18 ноябрь куни Тошкентдаги “Пойтахт” бизнес марказида футболдаги функционал ва ҳуқуқий масалаларга бағишланган семинар бўлиб ўтди. Ушбу семинарда футболчи ва клуб ўртасидаги меҳнат ҳуқуқи, клублардаги лицензиялаш масалалари, келишилган ўйинларга қарши курашиш каби бир қатор масалалар бўйича фикрлар алмашилди. Turon24 мухбири ушбу семинар ташкилотчиларидан бири, ЎФА биринчи вице-президенти маслаҳатчиси, халқаро футбол ҳуқуқшуноси Санъат Шарипов билан суҳбатлашиб, семинар ва унинг маҳаллий соҳа мутахассислари учун аҳамиятига қизиқди.
Тuron24: Санъат ака, аввало, семинар ҳақидаги умумий фикрингизни билдирсангиз.
Санъат Шарипов: Бу семинар Ўзбекистон Футбол ассоциацияси томонидан биринчи марта ташкиллаштириляпти. Футболчиларнинг трансфери ёки вояга етмаган болаларни бир мамлакатдан бошқа мамлакатга олиб кетиш, клуб ва футболчилар ўртасидаги меҳнат шартномаси билан боғлиқ низолар, бир ассоциациядан иккинчисига ўтаётган футболчиларнинг меҳнат шартномаси билан боғлиқ муаммолар ёки мураббийлар ва ассоциациялар ўртасида юзага келадиган можароларни қандай ҳал қилиш ёки уларнинг олдини олишда топиладиган ечимлар ҳар бир ҳуқуқшунос учун кундалик керак бўладиган билимлардан биридир. Ушбу семинар ўзбек клублари ҳуқуқшунослари учун қайсидир маънода малака ошириш имконияти, дейишимиз мумкин.
Т24: Семинар учун россиялик мутахассисларнинг танлаб олингани нима билан боғлиқ?
С.Ш.: Биз Европанинг бир қатор мамлакатлари, хусусан, Швейцарияга шу масалада мурожаат қилганимизда, хизмат ҳақи сифатида жуда катта пул сўрашди. Биз эса бундай харажатга тайёр эмасмиз. Россия географик жиҳатдан дунёдаги энг йирик давлат ҳисобланади. Бундан ташқари, ушбу мамлакатнинг футбол географияси ҳам жуда кенг. Шу билан бирга, кўпчиликка номаълум бўлиши мумкин, футболда лицензиялаштириш дастури 1990 йилларда айнан Россияда ишлаб чиқилган. Кейинчалик УЕФА томонидан замонавийлаштирилиб, бутун минтақага жорий этилган. Хусусан, ОФКда ҳам ушбу дастур босқичма-босқич йўлга қўйиб келинмоқда.
Яна шуни унутмайлик, яқинда Россияда ўтказилган Жаҳон чемпионати мамлакат футболи, футбол атрофидаги шахслар, умуман, мамлакат футбол тизими учун улкан тажриба бўлди. Ўйлайманки, ушбу тажрибанинг Ўзбекистонда ўрганилиши биз учун фахрланса арзигулик воқеа.
Т24: Ушбу семинардан сўнг футболчи ва клуб ўртасида тузиладиган меҳнат шартномаси бўйича қоидаларга қандайдир ўзгартиришлар киритиладими?
С.Ш.: Бу саволга аввало Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси раҳбарияти батафсил жавоб бериши мумкин. Чунки бу масалада ушбу ташкилотнинг ваколатлари кенгроқ. Ўйлайманки, бугунги кўрилаётган масалаларни ташкилот раҳбарияти яна алоҳида муҳокама қилади ва тегишли чора -тадбирлар кўрилади.
Т24: Биламизки, сизда халқаро футбол ҳуқуқшунослиги бўйича ҳам тегишли диплом мавжуд. Шундан келиб чиққан ҳолда нима дея оласиз, футболчи аслида клуб учун товарми ёки кадр?
С.Ш.: Футбол йирик бизнесга айланиб кетган. Истаймизми, йўқми, биз атлетларни аввало бренд, яъни маҳсулот сифатида кўрамиз. Хоҳ бизнес, хоҳ трансферлар бўлсин, бунда футболчи товар сифатида намоён бўлади. Кадрлар эса маълум ташкилотда узоқ йиллар фаолият олиб борувчи ходим ҳисобланади. Улар йиллар мобайнида бир клубда фаолият юритиши мумкин. Товарлар эса бир жамоадан иккинчисига мунтазам равишда ўтиб юради. Айнан ўшалар орқали клублар мўмайгина даромад топишади. Шундай экан, академия томонидан етишиб чиққан футболчиларгагина кадр сифатида қарашимиз мумкин.
