Замонавий футболда савияли футболчининг нархи тобора кўтарилиб бормоқда. Шунга қарамасдан, айрим сабабларга кўра баъзи футболчиларни мавсум сўнгида текинга қўлга киритиш имконияти ҳам мавжуд. Бугун ўз клубида катта эҳтимол билан сўнгги мавсумини ўтказаётган футболчилар ҳақида қисқача
Дэниел Старридж
Жароҳатлари туфайли футболдан узоқ муддат четда қолишга мажбур бўлган футболчи кариерасини тиклаб олиш мақсадида «Ливерпул» ва «Вес Бромвич» клубларида тўп сурган бўлсада, айтарли ҳеч нарсага эриша олмади. Унинг «қизиллар» билан тузган шартномаси ёзда ниҳоясига етишини ҳисобга олсак, клуб у билан янги битм тузишига ишониш қийин. Шундай экан, футболчининг кейинги манзили катта эҳтимол билан АПЛнинг ўртамиёна клубларидан бири бўлиши кутилмоқда.
Оливие Жиру
«Европа Лигаси»да гол уришдан чарчамаётган футболчининг ёзда клуб билан тузган шартномаси ўз якунига етади. Оливиега асосий таркибда жой топилмайдигандек кўринмоқда. Сарри бошиданоқ марказий ҳужумга Эден Азарни қўйиб, Оливиега имконият бермаётган бўлса, эндиликда Гонзало Игуаиннинг «Челси»га келиши Французнинг имкониятларини кескин пасайтириб юборди. Жирунинг иқтидорига ҳеч кимда шубҳа йўқ, аммо «ҳар бир мураббийнинг ўз ҳужумчиси бўлади» деганларидек, Жиру Саррига сира мос келмади. Уни катта эҳтимол билан «Лион» таркибига қўшиб олади. Футболчига «Лион»дан ташқари бир нечта Хитой клубларидан ҳам таклифлар мавжуд. Кўрамиз Оливие қандай йўл тутар экан?
Эктор Эррера
«Порту» Мексикалик футболчини бир неча йиллардан бери жамоасида сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Ўтган мавсумда футболчи АПЛ клубларидан бирига ўтишга жуда яқин келган бўлсада, клуб уни қимматроқ пуллашга урунгани учун келишув амалга ошмаган эди. Эндиликда футболчи ўз ихтиёри билан «аждарлар»ни тарк этиш имкониятига эга. Бунинг учун мавсумни тугашини кутиш керак ҳолос. Эктор янги шартнома имзолаши учун клуб катта маош белгилаши зарур. Футболчиларни сотишдан даромад кўрувчи клуб унинг хоҳишларини қондиришдан кўра, янги иқтидорларни кашф қилишни афзал билса тез орада ажойиб ярим ҳимоячи эркин агентга айланади. Унга ҳозирнинг ўзидаёқ «Уотфурд» ва «Ньюкасл» клублари қизиқиш билдирмоқда. Кўрамиз «Порту» уни олиб қоладими ёки эркин агент сифатида бепул қўйиб юборадими?
Хуан Мата ва Андер Эррера
Испаниялик футболчи «Манчестер Юнайтед»даги 6- мавсумини ўтказмоқда. Катта эҳтимол билан бу унинг сўнгги мавсуми бўлса, ажаб эмас. У қанчалар уринмасин «қизил иблислар»нинг асосий ўйинчисига айлана олмади. Матага «Барселона», «Валенcия», «Севилья» сингари клубларнинг қизиқиш билдираётганини инобатга олсак, унинг Манчестер шаҳрида қолишига ишониш қийин. Футболчининг ўзи заҳирада ўтиришдан кўра ўртамиёна клубда бўлса ҳам майдонга тушишни афзал кўрса, ажаб эмас. Унинг клубдаги яна бир ватандоши Андер Эреранинг ҳам вазияти уникига ўхшаш. Қарийиб 5 йилдан бери АПЛда тўп сураётган футболчи учун «қизил иблислар»нинг мураббийлари қулай позиция яратиб бера олмади. Футболчининг ўзи эса, совринлар ютиш ва терма жамоада муқим ўйнаш учун ҳам ёзда клубни тарк этиши мумкин. Тўғри, унинг клубда тутган ўрни Матаникидан каттароқ, лекин Эрера бунданда кўпроғига лойиқ десак, адашмаган бўламиз.