Хосеп Гвардиола бу футболчини «Манчестер Сити» сафига қайтариш масаласида мужмал фикр билдирмоқда. «Бавария» раҳбарияти эса ҳозирдан уни голландиялик фахрий Арьен Роббен ўрнида тассаввур қилмоқда. Бу гаплар Германия Бундеслигасининг жорий мавсумида бош кашфиёт бўлишга жиддий бел боғлаган англиялик ёшгина йигитча ҳақида. Демак, қуйида иқтидорлар булоғи ҳисобланган «Боруссия» (Дортмунд)нинг навбатдаги топилмаси - Жейдон Санчо билан танишамиз.
КЎЗ ЎНГИМИЗДА УЛҒАЙМОҚДА
Ажойиб даврда яшаяпмиз-да. Футбол айвонига қаранг: Фабиан Делф - Англия терма жамоаси сардори. Бельгиялик Маруан Феллайни эса узоқ вақт бошида кўтариб юрган «қарға уяси»дан қутулишни лозим топди, ахийри. Лекин Европа футбол майдонларида «афро» услубидаги соч турмагини кўз-кўз қилганча жавлон ураётган ажойиб ўйинчилар ҳамон етарлича топилади. Дейлик, улардан иккиси Бундеслиганинг бугунги пешқадами - «Боруссия» (албатта, Дортмундники) шарафини ҳимоя қилмоқда. Люсьен Фавр ихтиёрида хушчақчақ йигитлардан таркиб топган жамоа борлиги ҳаммага аён бўлиб улгурди аллақачон. Хитой сафаридан қайтган Аксель Витцель - немис лигаси кашфиётларидан бири. Лекин бельгиялик футболчи Германия элит дивизионига юз бургунга қадар Россияда ҳам ўйнаган ва мухлислар уни яхши танишарди. Иккинчи кашфиётни эса мутлақо кутилмаган қаҳрамон сифатида таърифлаш мумкин. Тўғри, Жейдон Санчо ўтган мавсумдаёқ футбол оламига ниманидир ишора қилганди. Яъни ҳали 18 ёшга тўлмаган инглиз йигитчаси Бундеслига-2017|2018да жами 684 дақиқалик ўйин вақтига эга бўлиб, «Боруссия»нинг 5та голида бевосита иштирок этди. Аниқроқ айтсак, «Манчестер Сити»нинг яққол хатоси туфайли Германияга йўл олган иқтидор 1та гол уриб, 4тасига ассистентлик қилди. Энди эса янги мавсум доирасидаги дастлабки 545 дақиқалик вақтда 10 очко йиғишга улгурди: 4та гол } 6та самарали узатма. У шунинг баробарида Европа Чемпионлар Лигасида ҳам самарали ҳаракатни амалга оширди. «Боруссия» қандай топилмага эга бўлганини англаш учун Жейдоннинг мутлақ кўрсаткичлари эмас, балки ҳар 90 дақиқага тўғри келаётган ўртача статистикасига эътибор қаратиш керак. Бинобарин, Санчо аввалги мавсум ҳар ярим соат ичида жамоадошларини 2,5 марта самарали зарба йўлига чиқарган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 3,3 мартани ташкил қилмоқда. Унда зарбалар эффекти ҳам яққол ошди. Олдинги натижаси: ҳар 30 дақиқада 1,3та уриниш, бироқ деярли голсиз, ҳозиргиси: 1,2та уриниш ва 4та гол! Хуллас, Санчо вақтга нисбатан голлар сони масаласида катта силжишга эришди. Шунинг баробарида 18 ёшли футболчи ҳимоявий ҳаракатларда ҳам барқарорликни сақлаб турибди. Биринчидан, у Бундеслига пешқадамининг асосий таркибида юқори босим ва суръатга жавоб бермоқда. Иккинчидан, жамоавий ўйин бобида жуда фойдали кўринмоқда. Муҳими, Жейдон «носоғлом» худбинлик хислатидан холи. Дейлик, вақтида ёш Раҳим Стерлинг кўп вазиятларда ўзини ўйлаши туфайли роса танқидга учраганди. Санчо эса худди Килиан Мбаппе каби жамоавий манфаатларни биринчи ўринга қўймоқда. Умуман, у айнан ўзидан бироз каттароқ француздан ўрнак олаётгандек. Бу тўғри ёндашув, албатта. Ҳар ҳолда, Килиан - жаҳон чемпиони.
