Диққатни тортадиган ажойиб факт: жаҳон чемпионати-2018 ярим финалидан ўрин олган биринчи тўқнашув, яъни Франция - Бельгия ўйини қайдномасига қарасак, икки жамоа таркибидаги жами 46 нафар футболчидан деярли ярми, аниқроғи, 22 нафари қайсидир жиҳат билан Африкага боғлиқ экан.
Қойилмисиз. Булар - Килиан Мбаппе, Н`Голе Канте, Поль Погба, Блез Матюиди, Стивен Н`Зонзи, Преснель Кимпембе, Самуэль Юмтити, Усмон Дембеле, Корентен Толиссо, Стив Манданда, Одил Реми, Набил Фақир, Жибриль Сидибе, Бенжамин Менди (Франция) ва Ромелу Лукаку, Венсан Компани, Носир Шодли, Мусо Дембеле, Маруан Феллайни, Миши Батшуайи, Юри Тилеманс, Дедрик Боята (Бельгия).
Хуллас, биринчи ярим финалга «Африка дербиси» сифатини қўллаш ҳам мумкин эди бемалол...
Сешанба оқшоми бўлиб ўтган ўйинда шу 22 нафар футболчидан айримлари бош ролда намоён бўлишди. Хусусан, финал чиптаси тақдирига ойдинлик киритган ягона гол «француз» Самуэль Юмтити ҳисобига ёзилди.
Умуман, асли африкалик йигитлар бутун турнир давомида ҳар икки жамоа муваффақиятида катта ўрин тутишди. Улар етарлича гол уришди, шунингдек, ассистентлик вазифасини ҳам яхши бажаришди.
Демакки, Франция ва Бельгияда бу футболчиларни чинакамига ардоқлашлари керак. Албатта, ҳар икки мамлакатда Ромелу Лукаку ва Килиан Мбаппе томонидан урилган голларни худди Кевин де Брюйне ва Антуан Гризманники каби шодмон нишонлашганига шубҳа йўқ.
Зеро, Франция ва Бельгияда одамларни танаси рангига қараб, ажратиш эски замонлардан қолиб кетди. Ҳар ҳолда, ирқчиликка қарши кураш натижа бера бошлаганига анча бўлди.
Қаранг, шу рўйхатга тушган 9 нафар футболчи Конго термаси шарафини ҳимоя қилиши мумкин эди. Яъни Франция ва бельгияликлар сафида бу юртга алоқаси бор шунча ўйинчи бор (4 нафари - «француз» ва 5 нафари - бельгиялик).
Шунингдек, 3 нафардан футболчи Сенегал ва Марокашга дахлдор бўлса, Камерун ҳамда Мали 2 нафардан вакилга эга. Яна 3 нафар футболчи шажара бўйича Гвинея, Того ва Жазоирга бориб тақалади.
Қолаверса, 22талик бу рўйхатни Бельгия термаси ярим ҳимоячиси Аксель Витцель ҳисобига узайтириш ҳам мумкин. Тўғри, унинг отаси Кариб ороллари таркибига кирувчи Мартиникадан, лекин катта Витцель аждодлари у ерга айнан Африкадан боришган.
Ушбу фактларга эътибор қаратган журналист Колин Миллар ҳазил оҳангида ҳаттоки, соф оқ танли Кевин де Брюйнени ҳам африкаликка чиқариб қўйди. Гап шундаки...
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.