Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Футбол ва бизнес: Зидан – ҳомийлар оханрабоси

Баҳо:
+ | -

ЕЧЛ финалида «Байер» дарвозасига урилган унутилмас гол, жаҳон кубогининг ҳал қилувчи баҳсида амалга оширилган зафарли «дубль», 1998 йилнинг «Олтин тўп»и ва қаторасига 3 марта қўлга киритилган ЕЧЛ кубоклари - буларнинг барчаси футболчи ва мураббий Зайниддин Зиданга тегишли.

Ёрқин фаолиятига заррача доғ туширмаган олижаноб йигит билан ҳамкорлик қилиш учун энг йирик компаниялар йиллаб навбат кутадилар. Хўш, Зайниддин нималарни овоза қилади? Sports.ru шу ҳақда сўз юритади.

Ҳаётда Зидан камтарин, оилапарвар инсон сифатида ҳурмат қозонган, тилига эрк бермайди, саховатпешалик рамзи. Бутун Франция уни хуш кўради, янги асрда Зайниддин мамлакатдаги барча рейтингларнинг мутлоқ етакчиси, машҳур санъаткорлар ва сиёсат арбобларидан ўзиб кетган. 2006 йилда Франциянинг Le Journal du dimanche нашри Зизуни мамлакатнинг энг машҳур кишиси сифатида расман тан олганди.

Табиийки, бунчалик юксак обрў-ҳурмат соҳиби қудратли ҳомийлар эътиборидан четда қолмади, Adidas, Canal }, Audi, Danon, Louis Vuitton, Christian Dior вакиллари Зизунинг кўнглини овлаш пайида бўлишди. Натижада футболчи ўз фаолиятини якунлаш арафасида рекламадан «Реал»даги даромадидан кўра кўпроқ пул ишлади (8,6 млн. - 6,4 млн.). 2018 йилнинг майида «Бернабеу»ни тарк этганида, Британия таблоидлари унинг бойликларини 70 млн. еврога баҳоладилар. Албатта, клублар Зиданга яхшигина ҳақ тўлашган. Бироқ унинг ҳисоб рақамидаги маблағнинг асосий қисми - ҳомийлик бадаллари.

Зайниддиннинг реклама соҳасидаги фаолиятига оид маълумотлар 1998 йилга қадар жуда оз эди (ўшанда футболчи 26 ёшда эди). Adidas фирмасининг маркетинг бўлими раҳбари Эммануэль Гэйнинг айтишича, Зидан 10 йилдан бери элчи мақомида компания билан ҳамкорлик қилган. Мутахассис бу фикрни 2006 йилда билдирганидан келиб чиқсак, Зизу 1996 йилда, «Ювентус»га ўтганидан кейин ҳамкорликни бошлаган.

Футбол юлдузининг тадбиркорликдаги фаоллиги 1999 йилда кескин ошди - Зизу ZZ бренди остида кийим-кечаклар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонага асос солди. Бир йилдан кейин Zidane diffusion компанияси дунёга келди, уни футболчининг ўзи бошқара бошлади.

Низом сармояси 38000 евро бўлган корхонага Зидан ўз қариндошларини жалб этди.

Реклама оламидаги ютуқлари мақтайдиган даражада бўлмасада, Зизу «Бордо»дан «Ювентус»га ўтиш орқали 1996 йилда бу борадаги дастлабки муҳим қадамни амалга оширганди. Чунки у мўмай даромадли бозорга кириб келганди. Қолаверса, у ўзидан аввал Франциянинг энг машҳур футболчиси - Мишель Платини билан таққослашларига шароит яратди. Ўз вақтида Мишель ҳам айнан Турин гранди сафида порлаганди.

Франциянинг мезбонлигида ўтган ва унга дастлабки чемпионлик унвонини келтирган ЖЧ Зиданнинг футболчилик ва реклама фаолиятида ҳал қилувчи роль ўйнади. Тождорга айланган Зизу ярим йилдан кейин «Олтин тўп»ни қўлга киритди.

