Soccer.ru 26 май оқшомида Киевда поёнига етган ЕЧЛ турнирининг турли номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорларини эълон қилди.
Энг сермаҳсул жамоа - «Ливерпуль» (41та гол)
«Қизиллар» ғолибликка эриша олмадилар. Лекин клублар ўртасидаги энг нуфузли турнир мавсумини фантастик тарзда ўтказишди. 41та гол - энг юқори кўрсаткич! Совринни қўлга киритган «Реал» 33та гол билан сермаҳсуллик бобида иккинчи бўлди.
Бу борадаги энг паст натижа «Бенфика»га тегишли - 1та гол. Бундан ташқари, саралаш босқичи натижаларини қўшиб ҳисоблаганда, рақиблари дарвозасини 46 марта ишғол қилган «Ливерпуль» мутлақ рекорд (ўртача 3,06та гол) ўрнатди.
Энг сермаҳсул футболчи - Криштиану Роналду (15та гол)
Тўпурарлар баҳсида яна португалиялик ҳужумчи ғолиб чиқди. Роналду ўзи муваффақият қозонган 5та мавсумда (2008-«МЮ», 2014, 2016, 2017, 2018да «Реал» билан) энг яхши тўпурар унвонини ҳеч кимга бермаган. Умуман, Криштиану қаторасига 6, ҳаммаси бўлиб 7 марта индивидуал соврин соҳиби бўлган. Бу - рекорд натижа.
Энг яхши ассистент - Жеймс Милнер (8та самарали узатма)
Мазкур номинация ғолиби - «Ливерпуль» ярим ҳимоячиси ҳисобида бирорта гол йўқ. Бироқ у жамоадошларининг тўп киритишларига кўпроқ ёрдам берди. Қизиғи, бу борадаги иккинчи натижа ҳам «Ливерпуль» аъзосига тегишли - Роберто Фирмино 7та самарали узатма муаллифи.
Энг кўп зарба йўллаган жамоа - «Бавария» (ўртача 18,8 марта)
Рақиб дарвозабонларининг тинчини бузиш бобида Мюнхен суперклубига тенглаша оладигани йўқ. Ҳар бир ўйинда қарийб 19та зарба - юксак кўрсаткич! Бу борада энг паст натижа «Қорабоғ» клубига тегишли - 6,3та зарба.
Энг «тепағон» футболчи - Криштиану Роналду (ўртача 6,3та зарба)
Португалиялик ҳужумчининг бор эътибори фақат рақиб дарвозасига қаратилганини у бутун бир жамоа билан теппа-тенг натижа кўрсатганидан билиб олиш мумкин.
Ҳисобот мавсумида атиги 9та жамоага португалиялик мергандан кўпроқ маҳсулдорлик кўрсатиш насиб этди. «Севилья» билан «Порту» Роналду билан бир хил кўрсаткич қайд этишди.
Энг қўпол жамоа - «Ювентус» (25та «сариқ», 2та «қизил»)
«Кекса синьора» футбол ўйнашни ўрнига қўяди. Лекин кези келганда, қоидабузарликни ҳам ўринлатади. Тўғри, «Шахтёр» ва «Бенфика»да ҳам 2та, «Қорабоғ»да эса 3та қизил карточка бор. Аммо сариқ рангдагилари анча кам.
Бошдан-оёқ «сап-сариқ» - Таулант Жака (5та «сариқ»)
«Базель» ярим ҳимоячиси ЕЧЛнинг 6 учрашувида 5та сариқ карточка олди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, охирги мавсумда ҳакамлар 19 марта қизил карточка кўрсатган бўлишсада, ҳеч бир футболчи икки марта майдондан четлатилмади.
Тўп билан ҳаёт бўйлаб - «Манчестер Сити» (62,6 фоиз)
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.