Миллионлар ўйинида футболчиларнинг бошқа бир жамоага ижарага берилиши одат тусини олган. Шу тариқа ўша футболчига кўпроқ ўйин амалиёти тақдим этиш имкони туғилади.
Бундан кимдир унумли фойдаланади, кимдир эса йўқ. Сўнгги мавсумларни асосан ижара асосида бошқа клубларда ўтказаётган Андрей Сидоров айни пайт «Бухоро»да тўп сурмоқда. Яқинда ушбу ҳужумчини суҳбатга чорлаб, унга ўзимизни қизиқтирган саволлар билан мурожаат этдик. Умуман олганда, ёшлар терма жамоаси сафида Осиё чемпиони бўлган футболчи сўнгги пайтларда барқарорликка эриша олмаяпти. Бу борада унга кетма-кет олинган жароҳатлар панд бермоқда...
- Андрей, 2018 йил бошида Хитойда ўтказилган мусобақадан сўнг айрим жамоадошларингиз миллий терма аъзосига айланишди. Сизга бу борада нима етишмади, деб ўйлайсиз?
- Осиё чемпионатида ўз даражамиздан юқори ўйин намойиш этдик. Шунинг учун ҳам жамоамизнинг асосий қисми тез орада миллий термага таклиф этилди. Мен улар учун чин дилдан қувондим. Уларнинг ютуғи менинг ҳам ютуғимдир. Вақти келиб бош жамоадан ўрин олишимга ишонаман.
- Айни вақтда ҳолатингиз қандай, яшил майдонга қачон қайтиш ниятингиз бор?
- Мавсум бошида ижара асосида «Бухоро»га ўтдим, аммо муҳим баҳсларда жамоага ёрдам беролмадим. Муҳими, биз ҳали ҳеч нарса йўқотмадик, асосий ўйинлар олдинда. Қишки йиғинлар вақтида кетма-кет жароҳатлар безовта қилаверди. Боз устига, тўқнашув пайтида ўнг елкам қаттиқ шикастланди. Муваффақиятли операцияни бошдан кечирдим. Ҳозир ҳаммаси яхши, секин-аста машғулотларни бошлаяпман. Яқинда умумий гуруҳ билан шуғулланишни бошладим. Худо хоҳласа, тез орада майдонга қайтиб, мухлисларни хурсанд қиламан.
- Турли жамоаларда ижарада ўйнашдан зерикмадингизми? Бу кейинги фаолиятингизга салбий таъсир ўтказмайдими?
- Ўйлайманки, бундай бўлмайди. Захирада ўтиргандан кўра, ижарада бўлса ҳам кўпроқ ўйин амалиётга эга бўлган яхши. Футбол - шахмат эмас, уни ўтириб ўйналмайди, фақат югуриш керак. Асосийси, яна аввалги спорт формамга қайтсам, бас.
- Балки олдин ўйнаган клубларингизда мураббийлар сизга имкон беришмагандир?
- Бу фикрга қўшилмайман. Қарийб барча жамоаларимда ҳамма қатори менга ҳам ишонч билдиришди. Масалан, ўтган йили «Қизилқум» ва «Нефтчи»да ёмон ўйин намойиш этмадим. Озми-кўпми, жамоа ғалабаларига ҳисса қўшдим. Лекин барчаси менинг қўлимда эмас, агар ўзимга боғлиқ бўлганида бошқа гап эди. Бахтиёр Ашурматов жамоага келганида мени ҳам таклиф қилди ва бундан жуда хурсандман.
- Келинг, энди Хитойдаги қаҳрамонликни яна бир бор эсласак. Равшан Ҳайдаров майдонга тушишингиздан олдин нима деганди?
- Учрашувнинг сўнгги сониялари ўтиб бораётган вақтда мураббийимиз катта таваккалга қўл уриб, мени майдонга туширди. Бу энг охирги имконият эди, ортга йўл йўқ. Ўйинни пенальтилар сериясигача олиб боришни истамаётгандик. Чунки рақиб финалгача барча жамоаларни «лотерея» орқали ютиб келганди. Равшан ака менга қандай ҳолатда бўлишдан қатъий назар зарба йўллашимни тайинлади. Достон Ҳамдамов бурчакдан тўп тепаётганда шунчаки уни дарвозага тўғрилаб юбордим. Бу - чинакам омад.
- Вьетнам терма жамоаси учрашувни бошқа муддатга қолдириш таклифи билан чиққан экан. Агар ўйин қайтадан ўтказилганда нима бўларди?
- Баҳснинг қолдирилиши бизнинг зараримизга ишларди, чунки ўйинни назорат қилиб бораётгандик. Мабодо, шундай бўлганда ҳам барибир чемпионлик бизга насиб этарди (кулади).
- 2022 йили бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати формати ва жамоалари сони ўзгаришсиз қолди. Бу бизга қулайлик берадими ёки аксинча?
- Ўзбекистон қандай шароитда бўлишига қарамай, мундиалга бориши керак ва шарт. Унда ҳам, бунда ҳам шу жамоалар билан кураш олиб борамиз. Эктор Купер юқори савияли, жаҳон даражасидаги мураббий ҳисобланади. Ишончим комилки, биз албатта жаҳон чемпионатига борамиз.
- Лекин бу жуда қийин иш...
- Албатта, осон юмушнинг ўзи йўқ. Мухлислардан тортиб футболчиларгача баравар меҳнат қилишса, натижа биз учун ижобий ҳал бўлади.