ПАОК клубининг россиялик хўжайини майдонга тўппонча билан тушиб, катта можаро ва муҳокамаларга сабабчи бўлди. Уни бундай кескин ҳаракатланишга ким ёки нима мажбур қилди?
Греция футболида рўй берган ноодатий воқеадан келиб чиқиб, Иван Саввиди шахсига кенгроқ тўхталишни лозим топдик.
Бунда бизга bombardir.ru сайти ижодкорлари томонидан тайёрланган мақола қўл келди.
Асосий маълумот
Бизнесмен, сиёсатчи, иқтисод фанлари номзоди. Иван Саввиди вақтида Дон тамаки фабрикасида оддий ходим бўлиб ишлаган. 1993 йилга келиб, «Дон тамакиси» компанияси бош директорига айланади. Яна 10 йилдан кейин давлат Думаси депутати сифатида сиёсий фаолиятини бошлайди.
2004 йили эса «Агроком гуруҳи»га асос солади. Ушбу бошқарув холдинги «Дон тамакиси» компаниясидан ташқари, Ростов халқаро аэропортини ҳам ўз ичига олганди.
Саввиди ва Ростов футболи
Бизнесмен янги асрнинг бошида «Ростов» президенти лавозимини эгаллайди ва клубга 3 йил давомида раҳбарлик қилади. Ростовликлар айнан унинг бошқарув даврида, аниқроғи, 2003 йилнинг ёзида Россия кубоги финалига чиқишган, аммо якуний ўйинда «Спартак»ка 0:1 ҳисобида ютқазишганди.
Саввиди «Ростов»дан кетгач, шаҳарнинг бош-қа бир клуби - СКАга ёрдам беради. Яъни президент ролида ишлаб, «армиячилар»ни Россия биринчи дивизионига олиб чиқади. Тўғри, унинг СКАдаги фаолияти ҳам узоққа чўзилмайди - 2006 йилнинг бошида бошқарувни қўлга олиб, мавсум-2008 якунида жамоадан кетади.
Дарвоқе, Саввиди айнан ўша вақт «Ростов» ва СКА клубларини бирлаштириш ғоясини илгари сурганди, бироқ унинг бу таклифи қўллаб-қувватланмайди.
Бердиев билан жанжал
Саввидининг ўзи можарога боғлиқ тахминларни инкор этган, бироқ чиндан ҳам, ғалати вазият юзага келганди. «Ростов» мавсум-2015|2016да Қурбон Бердиев қўл остида ажойиб ўйнаб, чемпионликка даъвогарлик қилди ва якунда ўз тарихида илк марта кумуш медаль соҳиби бўлди.
Бироқ жамоа келаси мавсум Европа Чемпионлар Лигасига бошқа мураббий - Дмитрий Кириченко бошқарувида киришди. Расмий қоғозларда эса Иван Данильянц бош мураббий сифатида кўрсатилди (у асосан интервью берар ва матбуот анжуманларида қатнашарди).
Мураббийлар штабида шунингдек, Бердиев ҳам бор эди. Лекин асли туркманистонлик мутахассис ўйинларни шунчаки, маслаҳатчи мақомида кузатиш билан чекланарди. Ўша вақт Саввидининг ҳам «Ростов»га алоқаси йўқ эмасди - унга тегишли «Агроком гуруҳи» клубнинг бош ҳомийсига айланганди.
2016 йилнинг августида таҳликали ҳолат юзага қалқиб чиқди. «У 2 йил мураббий ролида ишлади ва бу орада 20 марта норозилик жанжали кўтарди. Дейлик, «Мана бу талаб бажарилмаса, эртага машғулотга чиқмаймиз» қабилида шарт қўйиши оддий ҳол бўлиб қолганди», - деди Саввиди.
Мураббий эса бунга янада кескинроқ оҳангда жавоб берди: «Охирги ўзаро учрашувимиздан сўнг бу одамдан мутлақо «қўл ювганман». У мен учун ўлган...». Орадан бир неча ой ўтгач, ҳомийлик тўхтатилди ва Саввиди яна Бердиевни эслади: «Уни кўрганимга 100 йил бўлди ва яна 100 йил кўрмасликни истардим».
Дарвоқе, айни пайт «Ростов» сайтида берилган клуб ҳомийлари рўйхатида «Агроком гуруҳи» йўқ.
ПАОК
Саввиди 2012 йилнинг ёзида Грециянинг ПАОК клуби акциялари назорат пакетини сотиб олди. Салоники жамоаси россиялик функционерга чамаси 10 миллион еврога тушди. ПАОК ўз тарихида Греция чемпионатида атиги 2 марта зафар қучган, холос. Эътиборлиси, бошқарув Саввиди измига ўтгач, клуб азалий орзусига анча яқинлашди.