ЖЕЙДОН САНЧО - НОЁБ ИҚТИДОР
Англия миллий жамоаси мураббийлари бошқа мамлакат лигаларида ўйнаётган ҳамюртларига камдан-кам ҳолатларда эътибор қаратишади. Ҳар ҳолда, «уч шерлар» ҳаётида легионерлар катта роль ўйнамайдилар. Дейлик, Санчо охирги 10 йил бадалига Англия терма жамоаси бошланғич таркибида майдонга тушган биринчи легионер футболчи бўлди. Демакки, у Дэвид Бекхэм йўлини давом эттирди. Бошқача айтганда, инглизлар охирги марта хориждаги футболчилардан айнан Бексни асосий таркибга қўшишган. Ўшанда Дэвид миллий жамоа ихтиёрига узоқ АҚШдан келганди. Жейдон шунингдек, Уэйн Рунининг нодир кўрсаткичини такрорлади - атиги 18 ёшида англия футболидаги энг сара ижрочилар даврасига қўшилди. Дарвоқе, бу вақтда Уэйн миллий жамоада охирги марта кўриниш берди. Ҳозирча ёш вингернинг «Гамбург» сафида тўп суриб, икки бора «Олтин тўп» ютган Кевин Киган натижасига интилиши ҳақида гапириш ортиқча, албатта. Лекин у афсонавий «Қудратли сичқонча» билан ҳам қандайдир умумий боғлиқликни юзага келтиришга улгурди. Яъни Санчони Бундеслиганинг октябрдаги энг яхши футболчиси сифатида эътироф этишди. Алоҳида айтиш керак, ёш вингерга юқори баҳо беришгани бежиз эмас. Дортмунд клуби тарихидаги англиялик биринчи футболчи аввалига «Аугсбург»га қарши ўйинда самарали узатмаси билан драматик ғалаба (4:3)га катта ҳисса қўшди, кейин сафарда «Штутгарт» дарвозасини ўзи ишғол қилди, «Герта» билан ўйинда эса «дубль» қайд этиб, жамоасига муҳим очко келтирди. Қолаверса, «Бавария»га қарши баҳсда гарчи гол урмаган бўлсада, қарши ҳужумларда фаоллик кўрсатиб, мюнхенликларга сира тинчлик бергани йўқ. Хуллас, Жейдоннинг энди 18 ёшни қарши олганини назарда тутсак, дастлабки 545 дақиқа ичида 4та гол уриб, яна 6тасига ассистентлик қилгани - ноёб кўрсаткич. Ваҳоланки, қанот хавбеки яқиндагина «Манчестер Сити» билан жанжалга борган ва клуб томонидан «яроқсиз»га чиқарилганди.
ГВАРДИОЛА КЛУБИ БИЛАН МОЖАРО
Яқинда Хосеп Гвардиолани сўроққа тутишди: «Санчо «Сити»га қайтиши мумкинми?» Испан мутахассиси бунга оддийгина жавоб берди: «Ҳаётда ҳеч қачон «Ҳеч қачон» иборасини ишлатмаслик керак...» Гап шундаки, «шаҳарликлар» ўтган мавсум ёш иқтидор билан совуқ ҳолда хайрлашишганди. Шу ўринда қўшимча маълумот: Жейдон Лондонда туғилган ва «Уотфорд» мактабида таҳсил олган. Хуллас, у «Сити» сафига клубга нисбатан муҳаббати эмас, балки тўланган пул туфайли қўшилган. Гарчи «шаҳарликлар» Санчони таркибдаги Фоден ва Диас каби ёшлар билан тенг кўрган бўлсаларда, клубдаги ҳаёт тарзи вингернинг ўзига асло ёқмади. Қолаверса, у 2017 йили асосий таркибдан нақадар узоқлигини тушунди, чоғи, кетиш ҳақида ўйлай бошлади. Тўғрироғи, атиги 2 йилга мўлжалланган янги шартнома остига имзо чекишдан бош тортди. Ҳаммаси анча жиддий тус олиб, Санчо ҳаттоки, машғулотларга чиқмайдиган ҳолатгача келди, ўзига янги жамоа топишга уринди, дейлик, ижара келишуви асосида бўлсада, бошқа клубга кетишни истади. Натижада истиқболи баланд Жейдон учун кўплаб грандлар ўртасида ҳақиқий «ов» авж олди. Хусусан, «Бавария» спорт директори Ҳасан Салихамижич кейинроқ мюнхенликлар ҳам кураш олиб боришганини тасдиқлади. Аслида футболчилар олдида Мюнхен ёки Дортмунд жамоасини танлаш имконияти туғилса, улар кўпинча биринчисида ўйнашни маъқул кўришади. Қарангки, Жейдон бошқача йўл тутди. Эҳтимолки, Михаэль Цорк бошчилигидаги «Боруссия» вакиллари ёш футболчига «сариқ-қоралар» сафига қўшилишнинг плюс томонларини яхши тушунтиришгандир, аммо охирги сўз унинг ўзида қолганди, барибир. Хуллас, Санчо жамоа танлаш бобида мантиқан тўғри қарор чиқарди, дейиш мумкин. Ҳар ҳолда, «Бавария»да рақобат ва талаб бошқача, Дортмундда эса ёшлар кўп ва улар қатори асосий таркибда майдонга тушиш имконияти баландроқ. Биргина мисол - Усмон Дембеле қисқа фурсатда кўзга ташланиб, «Барселона» эътиборига тушди, Каталонияга йўл олди. Албатта, Санчо АПЛнинг бошқа клубларидан ҳам аниқ таклифлар олганди, лекин у «Боруссия»да ўйин амалиётига эга бўлиш эҳтимоли юқорилиги боис, Бундеслигага ошиқди. Шу тариқа дортмундликлар можаро билан кетган Усмон Дембеле ўрнини Жейдон ҳисобига тўлдиришди.