Шундан кейин Зайниддин барча машҳур компанияларни оҳанрабодек ўзига торта бошлади. Бунинг асосий сабаблари 3та:

1. Яққол кўриниб турган сабаб - Зиданнинг футболдаги муваффақияти.

Бу сабабни изоҳлаш учун баландпарвоз иборалар шарт эмас, Зизу - футбол оламининг энг ёрқин вакилларидан бири;

2. Зидан - муҳожирлар оиласидан чиққан уддабурон болакай рамзи.

Франциядаги ЖЧ-1998 турнири мамлакатдаги сиёсий ва ижтимоий кескинлик муҳити билан ёдда қолганди. Бунинг асосий сабаби аҳоли таркибининг хилма-хиллиги билан изоҳланади. Мундиал якунидан кейин 1998 йилнинг июлида «Экономист» нашри «Францияда ирқчилик кучлими?» сарлавҳали материални чоп этди. Унда давлат муассасалари томонидан ўтказилган тадқиқот натижаси эълон қилинди. Маълум бўлишича, фуқароларнинг 40 фоизи ўзларини муайян даражада ирқчи, деб ҳисоблашар экан. Мусобақа даврида «Миллий фронт» партиясининг етакчиси Жан-Мари Ли Пен вазиятни кескинлаштиришга уринди: «Хориждан ўйинчиларни олиб келиб, уларни французлар жамоаси дейиш сунъийликдан ўзга нарса эмас». Тўғри, кейинчалик партия ўз раҳбарининг сўзлари учун узр сўради.

Зидан Францияда дунёга келган, лекин собиқ колония - Жазоирдан кўчиб ўтган муҳожирлар оиласидан. Отаси Марселда қоровул бўлиб ишлаган, ўзи эса ишсизлик ва жиноятчилик авж олган туманда тўп суриб улғайди.

«Уч ранглилар»нинг чемпион таркиби турли миллат вакилларидан ташкил топганди. «Милан»нинг бақувват ҳимоячиси Марсель Десайи Ганада, Карамбё Янги Каледонияда таваллуд топишган, Лилиан Тюрам билан Давид Трезеге Францияда туғилган бўлсаларда, Тюрамнинг онаси Гваделупадан, Давиднинг ота-онаси эса аргентиналик эдилар. Жоркаеффнинг онаси - арман, отаси - польшалик аёл ва қалмиқ йигитнинг фарзанди бўлган.

Терма жамоадаги ранг-баранг таркиб мамлакатдаги вазиятни акс эттириб турарди. «Жамоамиз Францияга хос бўлган ижтимоий-маданий тузилма ҳақида тўлиқ тасаввур беради», - деганди Гвианада ёруғ олам юзини кўрган чемпион дарвозабон Бернар Лама.

Терма жамоанинг тарихий ғалабаси ва Зиданнинг бетакрор иштироки Франциядаги кўпчилик фуқароларни «Ирқчиликка чек қўйиш вақти келди» шиори остида бирлашишга ундади. Футболга тамоман бефарқ бўлган президент Жак Ширак Зидан ва унинг жамоадошларини Фахрий Легион Ордени билан тақдирлаш маросимида «Уч ранглилар» футболкасини кийган ҳолда иштирок этди. Бош раҳбарнинг юксак эътибори миллионлаб кишилар қалбини тўлқинлантирди, зафарни нишонлаш ниятидаги мухлислар учун Елисей майдони торлик қилиб қолди, Зизунинг портрети Триумфлар аркини забт этди. Мухлисларнинг «Зиданни президентликка!» ва «Раҳмат, Зизу!» каби хитоблари пойтахт осмонига сиғмай қолди.

Дарҳақиқат, Зайниддин нафақат мундиалнинг, балки кўпмиллатли Франциянинг чинакам рамзи бўлди. Табиийки, буни машҳур брендлар эътибордан қочиришмади;

3. Мукаммал репутация - Зизунинг ҳомийлар билан муваффақиятли ҳамкорлигининг учинчи омили. «Зидан - спортдаги натижаларидан кўра инсоний фазилатлари эвазига кўпроқ ҳурмат-эҳтиромга эга бўлган ўта ноёб шахслардан бири. Ундаги асл эркакка хос хусусиятлар футболдаги натижаларидан муҳимроқ» - бу эътироф Sport Lab тадқиқот ва маркетинг консалтинг фирмаси раҳбари Жиль Дюмага тегишли.

