилувчи беллашувга пухта ҳозирлик кўришлари учун Перуда ички чемпионат маълум муддатга тўхтатилди. Шу боис 11 соатлик парвоздан кейин Оклендда майдонга тушган футболчиларда ҳорғинлик аломатлари кузатилмади.
Албатта, мезбонлар ҳам перулик футболчиларнинг кўнглига ғулғула солиш мақсадида бор «ҳунар»ларини кўрасатишди. Бироқ бу уринишлар меҳмонларга заррача таъсир кўрсатмади.
Фарфан ўз жамоадошлари билан дадил олға интилиб, рейдлар уюштирди, савлатли рақибларидан баландроқ сакрашга уринди. Тўп меҳмонлар ярим майдонига ўтганида эса Перу худди ўз майдонида тўп сураётгандек туюлди - иккита улкан секторни тўлдириб ўтирган қизил-оқ либосдаги мухлислар жамоани қўллаб-қувватлаб туришди.
Шу зайлда кечган ўйинда рақиб дарвозасини забт этиш на меҳмонлар ва на мезбонларга насиб этди - Янги Зеландия - Перу - 0:0. Оқибатда Россия мундиалининг сўнгги йўлланмаси тақдири Лимада аниқланадиган бўлди.
ЖОДУГАР ШОМОНЛАР КЎМАКЛАШИШДИ
Перуда футболга ошиқ бўлмаган киши қолмади. Охирги ойнинг ўзида терма жамоа футболкалари 3 млн.дан ортиқ нусхада савдо шахобчаларига етказиб берилди. Талаб эса пасайгани йўқ.
Термага тегишли қандайдир буюмни харид қилиш учун мухлислар узоқ вақт навбатда турадилар. Уларнинг аксарияти Перу охирги марта ЖЧда қатнашган пайт, яъни 1982 йили ҳали дунёга келмаган эдилар. Хуллас, қизиқишнинг бу қадар кучли бўлиши сабабини тушуниш қийин эмас.
Айтишларича, терма жамоанинг охирги тўсиқдан муваффақиятли ўтишида маҳаллий шомонлар яқиндан ёрдам берганлар. Улар Янги Зеландиядаги дастлабки беллашувда ҳам рақиб ўйинчиларини сеҳрлаш учун бор имкониятларини ишга солишганди.
Бундай ҳаракатлар саралаш босқичи арафасида ҳам амалга оширилганди.
ПРЕЗИДЕНТ РАҚСГА ТУШДИ
Ҳатто мамлакат раҳбари футбол фанатларининг терма жамоани қўллаб-қувватлаш йўлидаги оммавий ҳаракатларидан четда қолмади: Перу президенти Педро Пабло Кучински саройда ташкил этилган тадбирда бош вазир Мерседес Араос билан рақсга тушди.
Ҳарбий оркестр ва иштирокчилар «Перу чемпион!» ҳайқириғи билан жўр бўлиб туришди. Қўшимчасига, саралашнинг ҳал қилувчи баҳсларида жамоани қўллаш учун давлат тасарруфидаги муассасалар хизматчиларга ишдан вақтлироқ кетиш имкониятини берди. Боиси, Колумбия билан бўлган учрашувнинг аҳамияти жуда катта эди.
ЧИЛИ ЧЕТДА ҚОЛДИ