23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида гуруҳимизда 2 турдан кейин пайдо бўлиб қолган вазият кўпчиликни чалкаштиргани табиий. Гуруҳ ўйинлари натижасига кўра, плей-офф йўлланмаси соҳиби ҳатто сариқ ва қизил карточкалар сонига қараб ҳам аниқланиши мумкин.
Бундай ҳолат агар, Хитой Қатарни, биз эса, Уммонни бир хил - 1:0 ҳисобида ютсак, содир бўлади. Гуруҳдаги уч жамоа бир хил - 6 очкога эга бўлади ва гуруҳ ғолибларини аниқлаш учун, аввало, мана шу уч жамоа ўртасидаги ўзаро ўйинлар натижасига қаралади. Ўз-ўзидан Уммон билан натижалар айрилиб ташалганда, қўйидаги ҳолат юзага келади.
Хитой 2 1 0 1 1-1 3
Ўзбекистон 2 1 0 1 1-1 3
Қатар 2 1 0 1 1-1 3
Демак, ўзаро ўйинлар натижаси ёрдамида кучлиларни аниқлашнинг имкони бўлмади. У ҳолда регламентга кўра, гуруҳдаги барча ўйинлардаги тўплар нисбати инобатга олинади. Уммонни 3-0 ҳисобида ютган Хитой гуруҳдаги биринчи ўринни эгаллайди.
Ўзбекистон ва Қатарда эса, у таққосдан кейин ҳам тенг кўрсаткичга эга бўлиб қолаверадилар.
Мана шу ерда, кўпчиликнинг чалғитувчи бир жиҳат бор. Баъзилар, Қатар ўзаро ўйинда Ўзбекистонни енгганини инобатга олиб, бу ҳолатда 2-ўрин арабларга тегишини тахмин қилиши мумкин. Лекин ундай эмас.
Очколар тенг бўлиб қолганда, регламент бўйича қўйидаги бандлар навбати билан ишлайди:
Икки ва ундан ортиқ жамоалар очкоси тенг бўлиб қолганда,
- жамоаларнинг ўзаро ўйинларида қўлга киритилган очколар
- ўзаро ўйинлардаги тўплар нисбати
- ўзаро ўйинларда киритилган голлар сони
- юқоридаги кўрсаткичлар бўйича ҳам яна баъзи жамоалар тенг бўлиб қолса, энди ўша тенгликни сақлаб қолган жамоалар ичида бошқатдан ўзаро солиштириш амалга оширилади.
Тенглик яна сақланиб қолинса,
- гуруҳдаги барча ўйинлардаги тўплар нисбати
- гуруҳдаги барча ўйинларда киритилган голлар сони
- агар тенглик сақланаётган жамоалар сўнгги турда бир майдонда бўлсалар, пенальтилар серияси
- қизил ва сариқ карточкалар
- қуръа
Ўзаро ўйинлар юқорида жадвали келтирилган паллада солиштирилди ва ўша банддан сўнг ҳам уч жамоа тенглигича қолган эди. Агар ўша солиштирувда, жамоалардан бири устун ёки паст бўлиб қолганида, қолган икки жамоани алоҳида яна ўзаро ўйинларда солиштириш мумкин бўларди.
(масалан, агар Хитой Қатарни 2:1 ютса ҳам уч жамоа тенг очко бўлиб қолади. Тўплар нисбати Хитой ва Қатарда 2:2, Ўзбекистонда 1:1 бўлади ва Ўзбекистоннинг учинчи ўринни олиши аниқ бўлади. Гуруҳ ғолибини аниқлаш учун эса, энди Қатар ва Хитой алоҳида ўзаро ўйини бўйича таққосланиб, Хитой гуруҳда биринчи бўлади)
Аммо бизнинг вазиятда гуруҳдаги умумий тўплар нисбати бандига ўтиб бўлинди ва энди орқадаги бандларга қайтилмайди. Гуруҳдаги умумий тўплар нисбати бўйича, Қатар ва Ўзбекистон яна тенг натижа қайд этмоқдалар. Кейинги бандда жамоаларнинг сариқ ва қизил карточкалари сонига қараб солиштирилади.
Ҳар бир сариқ карточка учун 1 балл, икки сариқ карточка натижасида олинган қизил карточкага 3 балл, сариқ карточкадан кейин олинган тўғридан тўғри қизил карточкага 4 баллдан ҳисобланиб, кичик балл қўлга киритган жамоа юқори ўринни эгаллайди.
Қатар ва Ўзбекистон якунда бир хил кўрсаткичларга эга бўлиб қолишини назарда тутсак, бу жамоалар қўлга киритган карточкаларга ҳам қараб қўйиш мумкин. Бу борада ҳам ҳозир тенглик - 3-3.
Агар бу кўрсаткичлар бўйича ҳам тенглик бўлиб қолса, қуръа ташланади.
Қаҳрамон Асланов