Тўғрироғи, миллий чемпионатни 3 марта 2-ўринда якунлади. Айтганча, бундан 2 йилча олдин ПАОК директорлар кенгаши аъзосига айланган таниқли собиқ ҳакам Любош Михель айни пайт клуб президенти лавозимида ишламоқда.
Энг муҳими, ПАОК мавсум-2013|2014да Европа Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига йўл олиши мумкин эди, бироқ Саввиди жамоасига бироз омад етишмади. Яъни юнонлар турнир саралашининг «плей-офф» босқичида «Шальке»дан устун келолмадилар - 1:1, 2:3.
Умуман, жамоа сўнгги йилларда ЕЛнинг доимий иштирокчиси сифатида гавдаланаётган бўлсада, 1|16 финалга атиги бир марта чиқди, холос. ПАОКнинг ўтган йили май ойида Греция миллий кубогини қўлга киритганини ҳам айтиш ўринли.
Янги можаро
Греция чемпионатидан ўрин олган ПАОК - АЕК ўйини давом этаётган паллада Иван Саввиди майдонга тушиб, бош ҳакам билан орани очиқ қилмоқчи бўлди. Унинг камарида тўппонча осиғлик тургани шундоқ кўриниб турди. Айтиш жоиз, мамлакат биринчилигининг охирги 13 мавсумидан 12тасида олтин медаль «Олимпиакос»га насиб этди.
Жорий мавсум эса чемпионлик «интрига»си ниҳоят, яна жонланди. Ҳозирда АЕК, ПАОК ва «Олимпиакос» клублари ғолиблик учун чинакамига кураш олиб бормоқда. Ҳаттоки, нисбатан камтарин «Атромитос»да ҳам турнир жадвалида 1-ўринга кўтарилиш имконияти йўқ эмас.
Февраль ойи охирида ПАОК айнан бош фаворит - «Олимпиакос»ни қабул қилди. Ўшанда муҳим 3 очко Пирей клуби ҳисобига ёзилди, бироқ натижага кўра эмас, балки Греция футбол федерацияси Интизом қўмитаси қарори билан.
Қисқаси, «Оли» бош мураббийи юзига касса аппарати рулони билан уришгани учун ўйин қолдирилди ва ПАОКка техник мағлубият, рақибга шундай ғалаба берилди. Яна бир марказий ўйин - ПАОК ва АЕК ўртасидаги тўқнашув эса вақтида ўтказилди ва деярли охирига етказилди ҳам.
«Деярли»... Гап шундаки, учрашувнинг охирги дақиқаларида мезбонлар гол уришди (бу вақтда ҳисоб очилмаганди - 0:0), аммо ҳакам «офсайд»ни қайд этиб, уни инобатга олмади. Натижада Саввиди ўзини тутиб туролмай, тансоқчилари билан бирга майдонга югуриб тушди. «Ҳаммаси шундоқ ёнимда рўй берди, - деди ўйиндан кейин АЕК мураббийи Маноло Хименес.
- Худди Клинт Иствуд фильмларидаги каби ҳолат: у ҳакамга ошкора таҳдид солиб, тамом бўлганини айтди». Бошқа бир манбада ёзилишича, Саввиди реферига «Ҳакамлик ишингни тугатдинг, тамом...», дея бақирган. Аслида ўша вазият жуда мураккаб эди. Дарҳақиқат, «офсайд» йўқ эмасди, аммо ҳакам буни пассив ўйиндан ташқари ҳолат сифатида баҳоласа ҳам бўларди.
«Иван Саввиди ҳеч кимга таҳдид қилмади. Ҳа, у майдонга тушиб, спорт регламентини бузди, аммо кимнидир дағдаға билан қўрқитмади, хусусан, қурол ўқталгани йўқ. Бу борада ёзилган барча хабарлар фактларга асло тўғри келмайди» - бизнесменнинг матбуот хизмати шу маънода баёнот берди.
Энди АЕК Саввиди хатти-ҳаракати юзасидан ФИФА ва УЕФАга шикоят ёзмоқчи. «ФИФА ушбу можародан хабардор ва ҳали барчасини тўлиқ ўрганиб чиқади», - деди BBC мухбири «Твиттер»даги саҳифаси орқали.
Греция матбуоти хабарларига кўра, маҳаллий полиция Саввидини қамоққа олиш учун ордер чиқарган. Зеро, мамлакатдаги қонунга биноан, футбол стадионларида қурол олиб юриш қатъиян ман этилган.
Лекин ҳисбга олиш ордери қурол кўтариб юриш эмас, балки майдонга бостириб кириш ва жанжал кўтаришга боғлиқ. Таъкидланишича, Саввидидан ташқари, яна 4 киши қамоққа олинади.
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.