Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 0-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 2-0 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 2-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Муваффақият майдони муаммолари ёхуд Купер нимани ўйламоқда?

Баҳо:
+ | -

Шу кунларда «Барселона», «Ливерпуль», «Челси», «Арсенал», «МЮ», «Ювентус» мухлислари кўтаринки кайфиятда юришибди. Лионель Месси ижросидаги ажиб «дубль», Муҳаммад Салоҳ қайд этган суррули «хет-трик» кўпчиликнинг оғзида. Хуллас, ўйин фусуни мухлисларни мафтун айламоқда. Лекин футбол тараққиёт жараёнида муаммолардан ҳам холи яшамайди. Бошқача айтганда, муваффақият майдонида ҳамиша муаммолар ҳозиру нозир...

Огоҳлантиришлар оғриғи

ПФЛ «Сўғдиёна» ва «Бухоро» клубларини расман огоҳлантирди. Уларнинг сабаби ва мазмуни энди барчага маълум. Бизни шу мавзуга дахлдор бир савол ўйлантиради: ҳар икки клуб мутасаддилари мавжуд меъёрларни била туриб, нима учун бундай ишларга, мантиқсиз таваккалга қўл уришмоқда? Нима, улар ПФЛ қай даражада эътиборли ташкилотга айланганини синовдан ўтказишяптими? Ёки Шуҳрат Файзиев ва Сергей Лушан масаласида мутасаддилар ўзларини билиб-билмасликка олишади, деб умид қилишдими? «Сўғдиёна» ва «Бухоро» клублари раҳбарлари балки ҳали ҳам белгиланган тартиб-қоидаларни бузиш имкони бор, деб ҳисоблашаётгандир. Эҳтимол, қайсидир юқорироқ мансабдаги амалдор уларни шу ишга ундаб, «Хотиржам бўлинглар, ҳаммасини ўзим тўғрилайман, ПФЛга сўзим ўтади!» қабилида гапиргандир... Онгли равишда йўл қўйилган хато хусусида бундан бошқача мулоҳаза юритиш мумкинми?! Агар ҳар икки клуб раҳбарлари «Биз бу талаб-қоидалардан бехабар эдик», дейишса, футболимизнинг асл муаммоси, ҳақиқатан ҳам, лоқайдлик эканлигини тасдиқлаган бўлишади.

Президент Шавкат Мирзиёев Конс­титуциямизнинг 26 йиллигига бағишланган тадбирда ўзбошимчалик билан мансабини суиистеъмол қилгани учун минглаб амалдорлар вазифасидан озод этилганини таъкидлади. Яширишнинг ҳожати йўқ: футболимизда ҳам бу каби қонунга хилоф ҳаракатлар, тартиб-қоидаларни четлаб ўтишга уринишлар тўлиб-тошиб ётибди. «Спорт» телеканалида эфирга узатилган баҳс-мунозарада Дилшодбек Тўхтабеков вазиятни бош­қармаганда иллатлар пардаси анча-мунча йиртиларди. Майли, ҳозирча шунга ҳам шукр. Эрта-индин футболимиздаги оғриқли мавзулар фактлар асосида айтилишига ишончимиз комил! Зеро, давлатимиз раҳбари журналистларни мавжуд муаммоларни аёвсиз очиб ташлашга, асосли танқидий мақолаларни кўпроқ чоп этишга чорлади.

«Олтин тўп»да танглик

Огоҳлантиришлар оғриғи фақат бизнинг футболга тааллуқли эканини таъкидлаш ноўрин, албатта. ФИФА ва УЕФА футбол том маънода янгиланишга муҳтожлигини анча аввал сезиб улгурганди. Жаҳон футболининг нуфузли ташкилотларида рўй берган ўзгаришлар фикримиз далилидир. Бошқарувдаги янгиланишлар сабаб, жаҳон ва Европа чемпионатини ўзгача тартиб ва таркибда ўтказиш режалаштирилмоқда. Хусусан, УЕФА футбол савиясидаги нотекисликни ҳисобга олиб, Миллатлар Лигасини ташкиллади ва энди учинчи даражали яна бир евромусобақага асос солмоқчи. Мақсад - грандлар гегемониясини озми-кўп чеклаш ва аутсайдерлар пешонасини силаш. Кимларгадир ёқса-ёқмаса, УЕФА қатъият билан янгиланиш сари юз бурмоқда. Миллий чемпионатимиз формати ва регламентидаги ўзгаришлар УЕФА ислоҳотларига ҳамоҳанг экани кишини қувонтиради. Таъбир жоиз бўлса, УЕФАда ҳам, ЎФАда ҳам «Аввал кучлилар кучлиларга, кучсизлар кучсизларга, кейин кучлилар кучлиларнинг кучлисига, кучсизлар кучлиларнинг кучсизига қарши!» тамойили асосий мезонга айланмоқда.