Т24: Тажрибали футбол агенти сифатида Ўзбекистондаги трансфер тизимига қандай баҳо берган бўлардингиз? Тизимдаги шаффофликни йўлга қўйиш учун қандай чоралар кўрилиши лозим деб ўйлайсиз?
С.Ш.: Мен ўйлайманки, Профессионал футбол лигаси Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан биргаликда янги регламент устида иш олиб бормоқда. Унда футболчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, клублар ҳуқуқини ҳимоя қилиш маслалари ҳам бор.
Шаффофлик ҳақида гап очдингиз, аввало клублар шаффофлик нима эканлигини ўзлари учун билиб олишлари керак. Яқинда Жаҳон чемпионатида учинчи ўринни қўлга киритган Бельгияда ҳам келишилган ўйинлар сабаб, бир нечта клуб мутасаддилари қўлга олинди. Демоқчи бўлганим, бу каби муаммолар нафақат Ўзбекистон, балки футболи ривожланган мамлакатлар тажрибасида ҳам мавжудлиги сир эмас.
Менга "Футболчиларимиз нега хорижга сотилмаяпти?" деб мурожаат қилишади. Мана, семинарда кўрганингиздек, бизда футболчига қўйилган аниқ нарх йўқ. Бу ҳақда бозор ёки биржада келишилмайди. Ўзбекистонда баъзи бир футбол клублари раҳбарияти ўз футболчиларини жуда юқори нархларда баҳолаб олишади. Натижада биз жуда кўп иқтидорларни муддатидан олдин йўқотамиз. Ваҳоланки, 2015 йилги ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатидаги иштирокимиздан сўнг бошқа Жаҳон чемпионатларида қатнаша олганимизча йўқ. Ўйинчиларни яхши футбол лигаларига олиб чиқиш учун ҳам нархлар арзон бўлиши керак. Оддий мисол, бизнесда ҳам бозорга кириш учун олдин товарни арзонроқ нархда сотишингизга тўғри келади. Харидорлар ўша товарга ўрганганидан кейингина нархлар оширилади. Бизда ҳам худди шундай. Ўзбекистонда Европа даражасидаги маҳоратли футболчилар у қадар кўп эмас. Шунинг учун ўйлайманки, футболчиларимизни хорижнинг етакчи жамоаларига арзонроқ нархларга ёки ижара асосида беришимиз лозим.
Т24: Ўзбек футбол клублари асосан давлат компаниялари томонидан молиялаштиради. Мисол учун, Насаф, Бухоро, Бунёдкор, Нефтчи... Айни ҳолат мамлакат футболи ривожига салбий таъсир ўтказмаяптими?
С.Ш.: Ўзбекистонда футбол клубларига давлат томонидан ажратиладиган маблағлар тўхтатилса, жамоалар жуда оғир аҳволда қолиб кетади. Бу ўринда клублар ҳам жим турмасликлари лозим. Эътибор берган бўлсангиз, футбол клубларининг маркетинг бўйича менежерлари шу кунга қадар Япония, Голландия каби мамлакатларга жўнатилди. Айнан улар Ўзбекистонга қайтгач, ўша ерда ўрганилган тажрибаларини жамоаларида қўллашади. Яққол мисол, Навбаҳор. Ушбу жамоа маркетинг йўналишида анча-мунча ишларни амалга оширди. Бошқалар эса йўқ. Худди шу йўналишда ОАВ билан ишлашни ҳам айтиб ўтган бўлардим. Чунки сўнгги пайтларда турли хабарлар тарқаляпти. Масалан, қайсидир учрашувнинг матбуот анжуманига ҳеч ким келгани йўқ (Суперлига доирасидаги Локомотив – Металлург учрашувидан кейин ўтказилмаган матбуот анжуманига ишора – таҳририят изоҳи). Бу ҳақда бир қанча хабарлар тарқатилди ҳам. Энди бу – топ-тоза иғво. Биринчидан, ўйиндан кейинги матбуот анжуманига журналистлар келмагани учун ПФЛ раҳбариятини айблаш – аҳмоқлик. ПФЛ ҳеч қачон журналистларнинг матбуот анжуманига келишини таъминламайди. Бунинг учун клуб матбуот хизмати вакиллари бор. Матбуот хизмати вакилларининг вазифаси учрашувдан олдин ва кейин микрофонга чиқиб гапириш эмас.
