Бир фильмда кўргандим. Рим аскарлари уйга қайтишаётганда адашиб қолишади ва охири таниш йўлни топиб олишади. Ичида бирови бояги йўл қулайроққа ўхшаркан, ўша йўлдан бориб кўрмаймизми, деса, сардор айтади: "Бошқа йўлнинг охирини билмаймиз. Ўлсак ҳам биладиган йўлимизда ўламиз!"
"Барселона" 17 йилда илк бора мавсум ўртасида мураббий алмаштиряпти. Бунақаси бўлмаган. Мажбурлиги аниқ. Чунки сал аввал раҳбарият Вальверде билан йил тугагунча ишлаш ниятидалигини таъкидлаганди.
Иккинчи томондан, жуда-а олиб ташлаш нияти бор эса-да, бунақа пайти Эрнесто ўрнига топ-мураббий топишнинг имкони йўқ эди. Почеттино йўқ дейиши олдиндан маълум, Куман Евро-2020дан сўнг келишини айтган, ҳатто мураббийлик борасида ном қозонмаган Хави ҳам рози бўлмади.
Кике Сетиен юқоридаги номзодлардан кейинги ўринда эди. Ҳа, ҳа, у "Бетис" билан тотал ўйин намойиш этган, "Камп ноу"да "Барса"ни охирги бор мағлуб этган мутахассис ҳисобланса-да, ишонинг, юқоридаги вариантлардан бирортаси хўп деганида, унга қарабам ўтиришмасди.
Ҳозир каталонияликларга янги мураббий номидан кўра Вальверденинг кетгани хуш ёқиб турибди. Сетиеннинг "тики-такаси" ҳақидаги гапларни эртага ўқишади.
Сетиен Мессини кўп алқаганини ҳам билиб олишади. Ҳаа, демак унга қийин бўлмайди, деб қўйишади ҳали.
Аслида муаммо анча юқорироқдан оқиб келмоқда.
Гвардиоладан кейинги мураббийлар тўлақонли биринчи рақамли шахс бўла олишмагани бугун сир эмас. Виланова илк зарбани кўтара олмади. Луис Энрике Пепдан кейинги росмана жиддий кунларни бошдан кечирди. У Неймарнинг жамоага қўшилиш ва қўрқинчли ҳужум триосининг совринга ўч даврига келиб қолди. Бахти шу. Кейин барибир мураббийлик имзоси борасида аниқ таассурот қолдирмади.
Вальверде Энрикедан-да оғирроқ вазиятда қабул қилиб олди клубни. Неймар кетган, ҳимоя чизиғи пароканда, дарвозабон муаммоси мавжуд давр. Суперкубокдаги класикода асосий рақибдан қақшатқич зарба. Жамоани ўнглай олди у. Шунинг ҳисобига икки мавсумида чемпионатни "Реал"га бермади. Аммо унинг-да базаси "Барселона"ни муҳимроқ турнирда қутқариб қолишга етмади.
Энди Сетиен... Сантандерлик мутахассис олтмишдан ошганига қарамай, бирорта топ-клубда ишламаган ҳолида дунёнинг энг совринпараст клубига Вальвердедан ҳам оғирроқ пайтда келяпти. Мавсумнинг ўртасида. Жамоада муаммолар кўп, чемпионатни ютсанг ҳам мақташмайди, ЕЧЛ кубоги билангина рози бўлиши мумкин мухлислар қаршисида у.
Эътибор беринг, мураббийлар борган сари жамоани оғирлашаётган ҳолида қабул қилишяпти.
Нега бундай қисмат, биласизми? Жамоа идеалликни кўрсатиб берган. Мураббий, футболчилар, юлдузлар — бари-бариси "энг гуллаган ёшлик чоғида" бир-бирини топишган. Бугун уларнинг бириси бошқа қутбда, тики-такани чўққига олиб чиққанларнинг аксари йўқ, фақат халоскор Месси қолган (Бускетс ҳам ўйиндан чиқди, ҳисоби).
Ва шунинг учун ҳам кўпчилик танимайдиган Сетиен айнан "тики-така жинниси" эканлиги кўп ёзиляпти. Услубга қайтиш орқалигина жамоа нурли даврларига қайтишига ишонмоқда. Пепнинг ўзи келиши фойдасиз, унинг услубида роҳатланиб ишлайдиган мураббий келаётгани қувонарли ҳол, дейишяпти. Бу даврга охирги магеканнинг ёши ўттиз учга қараб кетаётганда қайтилмаса, кейин кеч бўлади, деб ҳисоблашяпти.
Балки тўғридир шу қарор. Зотан бошқа йўлни билмагандан кейин билган йўлидан кетгани маъқул-да... Нима бўлса ҳам!!!
Баъзан қатъиятда туриб жон бермоқ оғриниб яшагандан шарафлироқ...
Хайрулла ҲАМИДОВ.