Фикримизча, «Олтин тўп» соҳибини аниқлаш механизми ҳам шундай ислоҳга муҳтож. Кузги ўйинлар яна бир бор исботладики, Лионель Месси ва Криштиану Роналду маҳорати ҳамон юксак мукофотга муносиб. Лекин Лука Модричнинг «Реал» ва Хорватия терма жамоасидаги хизматларини унутиб бўладими?! Факт шуки, у ЕЧЛнинг 3 карра ғолиби ва ЖЧ-2018 вице-чемпиони! Хўш, шундай вазиятда қандай йўл тутиш керак? Бу сафар 2010 ва 2014 йилги мундиаллардан сўнг амалга ошмаган иш рўёбга чиққани тўғри бўлдими, ҳақиқат қарор топдими? Андрес Иньеста ва Тони Кроссга раво кўрилмаган «Олтин тўп» Лука Модричга топширилиши ўзини оқладими? Совринлар залворига қарасак, Андреас Иньеста ва Тони Кросс ҳам «Олтин тўп»га арзирли иш қилишганди. Мезонни истеъдод ва маҳорат миқёсида олсак, Лука Модрични Месси ёки Роналдуга қиёслаш - мантиқсизлик, холос. «Олтин тўп» соҳибини аниқлаш механизми ислоҳга муҳтожлиги таъкидлаётганимиз сабаби - шу! Очиғи, бу йилги «Олтин тўп» маросимидан кўпчиликнинг кўнгли тўлмади. Бизнингча, нуфузли соврин кимга ва қайси хизматлари учун берилиши аниқ чегаралаб қўйилиши лозим. Жаҳон ва Европа чемпионати, ЕЧЛ ва ЕЛнинг энг яхши футболчиси бир турнир доирасида аниқланса ва «Олтин тўп» сўровига таъсир ўтказмаса, мақсадга мувофиқ бўлар, балки. Негаки, миллий чемпионатлар ва кубок мусобақалари давомийлигини юқорида тилга олинган нуфузли турнирлар билан солиштириб бўлмайди. Уларни бир-бирига аралаштириб юбориш келишмовчиликларни келтириб чиқараверади.

Купер ўйламоқда

Бугун «Олтин тўп»га муносиб номзод борасида якдил фикр йўқ. Ҳар кимнинг ўз қараши бор. Шундай рангинлик, назаримизда, Эктор Куперни ҳам қийнамоқда. У бош жамоамиз чап қанот ҳимоячилари сифатида Олег Зотеев ва Фаррух Сайфиевни, ўнг қанот вакиллари ролида эса Акмал Шораҳмедов ва Даврон Ҳошимовни танлади. Клубларимиздаги бошқа ҳимоячиларнинг улардан алоҳида ажралиб турадиган устун томонлари йўқлигини назарда тутсак, Купернинг танлови тўғри. Бироқ ҳаммаси ўнг ва чап қанот ярим ҳимояси қандай кўриниш олиши билан чамбарчас боғлиқлигини ўйласак, Куперга осон эмаслиги аёнлашади. Ҳаммасини фақат савия ҳал қилганида, таркиб танлашда муаммо туғилмасди. Ҳолбуки, фақат савиянинг ўзи билан иш битмайди. Ҳимоячининг феъл-атвори, босимга бардоши қанотдаги ярим ҳимоячи билан уйғунлашуви бош жамоамиз фаолиятида муҳим ўрин тутади. Дейлик, ўнг тарафда Сардор Рашидов тўп сурса, Акмал Шораҳмедов ёки Даврон Ҳошимов унинг учун қулай қанотдошми?  Мураббий қулайликни қидирадими ёки кўрсатмаси тўкис бажарилишини талаб қилади? Қайси йўл терма жамоамиз учун маъқул? Ушбу саволларга қай даражада жавоб топиши ҳимоявий услубга мо­йил Купер учун ҳаёт-мамот масаласидир. Таянч ярим ҳимояси ва ҳужумчи ортида бир неча футболчи ўрин алмашиб тўп сураверади. Эктор Купер бу масалада нолимаса ҳам бўлаверади. Энг асосийси, етакчиларнинг имкониятларидан унумли фойдаланса, бас! Ана, Кевин де Брюйне ва Серхио Агуэросиз «Манчестер Сити» ҳам, Хосеп Гвардиола ҳам қийналмоқда. «Ливерпуль» эса Муҳаммад Салоҳ маҳорати туфайли шарафларга бурканмоқда. Шундай экан, биз Одил Аҳмедов ва Сардор Рашидов тандеми Осиё кубоги-2019да ёрқин тарих яратишига умид боғлаб қоламиз!

Манба: InterFutbol
Киритилди: 00:40, 15.12.2018.
Ўқилди: 2539 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.