Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 0-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 2-0 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 2-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Петер Шмейхель: «Роналду Роналдодан зўр эмас, фақат…»

Баҳо:
+ | -

Россиянинг «ССФ» нашри мухбирлари Hyundai Motorstudioнинг шинам залида Дания терма жамоаси собиқ дарвозабони Петер Шмейхель билан бафуржа гаплашишди.

Скандинавия жамоасининг ЖЧ-2018даги бош қаҳрамонларидан бири Каспер Шмейхелнинг отаси суҳбат давомида Россия стадионлари гўзаллигини алоҳида эътироф этиш баробарида доимгидек, «Ротор» дарвозазига урган ўша тарихий голини яна бир марта эслади.

«Ҳаммаси ажойиб! - дарҳол тан олди афсонавий кипер. - Ўйлайманки, Россияга келган ҳар бир киши жаҳон чемпионатидан катта ижобий қувват олди. Москвада барчаси қойилмақом! Санкт-Петербургдаги футбол муҳити ҳам ҳайратга солди».

- Умуман, ФИФА дастури асосида охирги йил давомида мунтазам Россия бўйлаб сафарларга чиқдингиз. Нима кўпроқ ёдингизда қолди ёки ҳайратлантирди?

- Эҳтимол, Қозон сафари таассуротларини анчагача унутмасман. Зеро, у ерга борганимда, ҳаво ҳарорати минус 20-25 даража эди. Жуда совуқ, аммо кўм-кўк осмон. Айтишим мумкинки, Қозон Россиянинг мен кўрган энг кўркам шаҳарларидан бири экан. У ерда вертолётда стадион, маҳаллий дарё ва турар-жойлар устидан учиб ўтдик - унутилмас саёҳат.

Стадионлар ҳақида алоҳида гапирадиган бўлсам, Екатеринбургдаги аренага гап йўқ - ҳам ташқи, ҳам ички кўриниши ажо-йиб. Стадион атрофида чамаси 20 минг мухлис билан кўришдим - бунақаси ҳаётимда илк марта рўй берди. Бундай учрашувни унутиш мумкинми? «Лужники»? О, таърифга тил ожиз!

Бу аренада ўзим ҳам ўйнаганман. 80 минг мухлис қаршисида ҳар қандай профессионал ҳам енгил «шок» ҳолатига тушади. «Спартак» аренаси ҳам чиройли! Табиийки, Кремль салобати ҳайратимни янада оширди...

- Баҳоси миллиард еврога тенг «Крестовский»чи?

- Зўр, жуда зўр! Бундай ареналар футболни бутун мамлакат миқёсида ривожлантириш имкониятини яратади. Санкт-Петербургдаги аренада мухлислар билан лиқ тўла трибуналарни, бетакрор муҳитни кўриб, очиғи, ўзгача бир тетиклик ҳис қилдим. Стадион четда турган менга шунчалик илҳом бағишлаган экан, майдондаги жамоаларга нечоғли таъсир ўтказишини тасаввур қилиб олаверинг.

- Интернет тармоғида Петер Шмейхель ҳақида маълумот қидирилса, Википедия саҳифаси ортидан «МЮ»нинг «Ротор»га қарши ўтказган ўйини қайдномаси келиб чиқади. Негалигини биласизми?

- Тўғриси, ўша ўйинни эслолмаяпман...

- Наҳотки, ахир унда гол ургансиз.

- Майли-майли, эсимда, албатта (кулади). УЕФА кубоги, биринчи ўйинда дуранг қайд этилганди. Кейин жавоб баҳсида 2та гол қўйиб юборганман. Хуллас, сўнгги дақиқалар, ҳисоб - 1:2. «МЮ» ўша вақт турнирни бунчалик эрта тарк этмасди (1|32 финал назарда тутиляпти).

Буни мухлисларимиз ҳам кечиришмасди. Ҳа, эсимда, жуда суст ўйнаганмиз. Шунчаки, ёмон. Муҳими, менинг номимга ёзилган ўша гол туфайли мағлубиятдан қутулиб қолганмиз. Шу билан жамоамизнинг янги қирраларини очганмиз.

Хусусан, ҳар қандай оғир ҳолатдан чиқиб кетишга қодир эканлигимизни исботлагандик (ваҳоланки, ўшанда «МЮ» икки ўйин натижасига кўра, «Ротор»га йўл бўшатганди).

- «МЮ» 1999 йили ЧЛ финалида мислсиз жасорат кўрсатиб, ғалабани ўз томонига оғдиргач, бунинг шарафига ажойиб сальто кўрсатгандингиз. Дания термаси гуруҳдан чиқиш масаласини ҳал қилгач, ўша сальтони такрорламадингизми?

- Нималар деяпсиз? Ёшим 50дан ошди. Қанақа сальто?

- Дания ва Исландия - қўшни мамлакатлар. Икки халқнинг бир-бирига муносабати қандай?

- Исландлар - энг яқин дўстларимиз. Айниқса, исланд мухлисларига ҳурматим баланд. Улар 2 йилча олдин ўз хатти-ҳаракатлари билан жамоани руҳлантириш асносида ўйиннинг боришию, натижага таъсир қила олишларини исботлаб, бутун дунёни лол қолдиришди.

Умуман, Исландия тарихда Дания қироллиги таркибига кирган. Яъни Дания, Исландия, Гренландия, Фарер ороллари, Норвегия ва Швеция ягона эди. Ҳаттоки, ҳозир ҳам Исландия мактабларида Дания тили ўргатилади. Шундай экан, биз Исландия термасига ҳам бефарқ қарамаймиз.

