Тўп узоқ парвоз қилди. Франция терма жамоасининг чап қанот ҳимоячиси Люка Эрнандеснинг узатмасига «лаббай» деб жавоб берган Бенжамен Павар дарвозани аниқ нишонга олди.
Тўп катта тезликда учди. Лекин дарвоза анча олисда эди.
Ўз клубида Павар бундай зарбани амалга ошира олмасди. Чунки «Штутгарт»да у марказий ҳимоячи позициясида ўйнайди. Шу боис, олдинги чизиққа фақат стандарт вазиятларда йўл олиши мумкин. Дидье Дешам эса жамоа учун муаммо бўлиб турган ўнг қанот мудофаасини айнан шу универсал билан кучайтиришга қарор қилди.
Бенжаменни Лилиан Тюрамга қиёслаш мумкин. Бу буюк афсона ҳам клубида ҳимоя марказида, термада эса қанотда фаолият юритган. Ягона фарқ шундаки, Тюрам - таниқли футболчи, Паварни эса шу пайтгача кўпчилик танимасди.
Таъкидлаш жоизки, «Лилль» таркибидан жой ололмаган пайтда Бенжамен кўпчилик учун ажабланарли йўлни танлади - Франциянинг ўртамиёналари таклифларини рад этиб, нотаниш хориж клубига йўл олди. Унинг отаси - Фредерик Бенжаменнинг 9 ёшидан бошлаб бирорта учрашувини ўтказиб юборган эмас, барча масалаларда фарзандига ёрдам беради.
Ўғлининг «Штутгарт»га ўтиши икки нарсани англатади: Фредерик ўғлининг мустақиллигини маъқуллаган, Бен эса бир қадам ортга қайтишни тўғри қарор деб билган. Паварнинг ўз салоҳиятига холис баҳо бериши самара келтирди.
Элитага кўтарилиш мавсумида «Штутгарт»ни ёшларга ишонч билдиришга мойил бўлган Ханнес Вольф бошқарарди. Бендаги универсалликни айнан у кашф этди. Павар ҳимоя чизиғининг барча нуқталарида ишончли ўйнади.
Вольф «Штутгарт»ни тарк этганида, франциялик шогирди биринчилардан бўлиб унга миннатдорчилик билдирди: «Сизнинг қимматли маслаҳатларингиз ва сабр-қаноатингиз туфайли мен кунсайин самаралироқ ўйнайдиган бўлдим. Сиздан бир умрга миннатдорман!».
Дарҳақиқат, бир йил ичида ҳимоячининг савияси ҳайратланарли даражада ўсди. Ватани шарафини ҳимоя қилишни Бен доимо ўзгача шараф ўрнида кўрган - ўсмирлик чоғларида «Марсельеза»нинг улуғвор садосини титроқсиз тинглай олмасди.
Миллий жамоада ҳам ўша жўшқин эҳтирос ва ҳаяжон уни тарк этгани йўқ...
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.