Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Ўзгаришни истамайдиган Жозе Моуриньо

Баҳо:
+ | -

«Манчестер Юнайтед» айни дамда АПЛда иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Гарчи пешқадамдан анча ортда бораётган бўлса-да, назарий жиҳатдан чемпионлик пойгасидан чиқиб кетгани йўқ. Шунингдек, Англия Кубогидаги иштирокини давом эттирмоқда. Аслида, бу ҳолат Сер Алекс Фергюсон кетганидан кейин кузатилган инқирозли ҳолатдан яхши. Бироқ бу Моуриньога отилаётган танқид тошларини камайтиргани йўқ. Хўш, мухлислар ва мутахассислар нега Жозени тинимсиз танқид қилишяпти? Қуйида шу саволга жавоб излаб кўрамиз.

ҚАЙСАРЛИКМИ ЁКИ ЎЗБИЛАРМОНЛИК?

Жозе Моуриньо ҳамон ўз фикрлари энг яхши эканини таъкидлашдан чарчамаяпти. У «Порту» ва «Челси»да ишлаган давридагина гапирганидан кўпроқ ишларни амалга оширган. Кейинчалик эса португалиялик мутахассиснинг қотиб қолган тактикаси замонавий футболнинг янгича тактикалари қурбони бўлди.

«Интер»да Моуриньо ажойиб икки мавсум ўтказди, бу йиллар унинг фаолиятида бурилиш даври бўлди. Мураббий бу даврда ҳимоявий футболнинг даҳосига айланди, айни шу даврда ҳозир кўпчилик «Моуриньонинг автобуси» дея баҳо берадиган тактика тўлиқ шаклланди. Қизиғи, Моуриньонинг ўзи ҳам буни тан олган: «Мен футболчиларга ҳужумкорликни ўргатмайман, буни ўзлари ўрганиб олишади, мен фақат мустаҳкам ҳимояланиш ҳақида гапираман».

Вақт ўтиб борарди, бироқ Моуриньо буни тан олишни истамасди. У «Реал» ва «Челси»ни (Лондон клубини иккинчи марта) бошқарганида футбол аввалгидан ўзгарганди. Рақиблар португалиялик мутахассиснинг тактикасини ўрганиб олишган ва унга қарши қандай ўйнашни ҳам билишади. Жозе бир жойда имиллаб юрган динозаврни эсга солади, у футболнинг ҳеч қандай янгича кўринишини тан олмайди, футболнинг ўзгарганини тан олишни истамайди. «Манчестер Юнайтед»да ҳимоявий тактика танлаш осон. Чунки ҳимоячилар кўп. Аммо Моуриньо жамоани рақибга қарши тактика жиҳатдан тайёрлаш керак эканини ўйлаб кўрмайди. Унда бундай фикр йўқ. Масалан, «Манчестер Юнайтед» Европа Чемпионлар лигаси нимчорак финалида «Севилья»га мағлуб бўлди. Хўш, бу Моуриньога сабоқ бўлдими? Йўқ. Португалиялик мутахассис ниманидир ўргандими? Йўқ. Хўп, майли, ҳимоявий ўйнади ҳам дейлик, аммо 2010 йилдаги каби тезкор қарши ҳужум ва хавфли стандартларни юзага келтира оладими? Ҳозирги қарашлари билан Жозе буни уддалай олмайди. Футболда ҳамма нарса ўзгариб бўлди, фақат Моуриньодан ташқари.

ЖАМОАДАГИ НОСОҒЛОМ МУҲИТ

Айни дамда жамоадаги муҳит унчалик яхши эмас. Ҳаммаси Жозе Моуриньонинг шахсиятига бориб тақалади. Португалиялдик мутахассис доим биринчи рақамли шахс бўлишга интилади ва буни кўрсатиш учун ҳатто тушунарсиз, кутилмаган қарорлар қабул қилишдан ҳам тоймайди. Бу эса клубдаги етакчи футболчилар билан можаро чиқиб келишига сабаб бўлади. Бундай вазиятларда муросага боришга ўрганмаган Моуриньо етакчи футболчиларни ҳам захирага михлаб қўяди ва ҳатто кейинчалик ўйинлардан четлатиб ҳам юборади. Бундай пайтда унинг қўлга киритган ютуқлари ҳам кўзга кўринмай қолади, салбий характери ютуқларини ювиб кетади. Моуриньо айнан шу туфайли олдин «Реал»дан, кейин эса «Челси»дан қувилди.

