Сенинг исмингни Ер деб аталмиш саёрада эшитмаганлар кам топилади.
Сенинг суратинга қараб, кимлигингни танимайдиган эркаклар ҳам кам топилади.
Сен битта копток орқасидан югуриб, бутун дунёда машҳур бўлган шахссан.
Аслида эса, сенинг қандайлигингни жуда кам инсонлар яхши билишади ва нима учундир, сени миллиардга яқин инсонлар тан олишганини, оддий қабул қиласан. Сабаби, сен майдонда кўрсатган ҳунарлар, сен учун оддий “уддалайман” ишлар тоифасига киради. Бошқалар, шу ишларни уддалаши учун, аниқ режа асосида, куну тун меҳнат қилишади.
Сен футбол деб аталмиш ўйинни, олтин қоидасини бузган шахссан!
Футболда – асосийси Ғалаба ва Натижа эмас, Футболда асосийси Санъат ва Эстетик Гўзаллик юқори баҳоланишини яна бир бор исботлаб қўйган тирик даҳосан!
Бу баҳони, сенга футболни миридан сиригача тўғри талқин қилиб тушунадиган, журналист деб аталмиш ижод вакиллари беришди!
Cенинг ҳозир ҳам, шу ёшда юқори даражада ўзингни ушлаб туришинга — сенинг камтар табиатинг, оилапарварлигинг ва ёшлигингдан катталар зиммасига тушадиган синовларни енгиб ўтганинг пойдевор бўлган ва... албатта, сўзсиз, Криштиану Роналду!
Ҳа, айнан Криш сен билан галактик рақобат туфайли, ўз устида куну тун ишлаб, сенга етиб олган ва гоҳида ўзиб кетган даврларни кўрдик!
Ва сен, яна ўзингга хос камтарлик, доимо хотиржам нигоҳ ва маъсум табиатинг билан, яна бир бора биринчи бўлдинг!
Лео бир нарсани унутма!
Сенга рақобат қилган “Голланд Терминатори” Виржил ван Дейк, “Сенегаллик Камбағаллар Дўсти” Садио Мане... "Польшалик Пулемёт” Роберт Левандовски, “Мисрлик Сеҳргар” Муҳаммад Салоҳ, “Британ Экспресси” Раҳим Стерлинг, “Аргентиналик Кичик Шаҳзода” Серхио Кун Агуеро, “Буюк Камтар” Нголо Канте ва сўзсиз Криш — булар сенга муносиб рақобатчилардир!
Мен ўтган даврларда сенга рақобатчи бўлган “Буюк Импрессионист” Андреас Иньеста ва “Каталониялик Дирижёр” Хави, “Марселлик Наполеон” Франк Билол Рибери, “Голланд Рафаэли” Арьен Роббен, “Электро” Оливер Нойер ва бошқа буюк муносиблар ҳақида гапирмадим ҳам... Улар аслида сендан маҳорат бобида сендан қолишмайди, ҳатто, айрим ўйинларда, сендан кўра яхшироқ натижа ва чиройлироқ ўйин кўрсатишган!
Лекин, журналистлар Сени танлашди!
Бу худди, сенинг отдошинг бўлмиш буюк Да Винчи чизган “Мона Лиза - Жоконда” картинасидаги гўзал таснифига тўлиқ жавоб бермайдиган бева аёлни сурати, нега ҳалигача энг қиммат картина ҳисобланиб келиниши ҳақидаги баҳсга ўхшаб кетади.
Сирли ним табассум Жоконда нигоҳида, ҳар ким ўзи учун ички бир кичик ўхшашлик, яқинликни топади, эстетик завқ олади. Бу буюк Леонардо да Винчини маҳоратини сири!
Сен эса, майдонда ҳар гал, бор маҳоратинг ва саънатингни, янги рангларда ва ракурсларда тасвирлайсан! Кичик бир вазият ва кескин вақтда, нимани яратишинг, фақат ўзинга аён!
Сен буни ҳаммани лол қолдириш учун яратмийсан, йўқ, асло бундай эмас!
Сен буни, уддалай оладиган ишинг бўлгани учунгина яратасан!
Сен санъатда ўзингни кўрмайсан, аксинча, ўзингдаги саънатни намойиш қиласан!
Санъат эса доимо қадрланиб келган!
De gustibus nоn est disputandum ёки Дидлар ҳақида эса, баҳслашилмайди!
Футболдаги “Олтин Қоидани” бузган ва олтинчи бор “Олтин тўп”га муносиб кўрилганинг муборак бўлсин, буюк ва камтар Лео!
Фурқат Қурбонов