2019 йилда Халқаро армия ўйинлари 11 та давлатда, жумладан, илк маротаба Ўзбекистон, Ҳиндистон, Покистон ва Мўғулистонда ўтказилиши кутилмоқда.
“Халқаро мусобақани қайси давлатда ўтказиш борасида танлов ишлари давом этмоқда. Ҳозир 11 та давлатдан аризалар тақдим этилган”, – деди Россия Қуролли кучлари ҳарбий тайёргарлик бўлими бошлиғи Иван Бувальцев 24 мамлакатдан келган 100 дан ортиқ ҳарбий бўлим вакиллари йиғилган анжуманда.
Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, 2019 йилда мусобақа ўйинлари Россия, Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Беларусь, Эрон, Ҳиндистон, Хитой, Мўғулистон давлатларида ўтказилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, ташкилотчилар "Халқаро армия ўйинлари-2019" мусобақа дастурини 28 та йўналишдан 31 тага кенгайтиришни ҳам режалаштиришган. Ушбу мусобақада турли мамлакатдан келган ҳарбийлар “Йўл патрули”, “Ҳарбий ралли”, “Қуролсоз уста”, “Отиш тайёргарлиги” каби бир нечта турлар бўйича беллашади.
Маълумот учун: 2018 йилда Халқаро армия ўйинлари мусобақаси 7 та давлатнинг 24 та полигонида бўлиб ўтди ва унда 32 давлатдан жами 189 нафар жамоа иштирок этди. Жорий йилда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан иборат тўртта жамоа вакиллари Халқаро армия ўйинларининг 12 та йўналишида қатнашди ва “Йўл патрули”, “Ҳарбий ралли” ва “Қуролсоз уста” турлари бўйича фахрли 3-ўринни эгаллади.