Жуда кўплаб иқтидорли футболчилар Моуриньонинг эътиборидан четда қолган. Бунинг сабаби битта — шунчаки Жозе эътибор беришни истамаган, холос. Ҳар қандай мухлис Кевин де Брюйне, Муҳаммад Салоҳ ва Ромелу Лукаку каби футболчиларнинг келажаги порлоқ эканини биларди. Буни Моуриньо ҳам англаб етганди, аммо у газеталарда ўзи ҳақида янги мақола ва фикрлар чоп этилиши, диққат марказда бўлиш учун кутилмаган қарорлар қабул қилишни яхши кўради. Юқоридаги футболчилар эса ана шундай қарорлар туфайли «Челси»ни тарк этишган. Ёки Касильяснинг «Реал»дан кетишини олайлик. Икернинг кўз ёшлари ҳамон ёдимизда. Моуриньога Касильяснинг «Реал»даги катта ҳурматга эга бўлган футболчилардан эканлиги ёқмаган ва уни жамоадан кеткизганди. Жозе Мадридда пиар қилишни уддалади, аммо мураббийлик ишини якунига етказа олмади.

Қизиғи, португалиялик мутахассис «Челси»дан Хуан Мата ва Ромелу Лукакуни кеткизганди. Энди эса улар «Манчестер Юнайтед»да айнан Моуриньо қўл остида асосий таркибда ўйнашяпти. Жозе Лукакуни «Эвертон»дан яхшигина маблағ эвазига харид қилди. Бу икки футболчи ажойиб ўйин кўрсатяпти. Энг муҳими, айни дамда ҳеч ким Жозе Моуриньонинг қандай қарорга келишини олдиндан била олмайди. «Манчестер Юнайтед» мухлислари Жозенинг ноодатий қарорини кутиб, портлаб кетишга тайёр турган порохли бочкага ўхшашади.

ШАХСИЙ МУНОСАБАТЛАР — КЛУБ МАНФААТИДАН УСТУН!

Жозе Моуриньонинг яна бир энг катта хатоси — шахсий муносабатларни клуб манфаатларидан устун қўйиши. Масалан, Погба, Марсьяль, Эррера, Блинд, Рэшфорд, Мата — булар кўпинча захирада ҳам қолиб кетишади. Моуриньо эса ўзидан норози бўлган, ўзи келишмай қолган футболчини захирада қолдиради, унинг жамоа ўйинидаги аҳамияти қандай, ўйинга фойда келтира оладими, ўйинни кучайтириш мумкинми — бу саволлар португалиялик мураббийни заррача қизиқтирмайди. Футболчилар билан эса дўст каби эмас, етакчи, айтганини қилдириши керак бўлган инсон каби муомала қилади. Натижада футболчиларда асабийлик келиб чиқади. Бу асабийлик эса табиийки, футболчиларнинг сифатли футбол кўрсатишига халал беради.

ИБРАГИМОВИЧ — МОУРИНЬОНИНГ КАТТА ХАТОСИ!

Ташқаридан олиб қараганда, швециялик машҳур ҳужумчининг «Манчестер Юнайтед»га олиб келиниши жуда яхшидек кўринади. Жароҳат олган Златан Ибрагимович билан тузилган шартнома «Манчестер Юнайтед» учун чиройли ҳолат бўлди. Бироқ бу ўз навбатида Моуриньонинг трансфер оламидаги хатоларидан бирига айланди. Чунки Ибрагимович кейинчалик ҳам кўп вақтини жароҳат билан ўтказди ва жамоага айтарли фойда келтиргани йўқ. Чунки, тан олиш керак, бугунги футболда катта ютуқларга эришиш учун Златан каби футболчилар ёрдам бера олмайди.

Яна бир хато, Алексис Санчес билан боғлиқ. Тўғри, Санчес тажрибали футболчи ва «Манчестер Юнайтед» яхши футболчига эга бўлди. Бироқ чилилик ҳужумчининг маоши ҳаддан ташқари юқори эди. Чунки футболни тушунган одам яхши билади — Санчеснинг даражаси Мессиникидек эмас ва маош ҳам шунга яраша бўлиши лозим.

 

Манба: stadion.uz
Киритилди: 15:28, 30.03.2018.
Ўқилди: 4938 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.