Бразилиялик Неймар «ПСЖ»да мухлислар муҳаббатини ҳис қилмаяпти. Дейлик, у Лига 1нинг 21-туридан ўрин олган «Дижон»га қарши учрашув (8:0)да 4та гол урди ва ҳақли равишда энг яхши футболчи сифатида эътироф этилди.
Шунга қарамай, фанатлар бразилияликка нисбатан ҳуштакбозлик қилишди. Оқибатда «покер» муаллифи ўйин тугаши ҳамоно кийиниш хонасига йўл олди, яъни ғалабани мухлислар билан баҳам кўришни истамади.
«ССФ» нашри айни шу воқеа тафсилотларига алоҳида қизиқиб кўрди.
Ҳуштакбозлик маъноси нима?
4та гол, 2та самарали узатма, дарвоза томон 11та зарба, чиройли финтлар ва финал ҳуштагидан кейинги ғазабли нигоҳ - булар Неймарнинг «Дижон»га қарши учрашувда кўрсатган кароматлари. Хуллас, ўйиннинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинган бразилиялик на матбуот вакиллари билан гаплашишни истади, на мухлислар қаршисига боришни.
Нега? Чунки Неймар ўйин охирида пенальти тепишга шайланганида, трибуналарда унга қаратилган нохуш ҳуштакбозлик бошланди. Аслида парижликлар Эдинсон Кавани ҳаракатлари ортидан пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритишганди, бироқ Неймар уругвайлик клубдошига ҳаттоки, назар ташламай, тўпни ўз қўлига олди.
Бу ҳолатда Каванининг ўзи сукут сақлади, аммо мухлислар қаттиқ ранжишди, чоғи. Улар аввалига баралла ҳайқиришди: «Кавани! Кавани!» Бироқ бундан натижа чиқмагач, бразилияликни ҳуштакбозлик билан «сийлашди». Неймарга нисбатан хунук муносабатнинг моҳияти нима?
Гап шундаки, Каванининг «ПСЖ» учун гол уриш бобида Златан Ибрагимович рекордини янгилашига бир қадам қолганди. Уругвайлик тўпурар шу ўйинда 156-голини нишонлаб, швед маэстроси билан тенглашиб олди.
Хуллас, Неймар пенальти тепиш ҳуқуқини бермай, уни зўр имкониятдан маҳрум қилди, бироқ ўзи гол уриб ҳам, айтарли қувонмади... Боз устига, ўйин тугагач, барча футболчилар мухлисларга миннатдорчилик билдириш учун трибуналарга яқинлашган пайт қимматбаҳо Неймар тўғри кийиниш хонасига равона бўлди.
«Неймар тўпни Каванига берса бўларди...»
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.