Марат Бикмаев термамизнинг оёғидан иккинчи маротаба ҳам тортиб қолди. Афсус, хайр Осиё кубоги. Шарҳловчиларимизга «тасанно»!
Ҳозиргина якунлаган учрашувда терма жамоамиз пеналтилар серияси қурбонига айланди. Ҳаммаси биз учун яхши бошланган эди. Афсуски, якунда амалдаги чемпионларни кейинги бекатга кузатиб қўйдик. Ўйин мобайнида шарҳловчилар томонидан чархланган асаблар Бикмаевнинг ноаниқ зарбаси эвазига портлаб кетди.
Узоқ давом этган учрашувни жуда кўпчилик икки ҳисса қўрқувда ўтказди. Биринчидан, оғир учрашув бўлди, иккинчидан эса, бизнинг машҳур шарҳловчиларимиз Австралия терма жамоасининг ўйинчиларини таърифини келтириш билан мухлисларни икки ҳисса қўрқувда ушлаб туришди.
Майли, матч ҳақида қисқача тўхталсак.
Учрашув тенг курашларда давом этди. Бугунги учрашувда иккала жамоа ҳам ғалабага лойиқ ўйин кўрсатишди. Афсуски, термамизнинг деярли икки соатлик меҳнатни эски ва омадсиз футболимизнинг кўланкаси ўз домига тортиб кетди…
Пеналтилар серияси бу - доим лоторея. Омад бу сафар ҳам биздан юз ўгирди. Майли, ўтган иш ўтди. Келажакда бизни ЖЧ саралаши кутиб турибди…
Эктор Купер жанобларига турнирдаги ажойиб ўйинлари учун катта раҳмат айтиб қоламиз. Биз бу темпда ишлашда давом этсак, насиб қилса савия жиҳатидан Эрондан ҳам ўтиб кетишимизга ишонамиз. Раҳмат сизга, Купер тоға