- Умуман, Исландия термаси каби жамоаларнинг ЖЧда «плей-офф»га чиқиш имконияти реалликка тўғри келадими?

- Албатта. Исландлар бу сафар жаҳон биринчилигида илк марта иштирок этишганини унутманг. Уларда тажриба йўқ эди. Бунда нафақат ўйинчилар, балки жамоа ва миллий федерация тажрибасини назарда тутяпман. Мана, қўшниларимиз бундай даражадаги турнир билан бевосита танишиб олишди.

Тўғри, умумий қараганда, футбол нуқтаи назаридан кичик мамлакатлар жамоаларининг ЖЧ «плей-офф» раундларида ўйнаш имконияти нисбатан паст, барибир.

- 1992 йили Дания термаси мўъжизавий тарзда Европа чемпионати ғолибига айланганди. Футбол салтанати ҳисобланмаган мамлакат жамоаси бунга қандай эришган?

- Нима, ўша ғалабамизни мўъжизага қиёслаяпсизларми?

- Ҳа. Сиз ҳам бунга қўшилсангиз керак.

- Менимча, бунда «мўъжиза» ибораси ортиқча. Зеро, таркибимизда ажойиб футболчилар йиғилишганди.

- Бироқ жамоангиз Европа чемпионатига мутлақо кутилмаган ҳолда, таъбир жоиз бўлса, таътилдан тўғри йўл олганди...

- Йўқ, таътилда эмасдик. Дейлик, чемпионат олдидан ўртоқлик ўйинида майдонга тушгандик.

- МДҲ термасига қарши.

- Ҳа, шу жамоа билан ўйнаганмиз. Шундай экан, таътил ҳақида гапириш ўринсиз. Лекин турнирга тўлақонли тайёргарлик кўролмаганимиз айни ҳақиқат.

- Кейин кичик ва футбол мамлакати саналмайдиган юртда буюк ўйинчиларнинг тўлиқ бир авлоди шакллангани ойдинлашди...

- Ҳаммаси анча олдинроқ бошланган эди. Аниқроқ айтсам, жамоамиз 1984 йилги Европа чемпионати финал босқичи йўлланмасини қўлга киритганидан сўнг футбол соҳасидаги ишлар жадаллашди. Ўша вақт ҳали болакай эдим ва юлдузларимиз кўрсатган ўйинларни кучли иштиёқ билан томоша қилганман.

Айнан улар Дания футбол бобида ҳам юқори савияга чиқа олишини амалда исботлаб беришганди. Демоқчиманки, 1984 йилги миллий жамоа мен каби кўплаб болакайларга алоҳида ишонч бағишлаган.

Шунинг таъсирида футбол билан жиддий шуғуллана бошлагандик. Зеро, агар талаб даражасида ишласак, натижа чиқишини тушунгандик. Муҳими, айнан шундай бўлди.

- Бугунги Дания термасининг бош юлдузи Кристиан Эриксенни айримлар ҳаттоки, ўша даврдаги ака-ука Лаудруплардан ҳам устун қўйишмоқда.

- Мен эса бу каби қиёслашлардан тийиламан. Эриксен - замонавий футбол вакили. Ҳозирги технологиялар, фан ва тиббиётни Лаудруплар ўйнаган даврдагига таққослаб бўладими? Асло. Лекин биласизми, ЖЧ олдидан «Твиттер»даги шахсий саҳифамда антиқа сўров ўтказдим.

«Жамоангизга Эриксенни олармидингиз ёки Неймарни?» қабилидаги савол иштирокчиларни етарлича қизиқтирди. Натижаларга келсак, чамаси 20 фоиз иштирокчи Эриксенни ёқлади, қолганлар Неймарга овоз беришди. Қизиғи, турнир давомида шу сўровни такрорлаганимда, натижа кескин ўзгарди: 60 фоиз мухлис Кристианни танлади.

- Сўровда қизлар ҳам иштирок этишгани аниқ. Улар эса Неймарни кўпроқ ёқтиришади.

- Эҳтимол, негаки, бразилиялик футболчи жуда қизиқарли соч турмагига эга.

- Бугунги футбол юлдузига эътибор ҳаддан ортиқ кучли: ижтимоий тармоқлар, телеканаллар, газеталар...

- Ҳа, авваллари осонроқ эди. Айни пайт ҳамма сен билан бирга суратга тушишни хоҳлайди - телефон бор-да... Умуман, машҳур футболчилар эндиликда кўчада бемалол сайр қилолмайдилар. Яқинда студияда кўрсатув олиб бораётганимда, телефоним жиринглади.

Ўғлим қўнғироқ қилибди, у бир ташқарига қарашимни сўради. Қарасам, бутун жамоа бўлиб сайр қилиб юришибди, ҳеч ким эътибор қаратмаяпти. Демак, улар ҳали суперюлдуз даражасига чиқишмаган. Неймар, Роналду ва Месси эса бундай эркин юролмайдилар. Шу маънода айтсам, уларга нисбатан қийин.

- Тушунарлики, Месси ва Роналду сайёрамизнинг асосий икки футбол персонажи ҳисобланишади. Дейлик, яна 10-15 йилдан кейин нима бўлади? Ким бош ролга чиқади?

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 14:55, 20.07.2018.
Ўқилди: 8590 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.