Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ишонч (қисса, 10-қисм)

Баҳо:
+ | -

Хайриддин ака бизни мусобақа бошлангунча бошқа машқ қилдирмадилар. Мусобақадан бир кун аввал деярли ухламадим. Эртаси куни ҳаммамиз мактаб ҳовлисида йиғилдик. Устозимиз айтганларидек, бўйнимизда сафар анжомлари билан лиқ тўла рюкзаклар. Фақат Тите катта оқ сумкаларга нарсаларини солиб келибди. Ҳамма синфдошларим шу ерда. Биргина Ҳамиз келмади. Устозимиз тинмай соатига қарар, нима қилишини билмай турарди. Ҳамиздан эса дарак йўқ. Биз эса нуқул бетоқат бўлар эдик. Мирсодиқ ўзича ғудраниб:

— Ҳамиз келмайди, кутиб вақт йўқотяпмиз, — дея ҳаммани баттар асабини эговлар, Ғани эса рюкзакини устига ўтириб олиб йўлга тикиларди.

Автобус ҳайдовчиси машинани ўт олдирганда, узоқдан қора иномарка кўринди. Машина биз томонга учиб келдида, кескин тўхтади. Орқа эшикдан Ҳамиз рюкзакни елкасига ташлаб тушдида, югуриб кела бошлади. Шу пайт разм солиб қарасам, ҳамманинг кўзида хурсандчилик учқунлари кўринди. Фақатгина Фарҳод бундан мустаснодек, юзини четга бурди. Ҳаммамиз бир пастда автобусга жойлашдик. Юрагимиз ҳаяжондан сакраб кетаётгандек эди гўё. Бир-биримизга гап бермай, чуғурлашиб кетардик. Олдимда ўтирган Мирсодиқ билан Аброр нуқул синфдошларимизнинг қилиқларини кўрсатиб бериб, ҳаммани кулдириб кетар, хатто Фарҳод ҳам қотиб-қотиб куларди... Биз ўйин-кулгу билан манзилимизга етиб келдик.

Бизнинг мусобақа аввалига кичик саралаш баҳсларидан бошланар экан. Биринчи ўйинда енгган жамоагина асосий мусобақаа қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритар, биринчи ўйинда енгилганлар уйига қайтиб кетаркан. Буни бизга устозимиз йўл бўйи тушунтириб келдилар. Ҳамаммиз сезиб турибмиз, турнирда қатнашиш учун биринчи ўйинда нима қилиб бўлса ҳам ғалаба қозонишимиз лозим.

Мен Тошкентда яшасам ҳам шаҳарни уқадар яхши билмас эдим. Ҳамиз бу ерларни беш қўлдай биларкан. У йўл-йўлакай қаерда қандай жойлар борлигини ҳаммага бирма-бир тушунтириб кетарди. Фақат устозимиз ҳеч ким билан гапалшмас, нимадандир жуда ҳам безовта эди. У гоҳ-гоҳ суҳбатга қўшилар, сўнг бир зумда яна жимиб қоларди. Сезяпман, улар жуда ҳам ҳаяжонланаяптилар, лекин сездирмасликка уриняптилар. Автобусимиз шаҳар кўчаларидан сузиб борар экан, синфдошларим «қаерга келдик?» — деб Ҳамиздан сўрашган эди, у жавоб берди. Айтишича, Юнусобод туманидаги Ўзбекистон Спорт маркази биноси қошидаги кичик сунъий майдончалар томонга кетаётган эканмиз. Ҳа, у тўғри айтган экан. Бир фурсат ўтгач, маҳобатли иншоот олдидан чиқдик. Майдончалар олдида тумонат одам, бизни эса устимизни қандайдир юк босиб келарди. Ҳамма бизга ўзгача қараб қўяётгандай бўлар, ҳаммамиз ўнғайсизланардик. Устозимиз бизни бир жойга йиғдиларда, турнир мутасаддилари йиғилиб турган томонга кетдилар. Биз таҳминан ярим соатча кутиб ўтирдик. Жамоаларнинг мураббийлари ўзаро қуръа ташлашди. Устозимиз хавотир аралаш олдимизга келдиларда:

— Қани бу ерга, — дея майдон ортига ўтдилар. Ҳаяжон билан қуръада Чирчиқ шаҳридан келган жамоа билан тушганимизни айтдилар. Тўғриси, ҳамммамиздан ҳам улар кўроқ ҳаяжонланар эдилар. Биз эса ўйинни тезроқ бошлаш иштиёқида ёнар эдик...

Ўйинимизгача бир соат вақт бор экан. Биз кийимларимизни алмаштириб, енгил чигал ёзди машғулотларни бошлаб юбордик. Ўз анъанамизга содиқ қолган ҳолда жамоавий югуришдан бошладик. Ўйинимиз бошланишга йигирма дақиқа қолганда Ҳайриддин ака ҳаммамизни кийиниш хонасига олиб кириб кетдилар. Ҳаяжондан устозимизнинг юзлари одатдагидан қизариб турар, лекин дадил сўзлардилар. Устозимиз барчани ўзига қарашини илтимос қилдилар. Улар 2-3 сония гапни нимадан бошлашни билмай турдиларда, сўнг:

— Бизнинг олти ойдан ошиқ қилган меҳнатимиз айнан мана шу ўйинга боғлиқ, агар ҳозир шу ерда ютқазсак, уйга кетишимизга тўғри келади. Сизларга шу кунгача кўп буйруқ бердим. Лекин бугун илтимос қилмоқчиман. Илтимос, йигитлар, бугун ичинглардаги ҳаяжонни, қўрқувни шу ерда қолдириб майдонга чиқинглар, у ерда худди машғулотда ҳаракат қилгандай эркин, ҳеч нарсани ўйламасдан футболдан роҳат олинглар. Худди маҳалладаги дўстларингиз билан ўйнаётгандай эркин бўлинглар, энг муҳими бир-бирингизни хафа қилдириб қўйманглар.

