Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида бокс бўйича Олимпия ўйинлари совриндори, Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устаси Мухтархан Дилдабеков соврини учун мусобақа ниҳоясига етди.
2001-2002 йилда таваллуд топган боксчилар ўртасидаги мусобақада ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари ҳам иштирок этишди.
Бугун финал жанглари ўтказилди ва унда уч нафар боксчимиз рингга кўтарилди. Финал дастуридан ўрин олган жангларда -64 кг вазн тоифасидаги боксчимиз Жавлонбек Юлдашев қозоғистонлик Дарзан Дуйсебайни (3:0) мағлуб этди. -60 кг вазнли Раҳматулло Тошпўлатов мезбон боксчи Айтжан Аширханга 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйди. -75 кг вазн тоифасидаги Комилжон Юсупов эса бошқа бир қозоғистонлик боксчи Ерасил Жакпековга имкониятни бой берди.
Шу тариқа, мураббийлар Ҳамид Тангрибергенов, Сирожиддин Наимов, Ботиржон Маҳмудов ва Ҳамза Авезов бошчилигида мусобақада иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси Чимкентдаги мусобақада 1 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза медалига сазовор бўлди ва умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. Бу борада мезбонлар Қозоғистон терма жамоаси биринчи бўлди.
Терма жамоамиз сафида совриндор бўлган спортчилар:
Олтин:
-64 кг: Жавлонбек Йўлдошев
Кумуш:
60 кг: Рахматулло Тошпўлатов
-75 кг: Комилжон Юсупов
Бронза:
49 кг: Авазжон Йўлдошев
52 кг: Мирзабек Мирзаҳалилов
81 кг: Шоҳжаҳон Абдуллаев
91 кг: Муҳаммадқодир Неъматов
+91 кг: Шохрух Алматов