АПЛнинг 1та ТУРИДА КУЗАТИЛГАН ИККИ ЭЪТИБОРЛИ ВОҚЕА. Ҳаётда учрайдиган ҳолат: сиз бошқа шаҳарга футбол кўргани ва севимли жамоангизни қўллаб-қувватлагани борасиз, нотаниш стадионга биринчи марта кирасиз. Кейин марказий трибунадан жой оласиз ҳамда меҳмонлар учун айтойдил қайғура бошлайсиз. Шунда ногаҳон машҳур телеканал мухбири сизга юзланиб, мезбон клуб бош мураббийи сифатида қачон иш бошлашингиз ҳақида сўрайди. Кейин атрофингиздаги нотаниш кимсалар бирга суратга тушишингизни илтимос қилишади, якунда бўлажак ишингизда омад тилашадию, жимгина ортларига қайтишади. Негаки, ташқи қиёфангиз билан ўша жамоанинг эҳтимолий янги бош мураббийига жуда-жуда ўхшайсиз. 20 январь куни «Манчестер Сити» мухлиси Мартин Уорхерст худди шундай ҳолатни бошдан ўтказди.
Мартин ақлини танибдики, «Манчестер Сити»га мухлислик қилади, лекин унинг касбий иши футболга мутлақо алоқадор эмас. Аниқроқ айтганда, Мартин Уорхерст оғир хасталикка чалинган болаларга ёрдам бериш билан шуғулланувчи Martin House хайрия ташкилотида ижрочи-директор вазифасини бажаради. Умуман, Мартин Хаддерсфилддан атиги 19 километр узоқликда жойлашган мўъжазгина Уэйкфилд шаҳарчасида яшайди. Дам олиш куни футбол кўришга бориш ва бегона аренада севимли ўйинчиларини бевосита қўллаб-қувватлаш - бу Англиядаги турмуш шароити учун ажойиб ғоя. Тўғри, масофа яқин бўлсада, Мартин «Хаддерсфилд» стадионига биринчи марта кирди. Асосийси, у «Жон Смитс» аренасига илк ташрифини ҳеч қачон унутмаса керак. Яхшиси, мухлиснинг таассуротларига эътибор қаратинг: «Трибунада бамайлихотир ўтирганимда, бир киши олдимга келди. Очиғи, аввалига бироз ўнғайсизландим ва беихтиёр ўйладим: «Ишқилиб, ҳозир менга ўз жойимга ўтирмаганимни айтмаса эди...». Тез орада нотўғри ўйлаганим ойдинлашди. Ҳалиги киши дабдурустдан савол берди: «Хуш кўрдик, Ян. «Хаддерсфилд» бош мураббийи сифатида қачон иш бошлайсиз?» Табиийки, ўзимни кулгудан тўхтатолмадим ва дарҳол адашганини айтдим: «Йўқ-йўқ, Ян эмасман, исмим - Мартин, Уэйкфилддан келдим...». Кейин ҳаммаси шундай тез ривожландики, нималар бўлаётганини англолмай қолдим. Атрофимда ўтирган одамлар бирданига қўл телефонларини олишди-да, бирга суратга тушишимни илтимос қила бошлашди. Айримлари ҳаттоки, ақлдан озгандек баралла бақиришди: «Тўхта, тўхта, сени фақат телевизорда кўргандим...». Хуллас, бу орада ҳеч нарса қилолмай қолдим: мухлислар мени ўраб олишди ва шунчаки, бирин-кетин ёнимга яқинлашиб, селфига тушишди, елкамга оҳиста урганча омад тилашди».
Очиғи, оддий мухлисни мураббий ўрнида кўрган Sky Sports журналистини ортиқча айблаш ноўрин. Зеро, Мартин чиндан ҳам, ташқи қиёфаси билан «Хаддерсфилд»нинг бўлажак устози - Ян Зивертни эслатиб юборади. У жорий мавсум Дортмунд «Боруссия»си ёшлар жамоасини бош-қарди. «Хаддерсфилд» раҳбарияти эса яқинда Дэвид Вагнер билан ҳамкорликни тўхтатди ва Зиверт учун немис жамоасига 300 минг евро тўлайди. Энг қизиғи, хаддерсфилдликлар 2015 йили Вагнерни ҳам айнан «Боруссия» ёшлар жамоасидан таклиф қилишганди. Дарвоқе, ушбу ҳайратомуз воқеадан илҳом олган Мартин якунда ҳазиллашишни ҳам ўрнига қўйди: «Ҳа, умумий олганда, Зиверт ва менда ўхшаш жиҳатлар кўп экан. Лекин унга нисбатан анча чиройли эканлигимни эътиборга олинглар...». У шунингдек, «Хаддерсфилд» - «Манчестер Сити» ўйини ҳақида ҳам ўзига хос фикр билдирди: «Мезбонлар нимагадир умид боғлашлари мумкинми? Ҳа, фақат агарда 5-5-5 тактик чизмаси асосида ўйнашса...». Мартин бежиз сўзамол мураббийларга хос тарзда баҳо бермаган экан: «Манчестер Сити» бутун учрашув давомида эркин тўп суриб, «Хаддерсфилд»ни жавобсиз 3та гол билан «сийлади».
АПЛнинг 23-туридан ўрин олган 2та ўйинда бир хил - 4:3 ҳисоби қайд этилди. Хусусан, пешқадам - «Ливерпуль» ўз майдонида «Кристал Пэлас»нинг жиддий қаршилигига дуч келган бўлсада, якунда қимматли 3 очкони бегона қилгани йўқ. Ҳа, «голли отишма» якунидаги ғалаба жамоа мухлисларига ўзгача завқ улашгандир, аммо ўйин «қизиллар» учун кичик кўнгилсизлик «тортиқ» этди, барибир. Ҳар ҳолда, «Ливерпул»нинг толмас футболчиларидан бири - Жеймс Милнерга қизил карточка кўрсатилгани «Энфилд Роуд»га сира ёқмагани аниқ. Тўғри, ўйинчининг баъзан майдондан четлаштирилишида ғайритабиий томони йўқ, бироқ учрашувдан сўнг битта қизиқарли фотосурат бутун интернет оламига тарқалди. Маълум бўлишича, Милнерни майдондан «ҳайдаган» ҳакам унинг болалик вақтидаги устози (!) экан. Суратга қаранг: бўлажак ҳакам Жон Мосс чапдан биринчи ўринда, ёш Милнер эса тўп билан марказда. АПЛда 2011 йилдан буён ишлаётган рефери ҳозир 48 ёшда. Хуллас, у вақтида кичик шаҳарча - Хорсфортдаги мактабда ўқитувчи сифатида ишлаган. 33 ёшли Жеймс Милнер эса Лидсда туғилган ва болалигида Роудон ҳамда айнан Хорсфорт шаҳарларининг ёшлар жамоаларида ўйнаган. Қизил карточка кўрсатилган ҳолатга келсак, Милнер таблода 3:2 ҳисоби порлаб турган паллада негадир рақиб оёғига қўпол тарзда ташланди, ваҳоланки, бунга қадар «сариқ» олишга улгурганди. Натижада собиқ ўқитувчи машҳур ўқувчисини ҳеч иккиланишсиз майдондан четлатди. Шу баҳона 20 йил олдинги сурат интернет кенгликларига «бўй чўзди»...