Sport Lab тадқиқотларининг тезкор сўрови иштирокчилари Зиданнинг 3та фазилатини алоҳида эътироф этишган: сиполик, соддалик ва ҳамдардлик. Зизу доимо ўз ор-номуси ва нуфузини ҳимоя қилишни унутмаслиги боис, ноқулай вазиятларга тушиб қолмайди, эҳтиёткор ва масъулиятли шахс ролини бенуқсон бажаради. Зайниддин ҳамиша кескин фикрлар билдиришдан ўзини тияди. Мисол учун, унга Франциядаги ирқчилик ва таҳқирлаш хусусида савол беришса, ўзи тушунмайдиган мавзуда мулоҳаза юритишга тайёр эмаслигини айтиш билан кифояланади.

ЖЧ-98дан кейин Зиданнинг барча соҳалардаги ишлари юришиб кетди. 2001-2006 йилларда дунёнинг энг қудратли брендларидан бири бўлган «Реал» шарафини ҳимоя қилди. Футбол оламидаги бенуқсон репутация Зизуга бадавлат ҳомийларни ўз истагига кўндириш имкониятини берди. Нуфузли L’Express нашри маълумотига кўра, Зайниддин қиймати 1 млн. евродан оз бўлган таклифларни кўриб чиқмаслигини билдирган. Ҳатто ЖЧ-2006 финалида Марко Матерацци билан юз берган можаро ҳам унинг обрўсига путур етказа олмади. Ваҳоланки, ўшанда Зидан рақиб кўксига калла тортишдан ўзини тийганида, Франция иккинчи марта шоҳсупага кўтарилиши мумкин эди. Лекин ҳамиятини ҳимоя қилган чемпионни президентдан тортиб, оддий фуқароларгача афв этишди. Ана шу юксак эҳтиром ҳомийларни Зизуга яқинроқ бўлишга ундади. «Матерацци воқеаси Зиданга зарар етказмайди, ҳомийлар ҳеч қаёққа кетишмайди. Чунки у амалга оширган жасурлик чин инсон сиймосини тўлдиради», - деганди 2006 йилда Havas реклама агентлигининг ижрочи директори Жак Сегела. Дарҳақиқат, можаро Зиданнинг реклама шартномаларига зиён етказмади. Ҳатто бутсаларини михга илганидан кейин ҳам ҳомийлар Зизудан воз кечишмади.

Зайниддин 2004 йилдан 2015 йилга қадар Danon маҳсулотларини овоза қилди. 2007 йилда у Grand Optical компанияси билан 5 йиллик шартномага имзо чекди. Унинг йиллик даромади 450000 еврога тенг эди. 2010 йилда Зизу япониялик дизайнер Едзи Ямамотонинг Adidas билан ҳамкорликда яратган кийим-кечаклари намойишида элчи сифатида иштирок этди, ҳатто либосларни кийган ҳолда саҳнага кўтарилди. Ўша йилнинг ёзида Louis Vuitton билан имзолаган келишувига кўра, Диего Марадона ва Пеле билан стол футболи баҳсида куч синашди.

2015 йилда Зидан Mango либосларини овоза қилди. Бир йилдан кейин у Orange телефон операторининг 3 йилга мўлжалланган 6 млн. евролик таклифини қабул қилди.

Қаҳрамонимизнинг Adidas билан сўнгги келишуви 2017 йилгача мўлжалланганди. Бироқ ўтган йилнинг ёзида ҳам фирма маҳсулот ишлаб чиқаришни тўхтатмади. Афтидан, у Зизу билан янги шартномани имзолаган кўринади. Ҳа, таниқли брендни тушуниш қийин эмас - Зидандек камёб овозачидан воз кечишнинг иложи йўқ!

Манба: InterFutbol
Киритилди: 11:15, 26.03.2019.
Ўқилди: 6120 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.