УОЛКОТТ ВА РУНИ ЎРТАСИДА
Фақат Англия эмас, бутун дунёда футбол вундеркиндларининг бир неча гуруҳи бор. Айримлар худди Уэйн Руни каби жуда эрта ва омадли бошлаб, афсоналар қаторига қўшиладилар. Яна бир тоифага мансуб иқтидорлар аксинча, улкан имкониятларини тўлиқ юзага чиқаролмайдилар. Мисол учун, Тео Уолкотт кутилган мақомга эришгани йўқ. Санчони ҳам олдинда турли қийинчиликлар, эҳтимолки, жароҳатлар, руҳий босим ва бошқа муаммолар қарши олиши ҳеч гап эмас. Гап уларни енгиб ўтишда. Жейдон Англия термаси тарихидаги энг ёш дебютант бўлгани йўқ, лекин у ҳозирги суръати билан алоҳида ажралиб турибди. Демакки, футбол бобида ҳали анча ўсишига ишониш мумкин. Дейлик, гоҳида қойилмақом даражада ўйнайдиган ўша Раҳим Стерлинг ҳар доим ҳам ҳужумда тўғри ҳаракатланавермайди. Жейдон Санчо эса тўпни сира қизғанмайди. Йўқ, у айёрона йўл тутишга мойил эмас, аммо кўпинча ҳужумга тўғри йўналиш беради, битта узатма билан тезликни оширади. Шунинг баробарида йигитча майдонда ҳали кўп тер тўкиши керак - худди ёш Руни вақтида тинмагани каби. Ҳа, Уэйннинг юксакликка кўтарилиши учун битта трансфер («Эвертон»дан «МЮ»га) кифоя қилганди, лекин Санчо «Боруссия»дан ҳам кучлироқ клубни кўзлаши шарт. У агар ҳозиргидек ўйнашда давом этса, таклифлар узоқ куттириб қўймайди. Немислар англиялик футболчини чамаси 8-10 млн. еврога сотиб олишган, энди унинг трансферидан худди Усмон Дембеленики сингари катта фойда олишни исташлари аниқ. Дарвоқе, Санчо яна бир афсона йўлини такрорлаш имкониятига эга. Гап АПЛда довруғ қозонган «МЮ» юлдузи Дуайт Йорк ҳақида кетяпти. Чунончи, ўтмиш голеадори ҳамда келажак юлдузининг аждодлари бир жой - Тринидад ва Тобагодан.
***Жейдон Санчо - ғаройиб персонаж. У Бундеслиганинг дастлабки 9та турида «Гол } пас» тизимида 10 очко тўплади (4та гол, 6та самарали узатма). Ваҳоланки, 18 ёшли ярим ҳимоячи бу оралиқда атиги 2та ўйинда тўлиқ вақт тўп сурди, холос. Санчо шунингдек, Германия кубогида ҳам ўз ҳисобига самарали узатма ёзиб қўйди, ЧЛда гол уриш баробарида ассистентлик ролини бажарди. Қизиғи, англиялик йигит жорий мавсумнинг дастлабки 2 ойида асосан ассистентлик қилганди - 8та самарали узатма (барча турнирларда) ва 1та гол. Кейин 20-27 октябрь оралиғидаги 3та ўйинда 4та гол урди.
***Жейдон Санчо - Бундеслига тарихида «дубл»га эришган энг ёш хорижлик футболчилардан бири. Ундан бу борада биргина Жанубий кореялик Сон Хюн Мин олдинда (81 кунлик фарқ билан).
***Жейдон Санчо - ғалати жаҳон чемпиони. Аслида «Боруссия» раҳбарияти ўтган йилнинг октябрида уни U-17 тоифасидаги ўсмирлар мундиалига қўйиб юборишни истамаганди. Лекин инглизлар якунда Санчони гуруҳ босқичидан кейин Дортмундга қайтариш ҳақида ваъда бериб, клубни кўндиришди. Англия термаси ЖЧ гуруҳ раундида 3та ўйинни умумий 11:1 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди, хусусан, 2та гол Санчо ҳисобига ёзилди. Англияликлар кейинчалик Жейдонсиз японларни пенальтилар серияси бўйича енгишди, АҚШ, Бразилия ва Испания термалари дарвозасига жами 12та гол уриб, бош соврин соҳибига айланишди. Дарвоқе, ўша турнирдан олдин Санчо ўсмирлар ўртасидаги Европа чемпионатида ҳам қатнашган, бироқ Англия термаси финалда испанларга ютқазганди (пенальтилар бўйича). Муҳими, Жейдон Европа биринчилигида 5та гол уриб, энг яхши футболчига аталган совринни ўзиники қилганди.