Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Футбол ва бизнес: ПСЖ ўхшамаган лойиҳа бўлди-ми?

Баҳо:
+ | -

Франциянинг «ПСЖ» клуби хўжайинларининг сабр косалари тўлди. Жамоадан натижалар кутишяпти.

Лекин яқин йиллар ичида юқори кўрсаткичларни камтарона бюджет билан амалга оширишга тўғри келади. Қуйидаги мақолада айнан Париждаги аҳволнинг нечоғли мураккаблиги ҳақида сўз юритилади.

2011 йили «ПСЖ» деб номланувчи бизнесга пул тиккан Қатарнинг Qatar Sports Investments фонди чиройли мамлакатнинг гўзал пойтахтида барча совринларни, жумладан, Чемпионлар Лигаси «шалпангқулоғи»ни ҳам чиройли тарзда қўлга киритиш мумкинлигини тахмин қилганди. Бу ўз навбатида, Қатар ва ушбу буюк бизнесменларнинг обрўсини кўтариши назарда тутилганди. Бироқ йилдан-йилга Францияда гегемонлик ўрнатганига қарамай, «ПСЖ» ЕЧЛда оқсамоқда, қизиғи, буни шов-шувли тарзда амалга оширмоқда. Айни пайт парижликлар теграсида позитивдан кўра негатив кўпроқ.

Клубни Францияда яхши кўришмаяпти, бутун Европада ҳам шундай. Ҳа, албатта, қатарликлар келганидан сўнг «ПСЖ»нинг мухлислари сони ортди, аммо бойваччаларни хушламаётганлар ҳам бисёр. Шу боис, фонд­дагилар мантиқан фикр юритишга интилишмоқда. Имиджингга фақат салбий таъсир кўрсатаётган лойиҳага катта маблағ сарфлашдан нима наф? Айниқса, Франция ичидаги кубок мусобақаларида кузатилган омадсизликлардан сўнг шундай фикрлар аниқ-тиниқ намоён бўлмоқда.

Чемпионлар Лигасини қўя турайлик. Лига кубогидан эрта чиқиб кетиш, Франция кубоги финалидаги мағлубият - буни ҳазм қилиш осонмас. Ҳаттоки, мамлакат чемпионатида катта фарқ билан қўлга киритилган зафар ҳам юпанч бўлолмайди - «ПСЖ»нинг ҳар бир омадсизлиги омма орасида кулгу-мутойиба, мазах билан қарши олинмоқда, ғалабаларга эса оддий ва зерикарли ҳолат сифатида қаралмоқда.

Алоҳида бандда ўта юқори бўлган Франция солиқлари қайд этилган. Қатар фонди ушбу бизнесга кириб келганида, аксарият таҳлилчилар пул тикиш учун бунданда ноқулайроқ мамлакатни топиш амримаҳол эканлигини таъкидлашганди. Бинобарин, Qatar Sports Investments учун ушбу лойиҳани қаерда амалга оширишнинг фарқи йўқ эди. Дейлик, Чехиянинг «Славия»сини сотиб олиб, у билан Чемпионлар Лигаси бош сов­рини учун курашишса бўларди - барибир, қатарликларнинг пуллари келганидан сўнг «ПСЖ»да французларга хос деярли ҳеч нарса қолмади.

Қатар ишбилармонларининг энди «Рома»га эътибор қаратишаётгани ҳақида гап-сўзларнинг тарқалгани бежиз эмас. Улар айни лойиҳани энди Римда амалга оширишни режалаштиришмоқда, «ПСЖ» деб номланувчи йирик дастурни эса тўхтатишмоқчи. Умуман, Франция ОАВнинг ёзишича, бу дарҳол амалга ошириладиган қарор эмас - у айни пайт муҳокамада, мабодо парижликлар яқин йиллар ичида ўсишга эришмасалар, фақат Лига 1даги совринлар коллекцияси билан чекланишса, «ПСЖ» Францияда гегемонлик ўрнатиб, ички чемпионатни «ўлдириш»да давом этса, якуний қарор қабул қилинади. Зеро бу клубнинг етакчилиги фаранглар юртидаги кўпчиликнинг ғазабини тоширмоқда.

Умуман, йирик маблағ сарфланишига қарамай, «ПСЖ»нинг «ўлик лойиҳа»лигича қолаётганига бир неч­та сабаблар бор.

 

Психология

«ПСЖ»да жамоа шарафи учун курашадиган футболчиларнинг деярли йўқлиги, у ерда ҳамма ўзини ўйлаши, катта пул топиш илинжида бўлиши, клуб ва унинг анъаналарини беэътибор қолдириши бир неча марта таъкидланди. Жамоавий уюшқоқлик йўқ, кўп ҳолларда футболчилар муносабатлари ёмонлашиб, гуруҳлашиш ҳолати кузатилади. Жорий мавсумда эса ҳал қилувчи паллада мағлубиятга учрашдан қўрқув пайдо бўлди. Шу боис Франция кубоги финали бой берилди, шу боис «ПСЖ» Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетди, шу боис мамлакат чемпионлигини нишонлаш ўрнига, кетма-кет ўйинларни ютқазиб, ғолибликни кейинга сураверди. Футболчилар эса қулай шарт-шароитга кўникиб қолишган, жамоани тарк этишни ўйлашмайди.

