Бразилиялик қанот ҳимоячиси сўнгги пайтларда сира ўзига ўхшамаяпти. Бу эса ўз-ўзидан асосий таркибдаги жойини йўқотишига олиб келмоқда. Сезган бўлсангиз, Солари бошчилигидаги «Реал Мадрид» унинг хизматларисиз ҳам ғалабаларга эришмоқда. Келинг ҳаммаси ҳақида тартиб билан.
«Эл-Классико»лардаги энг суст учрашув
Ўша куни Марсело ўз қанотида 18 бор тўп учун курашга киришган бўлса, шуларнинг атиги 6 тасида енгиб чиққан. Бу сўнгги 13 та «Эл-Классико»даги энг паст кўрсаткич. Аввалги тўқнашувларда Марсело Неймар, ёки Мессига қарши қанотларда ўйнаган бўлсада, учрашув мобайнида ўз қанотидаги 20 та вазиятнинг 16 ёки 17 тасини ютиб чиққан экан. Ўша куни Марсело ҳужумда нақд 7 бор тўпни олдириб қўйган бўлса, атиги 3 бор ҳужум бошловчи пасларни амалга оширган. Бу Бразилиялик футболчининг сўнгги 5 йилдаги энг ёмон кўрсаткичларидан бири.
Тезликнинг пасайиши ва тўлиқ тикланмаган форма
«Реал Мадрид» бу мавсумни жуда ёмон старт билан бошлади. Жамоа бирин- кетин очколар йўқота бошлади. Айниқса, Лопатеги бошчилигида ўтган илк «Эл-Классико»да эса шармандали мағлубият қабул қилиб олинди. «Қаймоқранглилар» сафидаги футболчиларнинг ёмон ўйинлари эвазига Марселонинг ўйинидаги пасайиш аввалига билинмади. Сўнг Солари жамоа постига келгач, футболчилар секин- аста ўз формаларига қайта бошлашди. Фақат Марселогина аввалги даражасига чиқа олмади. Солари футболчининг кетма-кет ютилган кубоклардан эйфорияга берилиб кетди деб ўйлади шекилли, заҳира ўриндиғига жойлаштирди.
Бу қарор ўзи шундоғам ўз ўйинини топа олмаётган футболчига сезиларли зарба бўлди ва Марселони эсанкиратиб қўйди. «Эспаниёл»га қарши учрашувда унинг ўрнида ҳаракат қилган Серхио Регуилон учрашувни жуда яхши ўтказди ва Марсело учун янги рақобатчи пайдо бўлганини ҳаммага кўрсатиб қўйди. Ёш бўлишига қарамасдан Серхио «Ла Лига» да 8 та учрашувда майдонга чиқиб 2 та голли пас беришга ҳам улгурди.
Марсело эса ўзининг қанотлардан ҳудди самолёт сингари учишларини соғинаётганини кўп бор таъкидламоқда. Афсуски , агар воқеалар шу кетишда давом этса, Солари қўл остида биз аввалги Марселони бошқа кўрмасак, ажаб эмас.
Солари ва Марселонинг муносабатлари қандай?
Искодан фарқли ўлароқ Солари Марселонинг пастга шўнғиб бораётганидан ҳавотирда. У сўнгги интервьюларидан бирида қаҳрамонимизнинг формасини йўқотиб қўйгани ҳақидаги саволга:
«У клубимиздаги ўйинчилар учун намуна бўла олади. У Мадридни ҳамма нарсадан устун қўя олади ва ҳурмат қилади. Биз ҳамма футболчилар ўз формаларини тиклаб олиши учун ҳаракат қилмоқдамиз. Шахсан мен аввалги Марселони кўришни истайман», - дея чиройли жавоб берди.
Футболчи ва мураббийнинг дўстона муносабатда эканлиги ҳақида Европанинг кўплаб нашрлари бонг уришмоқда. Марсело ҳам ўз навбатида янги мураббий манзилига илқ сўзлар йўлашдан чарчамаяпти.
Марсело яна қайтадими?
Соларининг тактик услубида қанот ҳимоячиларининг тутган ўрни Зидан ёки Анчелоттиникидан анча фарқ қилади. Зизу уни қанотда истаган ишини амалга оширишга руҳсат берар, Марсело эса ёйилиб ўйнаётган жамоадошлари очиб берган зоналардан ёриб кирар эди. Зизу даврида ҳам қаҳрамонимиз ҳимояга ҳар доим ҳам катта урғу бермас, лекин ҳужумдаги фаоллиги эвазига камчиликлари ёпилиб кетар эди.
Солари эса эҳтиёткор ва ўта тартибли ўйин ташкил қилмоқда. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, Марсело сингари ижодкор ҳимоячилар ўрнини Регуилон сингари тактик кўрсатмаларни тўлиқ бажарадиган ёш футболчилар эгаллайди. Марселонинг олдида ҳозирда иккита йўл турибди. Бири иложи борича тезроқ клубни алмаштириш, (бу клуб катта эҳтимол билан «Ювентус»”) ёки ўз услубидан тўлиқ воз кечиб классик қанот ҳимоячисига айланиш.Агар шу икки йўлдан бирини танламаса, ширин хотиралар оғушида ўз иқтидорини вақтга ютказиб қўйганини ҳам сезмай қолади. Биз футболчининг келажакдаги фаолиятига омад ва зафарлар тилаб қоламиз.
Yahyoxo'ja Ulug'xo'jayev