Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Токио Олимпиадасига тайёргарлик кўраётган терма жамоамиз вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда қатор маданий тадбирлар олиб бормоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Чирчиқ шаҳрида оғир атлетика терма жамоаси учун ташкил қилинди. “Бўстон” сиҳатгоҳида бўлиб ўтган мазкур тадбирда Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси мутасаддилари, ўзбек спортининг бир қатор номдор фахрийлари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирдан аввал Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов атлетларимиз ва мураббийлар билан кўришиб, Токио Олимпиадасига олиб борилаётган тайёргарлик ҳақида суҳбат ўтказди ва спортчиларимиз ҳолидан хабар олди.
Маданий тадбирни Ўзбекистон спорт фахриклари кенгаши раиси Комилжон Худойберганов очиб берди. Шундан сўнг Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Ахбор Имомхўжаев, оғир атлетика бўйича жаҳон рекордчиси, спорт фахрийси Эркин Каримов сўзга чиқиб, спортчиларимизнинг Токио Олимпиадасига тайёрланишлари учун яратиб берилаётган бундай шарт-шароитлар ҳеч бир Олимпиада циклида бўлмагани, уларни қўллаб-қувватлаш учун давлатимиз кўрсатаётган эътибор ҳақида таъкидлаб ўтдилар.
Таъкидлаш жоиз, ушбу тадбирда айни пайтда ҳамюртларимиз билан ўқув-машғулот йиғинини ўтказаётган Непал терма жамоаси вакиллари ҳам иштирок этишди. Ўз навбатида меҳмонлар ҳам юртимизда спортчиларимизни маънавий ва руҳан қўллаб-қувватлаш йўлида олиб борилаётган бундай тадбирлар ҳақида илиқ фикрларини билдириб ўтишди.
Мазкур тадбир терма жамаомиз вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, давлатимизнинг улар учун қаратаётган эътиборини кўрсатиш ва улардаги ватанпарварлик туйғусини янада кучайтариш, дам олиш кунлари тинимсиз машғулотлардан ташқари маданий ҳордиқ олишлари учун ташкил қилинмоқда. Бу галги тадбирга сўз устаси, таниқли қизиқчи Шукурулло Исроилов ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шаҳзода ташриф буюриб, спортчиларимиз учун энг сара ижодларидан айтиб беришди.
Ташкил қилинган бундай тадбирдан руҳланган Адҳамжон Эргашев ҳамда Муаттар Набиева спортчилар номидан ташаккур айтиб ўтди.
“Бизларни Токио Олимпиадасига тайёрлаш йўлида мана шундай тадбирлар ташкиллаштириб, бизни қўллаб-қувватлаётган ҳукуматимизга, спортимиз раҳбариятига чуқур миннатдорчилик билдириб қоламан. Насиб қилса, бизга билдирилган ишончни ва кўрсатилаётган эътиборни, албатта, оқлаймиз ва Токио Олимпиадасидан ҳам медаллар билан юртимизга қайтиб келамиз”, – деди Адҳамжон Эргашев.
Шу тариқа Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда Токио Олимпиадасига тайёргарлик йўлида ташкил этаётган яна бир маданий тадбири ўз якунига етди.