Бундан ташқари, клубга қарашли “Темирйўлчи” газетасининг мухбири ҳам матбуот анжуманига келишни лозим билмаган. Тизимда ишлаётган ҳар бир ходим ўз ваколати нималардан иборат эканлигини билиш керак.
Яна бир мисол, ЎФА Бунёдкордан 6 очко олиб ташланиши борасида Ижроқўм йиғилишиини ўтказмади, деган хабарларни ҳам учратяпмиз. Бир нарсани тўғри тушуниб олайлик, энг юқори инстанцияда турувчи ташкилот йиллар давомида воқеани ўрганиб, 2014 йилдаги “Симоненко иши” борасида бир неча маротаба клубни огоҳлантирган. ЎФА ҳам, ПФЛ ҳам бу масалада клубни бир неча марта огоҳлантирган. Бу ички иш ва буни кўпчилик билмайди. Аммо ФИФА якуний қарорини эълон қилгач, уни ҳеч қайси ташкилот ўзгартира олмайди. ЎФА ижроқўми йиғилиб, бу масалани муҳокама қилгани билан ҳам ўша 6 очко олинади. Яъни ушбу қоидага биноан 6 очкони олиб ташлаш тўғрисидаги маълумот клубга етказилади.
Т24: Сўнгги савол, футбол ҳуқуқшунослари учун бу каби семинарлар яна ташкил этиладими?
С.Ш.: Биласизми, мен биринчи марта бу каби семинарларни ўтказиш бўйича ташаббус билан чиқишим. Бу ишга киришган вақтимда менга айни семинарларга чақирилган 80 та кишидан 40 таси келса ҳам, катта гап, дейишганди. Баъзи клублардаги ҳуқуқшунослар томонидан "биз дам олиш кунида ҳордиқ чиқаришимиз керак, келиб яна қайтиб кетишимиз керак" деган фикрлар ҳам билдирилди.
Бу ерда биринчи ўринда бир нарсани тўғри англаб олишимиз лозимки, ҳуқуқшунослар учун ташкиллаштириладиган бундай семинарлар ҳеч қачон кўнгил ёзиш учун ўтказилмаган. Бу каби семинарлар кучли билим ва эътиборни талаб қилади.
Охирги йилларда Шўртанни айтамизми ё Бунёдкорними, хуллас, доим легионерлар билан қандайдир муаммоларимиз бўлган. Ачинарлиси, бу каби низоларнинг 99,9 фоизида биз мағлуб бўламиз. Гоҳ у, гоҳ бу клуб қайсидир легионерга қанчадир миқдорда пул тўлашга мажбур бўлади. Оқибатда футболимиз бир жойда депсиниб қоляпти. Бу семинар шу каби муаммоларга барҳам бериш мақсадида ўтказилганди.
Иккинчидан, кўпчилик клублардан келган вакиллар учун бу мавзу ё қизиқ эмас ёки бу ерда нима воқеалар бўлаётганини тўла англаб етганича йўқ. Мен ўзим ҳам ФИФА ва бошқа йирик ташкилотлар томонидан ўтказилаётган тадбирларда қатнашганман, аммо ҳеч қаерда бу ердаги каби кимнингдир турли баҳоналар билан тадбир охирига етишини кутмасдан кетганини учратмаганман. Бу бир томондан ачинарли. Бирор можаро бўйича клуб раҳбарлари ЎФА раҳбариятини айблайди-ю лекин мана шундай семинарларда ўз касбига нопрофессионал ёндашмагач, ПФЛ ёки ЎФАдан нимадир талаб қилишга уларнинг ҳақлари йўқ, деб ўйлайман. Бу, албатта, шахсий фикрим ва бу ЎФА позициясидан фарқ қилиши мумкин. Тўғри, соғлиқ билан боғлиқ муаммолар ё бошқа сабабларни тушуниш мумкин. Лекин ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, ҳатто ичкарида ўтирганларнинг аксарияти нима учун келганини тушунолганича йўқ. Шундан ҳам билишингиз мумкинки, бу кабиларнинг кўпчилиги футболга бошқа соҳада келиб қолишган.