Хосеп Гвардиола бошчилигидаги "Манчестер Сити" клуби муддатидан 6 тур аввал Англия чемпионлигини қўлга киритиши мумкин эди. Улар бунга жуда яқин туришганди...
Моуриньо бошчилигидаги "МЮ" дастлабки 25 дақиқа давомида ҳимояда ишончли ҳимояланишди. Айнан шу дақиқада бурчакдан етказиб берилган узатмани Венсан Компани бош билан де Хеа қўриқлаётган дарвозага жойлаб қўйди. Орадан 5 дақиқа ўтиб мезбонларнинг яна бир комбинацияси самарали якунланди. Де Хеа тўпни ўйинга киритишда муваффақиятсиз ҳаракат қилди. Стерлинг икки ҳимоячи орасида тўпни ўтказиб Гюндоганга етказди. Илкай қолган футболчиларни чалғитиб, дарвоза томон аниқ зарба берди. 2:0.
Танаффусга қадар ҳисоб йирик кўринишга келиши мумкин эди. Аммо Раҳим Стерлинг икки марта бирга-бир вазиятдан фойдалана олмади. Ҳар сафар унинг зарбаларидан кейин тўп тўсин устидан ўтиб кетди. Кейинчалик маълум бўлдики, мана шу вазиятлардаги голлар "Сити"га қанчалар зарур эди.
Гўёки ҳаммаси ҳал бўлганди, яна 45 дақиқадан сўнг "Сити" чемпионликни нишонлаши керак эди. Аммо улар ғалабага муддатидан аввал ишониб юборишди шекилли, иккинчи бўлим бошида ҳаммаси ўзгариб кетди. Поль Погба икки дақиқа ичида 2та гол уриб, тезда мувозанатни тиклаб қўйди. Дастлаб Санчес чап қанотдан икки футболчидан ўтиб кетди, жарима майдончасига узатма берди. Матич кўкраги билан тўпни Погбанинг йўлига ташлаб берди. Пол бирга-бир вазиятда дарвозани ишғол қилди. Кейинги ҳужумда ҳам асосий ишни чилилик футболчи бажариб берди. Санчеснинг суперпасидан кейин франциялик футболчи бош билан дарвозани ишғол этди!
Ушбу голлар "Ман. Сити"ни анча довдиратиб қўйди. Улар ўзига келмасидан аввал "МЮ" яна бир марта рақиб дарвозасини ишғол этди. Алексис Санчес жарима тўпини ўйинга киритди ва Крис Смоллинг яқин масофадан тўпни дарвозага жойлаб қўйди.
Сўнгги дақиқаларда "шаҳарликлар" ҳисобни тенглаштиришлари мумкин эди. Бурчак тўпи ўйинга киритилган паллада Агуэро зарба берди. Дарвозага кираётган тўп йўналишини Стерлинг ўзгартиришга қарор қилди ва тўп устунга тегиб қайтди.
Шу тариқа, "Манчестер Юнайтед" ҳамшаҳарларининг чемпионлик қувончини камида навбатдаги турга қолдиришга муваффақ бўлишди. Гвардиола жамоаси эса кетма-кет иккинчи ўйинда ютқазмоқда, кетма-кет иккинчи ўйинда 3та гол ўтказмоқда.
АПЛ, 33-тур
Манчестер Сити – Манчестер Юнайтед 2:3 (2:0, 0:3)
Голлар: 1:0 – 25 Компани, 2:0 – 30 Гюндоган, 2:1 – 53 Погба, 2:2 – 55 Погба, 2:3 – 69 Смоллинг.
Манчестер Сити – Эдерсон, Отаменди, Компани, Данило, Стерлинг, Гюндоган (Агуэро, 76), Бернарду Силва (Габриэл Жезус, 72), Сильва (де Брюйне, 72), Сане, Фернандиньо, Делф.
Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Байи, Смоллинг, Валенсия, Янг, Погба, Матич, Лингард (Мактомини, 85), Эррера (Линделеф, 90), Санчес (Рэшфорд, 82), Лукаку.
Огоҳлантиришлар: Эррера (37), Лукаку (45), Стерлинг (63), Фернандиньо (79), Агуэро (79), Погба (81), Данило (90), Компани (90), Габриэл Жезус (90).