Нигерия термаси ва «Арсенал» клубининг афсонавий футболчиси Нванкво Кану Калининграддаги футбол паркининг очилишига ташриф буюрди.
Кейинчалик ФИФА терма жамоаси Россияга қарши ўйин ўтказиб, 6:4 ҳисобида ғалаба қозонди. Кану ҳам мазкур баҳсда иштирок этди. Шундан сўнг Sport24 нашрига интервью берди.
— Nike томонидан тақдим этилган Нигерия терма жамоаси либослари Лондонда бир неча соат ичида сотиб бўлинди. Шаҳардаги дўконларда навбатлар юзага келди. Бундай ажиотажнинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?
— Нигерия терма жамоасини жаҳонда барча танийди. Либос ЖЧ-1994дагига ўхшатиб тикилган. Ўшанда термамиз турнирнинг финал босқичига чиққан. Жамоанинг иштирокидан барча мамнун бўлганди.
Янги либосларнинг тезда сотилиб кетиши сабаби, термани худди ўшандагидек қўллаб-қувватлашади.
— Ҳозир Россиядаги энг машҳур нигериялик футболчи Аҳмад Мусо. Нима учун Англияда унинг ўйини қовушмади?
— Англия Премьер-лигаси Россия чемпионатидан кескин фарқ қилади. Лекин Мусо ажойиб футболчи. Терма жамоадаги энг тажрибали ўйинчилардан бири. «Лестер»да худди ЦСКАдагидек кўп гол уришини кутишганди.
Бироқ АПЛда буни уддалаш осон эмас. Боз устига, «Лестер» мураббийларни тез-тез алмаштиради. Балки у янги мутахассис схемасига тўғри келмагандир.
— Бошқа бир футболчи - Брайан Идову Нигерия терма жамоаси сафида ўйнашга қарор қилди. Бу тўғри қарорми?
— Брайанга Нигерия термасида бўлиш ёқади. У бахтли ва бундан лаззатланмоқда. Менимча, у тўғри қарор қабул қилди. Брайан туғилган Россиядаги жаҳон чемпионати унинг учун яхши имконият. У маслаҳатларга тўғри қулоқ солса, мусобақада жамоасига катта ёрдам беради.
— Сиз «Арсенал»да ўйнагансиз. Венгер даврининг айнан ҳозир тугаганидан ажабландингизми?
— Атрофдагилар аллақачон унинг кетишини хоҳлашаётганди. Менимча, Венгернинг қарори ҳеч кимни ажаблантирмаган бўлса керак. «Арсенал» ва клуб афсоналари Арсенни ҳурмат қилишади. Энди янги давр келди.
— Унаи Эмери «Арсенал» афсонасига айланиши мумкинми?
— Венгернинг ўрнини эгаллаш - катта маъсулият. Бунинг учун яхшигина меҳнат қилишга тўғри келади. Лекин бу «Арсенал» Венгер давридагидек муваффақият қозона олмайди, дегани эмас.
Эмери ўз қарашларини сурадими, Венгернинг йўлидан кетадими, аҳамиятсиз. Нима қилганда ҳам, барчаси янгича бўлади. Футболчилар ва мухлислар мослашиб олишлари учун вақт керак.
— Юрагингизда муаммолар бор эди. Уни енгиб ўтиб, футболга қайтишга қандай куч топгансиз?
— Биринчидан, Яратганга бўлган ишонч ёрдам берди. Иккинчидан, юрагимда муаммо топилиши билан операцияга жўнатишган. У эса муваффақиятли ўтган. 14 ойдан сўнг қайтганман ва оз-оз футбол ўйнай бошлаганман. Бу мўъжизанинг ўзгинаси.
Мен қайтганман ва совринлар ютганман. Операциядан чиқишим билан Африканинг энг яхши футболчиси бўлганимни эшитганман. Бу ҳолат фаолиятимга ижобий таъсир ўтказган.
Кейинчалик юрагида муаммоси бор инсонларга ёрдам бериш учун фонд ташкил қилдим, унинг ёрдамида кўп киши операция қилинди, уларнинг ҳаёти сақлаб қолинди.
Инсон учун бир кишининг ҳаётини сақлаб қолиш катта шараф. Фондимиз эса бир неча минг кишига шундай бахтни туҳфа этди.
— Ҳозирда фондингиз фақат Нигерияда фаолият олиб борадими?
— Айни пайт биз бутун Африка бўйлаб фаолият юритяпмиз. Лекин ривожланишда ва кенгайишда давом этяпмиз. Мамлакат ташқарисидан ҳам грантлар ва ёрдамларни қабул қиляпмиз.
Қачондир шу орқали бутун жаҳонга чиқиб борамиз. Ҳозир навбатда 800 нафар мижоз бор. Уларга ёрдам бериш учун маблағ топишимиз керак.
(Нванкво Кристиан Кану ҳужум чизиғида тўп сурган. У Африканинг 20-асрдаги энг яхши футболчилари рўйхатида 33-ўринда туради. Кану «қора қитъа»нинг энг кўп совринга эга футболчисидир.
ЮНИСЕФ элчиси. Унинг укалари Кристофер ва Анрилар ҳам профессионал футболчилар ҳисобланишади. Европада «Аякс», «Арсенал», «Интер», «Вест Бромвич» ва «Портсмут» клубларида тўп сурган).
Ютуқлари:
Нигерия чемпиони («Ивуаньянву Нэйшнл»): 1993
Голландия чемпиони («Аякс», 3): 1993|1994, 1994|1995, 1995|1996
Голландия кубоги соҳиби: 1996
Голландия Суперкубоги соҳиби: 1995
УЕФА Чемпионлар Лигаси ғолиби: 1994|1995
Европа Суперкубоги соҳиби: 1995
Қитъалараро кубок соҳиби: 1995
УЕФА кубоги соҳиби («Интер»): 1997|1998
Англия чемпиони («Арсенал», 2): 2001|2002, 2003|2004
Англия кубоги соҳиби (2): 2002, 2003
Англия Суперкубоги соҳиби: 1999
Англия кубоги соҳиби («Портсмут»): 2008
Ўсмирлар (U-17) ўртасида жаҳон чемпиони: 1993
Олимпия чемпиони: 1996
Африканинг энг яхши футболчиси (2): 1996, 1999
ВВС талқинига кўра Африкада йил спортчиси (2): 1997, 1999
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.