Устозимизнинг гапларини ҳаммамиз вужудимиз қулоққа айланиб эшитдик. Сўнг устозимиз бугун ким асосий таркибда майдонга тушишини айтдилар. Ҳар доимгидай мен у ерда йўқ эдим. Тўғриси, ичимда кучли ҳаяжон борлиги учун бунга ортиқча эътибор бермадим. Устозимиз ечиниш хонасидаги доскага бўр билан тактикамиз схемасини чиздилар, кимни қаерда ўйнашини бирма-бир таъкидлаб ўтдилар. Дарвозада Иброҳим. Ҳимояда Ғани терак, самбочи Ғулом ва камгап Ихтиёр. Қанотларда Мирсодиқ ва Тимур, Марказда эса Фарҳод. Мен ва Ҳамиз захирада қолдик.

Ташқаридан кимдир устозимини чақиргани эшитилиб қолди. Хайриддин ака «Қани энди, олға! Яратган эгам омадимизни берсин», — дея қисқа дуо қилиб ҳам қўйдилар. Биз устозимиз совға қилган «Манчестер Юнайтед» формасида майдонга чиқиб келдик. Рақибларимиз эса сап-сариқ либосда экан. Улар менинг кўзимга биздан баландроқдек, биздан жуссалироқдек кўринди. Кўринишидан ҳеч ҳам бизнинг тенгқурларимизга ўхшамас эдилар.

Ҳакам ҳар доимгидек сардорларни ўз ёнига чақирдида, танга ташлади. Тўп бу сафар бизга тушди. Жамоамиз тўпни майдон марказидан бошлади. Биз шунча пайт орзиқиб кутган мусобақамизнинг шундоққина дарвозаси тагида турардик. Уни очиш ёки оча олмай қайтиб кетиш ўз қўлимизда эди. Шу пайт атрофга разм солиб қарасам, сунъий майдон атрофини тумонат одам ўраб олибди. Катта-кичик ўйинни томоша қилиб туришибди. Бизнинг йигитлар ҳар доимгидек ўйин назоратини рақибга топшириб, ошиқча куч ишлатмасдан ҳимояланишарди. Ўша устозимизнинг «динамит» тактикаси. Рақиб мураббий семиз рус амаки экан, учрашув бошланиши билан русчалаб сўкинишга тушиб кетди. Хайриддин ака эса ўта босиқлик билан майдон четида ўйинни у ердан бу ерга юриб кузатар, бир жойда ўтира олмас эди.

Рақибларимиз нуқул қўпол ўйнашга уринишар, иложи борича қалтисроқ ҳаракат қилишарди. Ҳатто майдон марказида тўп учун курашда Титени иккитаси туртиб қулатиб кетишгани етмагандай, очиқчасига ётган жойида алланималар дея сўкиниб кетишди. Учрашувнинг бунақа бошланишига йигитлар тайёр эмас эдиларми, ёки биз ҳаяжонимизни кийиниш хонасига ташлаб чиқа олмадикми, ҳар ҳолда ўзимизга ўхшамас, лекин рақибга ҳам ҳужум қилишга имкон қолдирмасдик. Бўш зона қидириб, улар бир-бирига тўпни етказиб, нима қилишини билишмас, нуқул узоқдан тепишарди. Биринчи таймнинг охирларида марказдаги Аброр уларинг ҳужумини буздида, олдинга отилди. Қаршисидаги рақибини бир амаллаб алдаб, ҳужумдаги Фарҳодга тўпни етказди. Фарҳод тўпни эгаллаши биланоқ эски касали тутиб қолди шекилли, рақибларни бирин-кетин алдашга тушиб кетди. Битта, иккита, сўнг учинчисига келганда орқасидан югуриб келаётган ўйинчи унинг оёқларига ортдан зарба берди. У шундай бақириб юбордики, мен унинг оёғи синиб кетди деб ўйлаб қолдим. Хайриддин ака «э-э-эй!», — дея қўлини пахса қилиб, ҳакамга ўшқириб кетди. Ҳакамнинг эса парвойи фалак қўлини силтаганча жарима зарбасини кўрсатди. Фарҳод оёғининг оғриғига чидай олмади ёки калтак егани алам қилди шекилли, ўрнидан турдида, оқсоқланганча юзидаги ғазаб оловини яширмай, тўғри уни ортидан тепган ўйинчининг қаршисига келиб бир нималар деди. Рақиб қўли билан бироз итарган эди, Фарҳод, кутилмаганда, унинг юзига мушт туширди. Майдонда аввалига “чақ” қилган товуш эшитилди. Сариқ либосдаги ўйинчи бурнини ушлаб ерга ётиб олди, унинг сариқ либосига қон шоввулаб оқиб тушарди. У бурнини тўсганча майдонда ётиб олиб, нуқул русчалаб «ай , ай», — деб сўкинар, Фарҳод эса кўзларида совуқ ўт чақнаб, униниг тепасида турарди. Ҳакам бир пастда унинг олдига яқинлашиб, қизил карточкани кўрсатиб юборди.

Яҳёхўжа УЛУҒХЎЖАЕВ

Давоми бор.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 11:23, 14.05.2018.
Ўқилди: 4676 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.