Кеча, 25 сентябрь куни “Навбаҳор” собиқ ярим ҳимоячиси Рўзим Аҳмедов жамоа бош мураббийи Илҳом Мўминжонов ҳақида салбий фикрларини билдирган аудиоёзув Ўзбекистоннинг бир нечта оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда катта шов-шув келтириб чиқарди.
Футболчи Рўзим Аҳмедов аудиоёзувда Илҳом Мўминжоновни “хароми”, “ифлос” ва “исқирт”, “ўғри” сўзлари билан ҳақорат қилган. Бундан ташқари, Аҳмедов Мўминжонов футболчиларга “Навбаҳор” мухлислари билан яқин бўлмасликни, улар билан фақатгина салом-хайр қилиш кераклигини буюрганини айтган.
Рўзим Аҳмедов Илҳом Мўминжонов ҳақида нима деган эди? Видеода эшитинг!
ТЕЛЕГРАМДА АУДИО ФОРМАТДА ЭШИТИШ
“Мўминжонов ёш футболчиларнинг шартномасига маошини кўпайтириб ёзяпти, бир қисмини эса ўзи ўзлаштиряпти. У сафар ўйинларини сотган. Мўминжонов ҳамма пулларни ўзлаштириб, кетиб қолмоқчи. Мураббий мени мавсум ўртасида ҳайдаб юборди, болаларимнинг ризқини қирқди. У менга бир тийин пул бермади, аммо ҳокимга “ҳамма билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилинди”, деб айтди. Бу билан у ҳокимни ҳам алдади.
“Навбаҳор”га келгач, икки марта оёғим синди. Аммо мени даволашга қўймаган, олдин мана шу ўйинда майдонга туш, кейин даволанасан деган. Биласизми, укол қилиб, синган оёғим билан ўйнаганман. Иккинчи марта оёғим сингач, операцияга бир сўм пул ҳам бермасдан хайдаб юборди. Оёғимга темир қўйилган. Шундай бўлса-да, мухлислар ҳокимга мурожаат қилиб, мени чақириб олишганди. Лекин шунда ҳам майдонга туширмади. Ёрдамчи мураббийлар “Рўзимни тушир”, деса ҳам у рад этиб келган. Ёзда бир неча марта хонасига чақириб, мени ҳайдаб юбормоқчи бўлган. Мени мухлислар чақирганини, улар учун ўйнаётганимни айтганимдан сўнг, жаҳл қилиб, “энди бутунлай ҳайдалдинг”, деган”.
Рўзим Аҳмедовнинг шов-шувли ва ҳақоратли интервьюсидан бироз вақт ўтиб, Илҳом Мўминжонов “Stadion.uz” интернет нашри мухбири билан боғланиб, футболчи билан ўртасидаги зиддият сабабларига ойдинлик киритиб, футболчининг ҳақоратлари сўзларига жавоб қайтарди.
Демак, “Навбаҳор” мураббийи Илҳом Мўминжоновнинг интервьюсини яқин соатларда “Stadion.uz”да ўқиш ва эшитиш имконига эга бўласиз.