 

Раҳбарият

Алоҳида танқидлар клуб президенти Носир ал Ҳелайфи манзилига йўлланмоқда. Унинг иши шундоқ ҳам бошидан ошиб ётибди, баъзан мутасаддининг ўзини тутишига қараб, «ПСЖ» унинг учун асосий мақсад ва севимли нарса эмасдек туюлади. «Муваффақиятли менежер» бир неч­та лойиҳаларни юритади ва гоҳида журналистларга интервью бериб, мураббий ва жамоа ҳақида жараёнга мутлақо алоқаси бўлмаган «навбатчи сўзлар»ни гапиради. Мазкур ҳолатда Лоран Блан ишлаган даврни ёдга олиш кифоя қилади. Жорий мавсумдаги аҳамиятли ўйинлар пайти ал Ҳелайфи жамоадан четда бўлди, ўз ишлари билан шуғулланди. У билан муносабатлари яхши бўлмаганлар эса «ПСЖ» раҳбари ҳақида салбий фикрлар билдиришди.

Ҳотам Бен Арфа («ПСЖ»нинг собиқ ярим ҳимоячиси, можаро туфайли клубни тарк этган): «Адолатли бўлиш, атрофдагиларга нисбатан такаббурлик қилмаслик керак. Одамларни ҳурмат қилиш лозим, шундагина ҳаммаси яхши бўлади. Ҳурмат-эътиборсиз ҳеч нарсага эришолмайсиз».

Вероник Рабьо («ПСЖ» ярим ҳимоячиси, шартномани узайтиришдан бош тортгани учун жамоадан четлаштирилган Адриен Рабьонинг онаси ва агенти): «Президент мутлақо нотўғри қарор чиқарди. Унинг ўзи жамоани заҳарлади, бузди, бўлакларга бўлиб юборди, чунки инсонийлик ҳақида унутди».

Ал Ҳелайфи кўпинча клуб спорт директори Антеро Энрикенинг ёнини олади. Ваҳоланки, бош мураббий Томас Тухель, аксарият франциялик мухлислар ва экспертлар Энрикенинг қарорларини маъқуллашмайди, уни жамоани бир четга суриб, фақат ўзини ўйлаётганликда, нотўғри қарорлар чиқаришда айблашади. Тухель ва Энрике алоҳида ишлашади, ал Ҳелайфи жараённи назорат қилмайди, аммо тез-тез ваҳима кўтариб, иш жараёнини чалкаштиради.

Мураббий

Узоқ вақт мобайнида Тухелнинг юксак иқтидор соҳиби эканлиги айтилди. Мавсумнинг биринчи қисмида германиялик мутахассис шундай мақомга лойиқ эканлигини кўрсатди, «ПСЖ»ни мамлакат чемпионлиги ва Чемпионлар Лигаси «плей-офф» босқичи сари етаклади. У мазкур ҳолатда махсус ишланган схема ва тажрибалар ўртасидаги мувозанатни сақлашни ҳам унутмади. Қайсидир паллада Тухелни ҳам психологик муаммолар қуршаб олди, фақат бироз бошқача жиҳатлар бўйича. Дастлабки муваффақиятсизликлар пайти жамоадагилар билан бирга тушкунликка тушиб қолди. Натижада, биринчи навбатда, ўзини оқлашга интилди: нохолис ҳакамлик, кадрлар етишмовчилигидан нолиди. У жамоавий уюшқоқлик танқислигидан азият чекаётган «ПСЖ»даги муҳитдан озиқланди.

Тухель кераксиз пайтда тажрибаларни қўллашда давом этди, жамоа­ни руҳий жиҳатдан шакллантира олмади, тактик жиҳатдан ҳам тез-тез хатоларга йўл қўйди - бунга мисол тариқасида яқинда ўтказилган Франция кубоги финалини кўрсатиш мумкин. Ўшанда «Ренн»га қарши баҳсда Тухель кўплаб янглиш қарорлар чиқариб, рақибнинг ғалабани илиб кетишига замин яратганди. Ҳар томондан келган босим, мураббий манзилига йўлланган танқидлар Томаснинг ўз салоҳиятига бўлган ишончини йўқотишига сабаб бўлди. Шу боис ҳам «ПСЖ» ҳар жабҳада заиф ва интизомсиз клуб экани таъкидланмоқда. Агар қатарликлар ҳам кетишса, бу парокандаликнинг энг баланд нуқтаси бўлади.

Манба: InterFutbol
Киритилди: 09:40, 14.05.2019.
Ўқилди: 4263 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.