Про-Лига 13-туридан жой олган “Ёзёвон-Лочинлари” — “Нурафшон” ўйини белгиланган вақтдан кечиктирилиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.
Зеро, ПФЛ комиссарининг билдиргисига кўра, стадионнинг айни вақтдаги ҳолати талаб даражасида эмасди. Футболчилар тўп сурадиган жойларда ёриқлар пайдо бўлган, майдон майсаси ўсиб кетган ва етарли даражада калталанмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан “Ёзёвон-Лочинлари” футбол клуби фаолиятига масъул бўлган Дилмурод Эргашев ПФЛ матбуот хизматига қуйидагиларни маълум қилди:
“Тан олиб айтишим лозимки, бугунги учрашувни ўтказиш учун стадионимиз етарли даражада тайёр эмас. Ўйинни яхши савияда ўтказишга тўсқинлик қиладиган бир қатор камчиликлар бор экани рост. Ушбу ҳолат бўйича зарур ишларни амалга оширамиз ва кейинги уй ўйинимизга қадар стадионда мавжуд барча камчилик бартараф этилишига кафолат бераман. Стадионимиз ўтган йили ҳокимият ёрдами билан таъмирдан чиқарилган эди. Энди қолган баъзи камчиликлар устида жамоа вакиллари масъулият билан иш олиб боришига ваъда берамиз”, — деди Дилмурод Эргашев.
P. S. Ишга ёндошув Про Б Лигаси вакилларида шундай бўлса, ПФЛ улар билан ҳамкорликни тўхтатиш мантиқлироқ деб ҳисоблайди. “Ёзёвон-Лочинлари”нинг келаси уй учрашувида ижобий ўзгаришлар кузатилмаса, клуб Про-Лига билан хайрлашиши мумкин. Бу масала комиссия томонидан алоҳида кўриб чиқилади.
“Нурафшон”га қарши учрашув эса стадион майсалари калталаниб, майдондан ортиқча буюмлар олиб чиқилгач, старт олди. Ишда силжиш бўлмаса, бу жамоа учун ўз майдонидаги охирги учрашув бўлади.