Осиё чемпионлар лигасининг "В" гуруҳидан ўрин олган "Локомотив" Саудия Арабистонида "Ал-Иттиҳод"га қарши ёмон ўйин ўтказмади. Темирйўлчилар сафардан ижобий натижа билан қайтиши мумкин эди.
Биринчи бўлимда Фёдоров шогирдлари тўла устунликка эришиб, бир қатор вазиятлар яратди. Аммо футболчиларимиз улардан самарали фойдалана олишмади.
Иккинчи бўлимда вакилларимиз ҳужум билан бошлашдию, аммо қарши ҳужумда жазоланишди. Зотеев жарима майдонча ичида рақиб ҳужумчисини қўполлик билан тўхтатди. Шамроний 11 метрли жарима зарбасини голга айлантирди. Орадан 2 дақиқа ўтиб, "Локо" бурчак тўпини ўйинга киритди, бироқ голни "Иттиҳод" уриб кетди. Майдон марказида тўпни қабул қилган Тўхтахўжаев рақиб футболчисини алдашга уриб, тўпни олдириб қўйди. Муваллад яккама-якка вазиятга чиқиб бориб, Илёсовни доғда қолдирди. 2:0 — "Локомотив" нокдаунга тушиб қолди.
Фёдоров вазиятни ўнглаш учун баъзи ўзгаришларга қўл урди. Натижада меҳмонлар аста-секин ўзларига кела бошлади. Ўйиннинг 70-дақиқасида Арслонмурот Амонов чап қанотдан етказиб берган узатмани Жамшид Искандаров 11 метрли нуқта устидан чиройли зарба билан голга айлантирди.
Ўйин тугашига 8 дақиқа қолганида эса яна ўша Амоновнинг узатмасидан кейин Райевац бош билан олис юқори бурчакни ишғол қилди.
Ўйин жанговар дуранг билан якунланадигандек эди. Аммо қўшиб берилган дақиқаларда Йован Жокич майдон марказида оддий вазиятда тўпни рақиб футболчиларига тортиқ қилди. Улар тезкор ҳужумга ўтиб, яна пенальти ишлашди. Фаҳад ал-Муваллад кучли зарба билан дарвозани ишғол этди ва жамоасига ғалабани тақдим этди.
Ушбу аламли мағлубиятдан кейин "Локомотив" 3-ўринга тушиб қолди. "Ал-Иттиҳод" ва "Ал-Ваҳда" клублари 6 очко билан "B" гуруҳида пешқадамлик қилишмоқда.
ОЧЛ, "В" гуруҳи, 3-тур
"АЛ-ИТТИҲОД" - "ЛОКОМОТИВ" 2:3 (0:0)
Голлар: Носир аш-Шамроний (48), Фаҳад ал-Муваллад (50, 90+4-пенальти) — Жамшид Искандаров (70), Филип Райевац (82)
"Ал-Иттиҳод": Ассаф ал-Қарний, Абдуллоҳ ал-Амар, Ёсин Барнавий, Зиёд ас-Саҳафий, Метью Юрман, Абдулраҳмон ал-Ғамдий, Секу Саного, Холид ас-Самирий, Носсир аш-Шамроний (Ромариньо 90+1), Абдулазиз ал-Биший (Карлос Вильянуэва 77), Эссам ал-Муваллад
"Локомотив": 35.Жавоҳир Илёсов, 28.Шуҳрат Муҳаммадиев (Даврон Ҳошимов 52), 20.Ислом Тўхтахўжаев, 88.Игорь Йелич, 33.Олег Зотеев, 23.Йован Жокич, 71.Арсланмурот Амонов, 77.Диёр Туропов (Жамшид Искандаров 69), 17.Ҳусниддин Ғофуров, 10.Сардор Мирзаев, 11.Темурхўжа Абдухолиқов