Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Даврон Файзиев мақоласи: Рейганнинг мухлиси

Баҳо:
+1 | -

Дўстлар, каналимнинг азиз ўқувчилари. Икки йил аввал ёзган бир мақоламни бугун яна эътиборингизга ҳавола этмоқчиман. Нега айнан бугунлигини ўқиб чиқсангиз тушуниб оласиз. Марҳамат.


РЕЙГАННИНГ МУХЛИСИ

«Совет Иттифоқига уруш эълон қилдим, ядровий ҳужум 5 дақиқадан сўнг бошланади». Рональд Рейган

Турли сайтлар АҚШ президентлари орасида энг юқори рейтингга эга етакчи сифатида Рональд Рейганни эътироф этади. Сабабларини изласангиз, кўплаб қизиқарли фактларга дуч келасиз. Сиёсий фаолиятини оладиган бўлсак, 40-президент даврида АҚШнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида катта ўсиш қайд этилган.

Ўша даврда АҚШнинг сиёсий майдондаги асосий рақобатчиси Совет Иттифоқи билан муносабатларни эса икки қисмга ажратиш мумкин. 80-йилларнинг биринчи ярмида Рейган Совет Иттифоқини «ёвузлик империяси» дея атаб, ҳарбий соҳа ҳамда қуролланиш харажатларини деярли 30 фоизга оширади ва ҳали ихтиро қилинмаган «Юлдузлар жанги» инновацион мудофаа тизими билан оғзаки таҳдид қилади.

Иккинчи муддатда эса муносабатлардаги муз шиддат билан эрий бошлади. Бу даврда Горбачёв билан дўстона учрашувлар, совуқ урушнинг тугатилиши ва қуролланиш пойгасига чек қўйилади, ишсизлик даражаси эса минимал 10 фоизга тушиши билан тарихда қолади.

Бу ишлар Рейган рейтингини Собиқ Иттифоқда ҳам ошириб юборган.

Россия кинематографиясининг буюк актёрларидан бири Савелий Крамаров ҳикоясини эшитгансиз, албатта. Миграция орзусининг сўнгги чораси сифатида у Рейганга аталган «Артистдан артистга» мурожаат хатини АҚШ элчихонасининг деворидан ичкарига улоқтирган. Шу йўл орқали Крамаров учун ўз юртидан кетиш ва янги ватани — Америкага кириш эшиклари очилди.

Шунингдек, Рональд Рейган «Америка орзуси» иборасининг амалдаги яққол мисоли эди. У ўртаҳол ишчи оиланинг фарзанди. Кейинроқ Голливуд актёри бўла туриб, жаҳоннинг энг қудратли давлатларидан бирига етакчи этиб сайланишдек фантастик йўлни босиб ўтди. Голливуддан сиёсатгача бўлган йўлда актёрлар касаба уюшмаси кўприк вазифасини бажариб берган бўлса, Рейганнинг ўткир ақл-идроки, ноёб ораторлик маҳорати ва харизмаси оғир йўлда қанот бўлиб хизмат қилди.

Дарвоқе, Американинг 40-президенти коллежни битиргач, биринчи иш жойи радиостанция бўлган. У ерда Рейган (шу жойига диққат қилинг) спорт шарҳловчиси бўлиб ишлаган ва ўша даврларни ҳаётининг энг бахтли онлари сифатида эслаган.

Балки айнан радиодаги эфирлари ёш Рональдда оммани ўзига қарата олиш хусусиятларини шакллантиргандир...

Президентлик даврида Рейганнинг чиқишларини экран қаршисида бутун Америка аҳли қизикиш билан кутарди ва томоша қиларди. Айниқса, ҳазиллари машҳур эди.

— Коллежда президентлик ваколатлари жуда керак эди. Федерал бюрога баҳоларимни махфийлаштиришни буюрган бўлардим.

— Фавқулодда ҳолатлар юз берса, мени истаган вақтда безовта қилишингиз ва уйғотишингиз мумкин, ҳукумат йиғилишида бўлганимда ҳам.

Ҳатто шундай воқеа ҳам бўлганди. Радиода интервью бериш олдидан бошловчининг микрофонни текшириб кўриш учун бир оғиз гапириб кўриш илтимосига жавобан Рейган: «Совет Иттифоқига уруш эълон қилдим, ядровий ҳужум 5 дақиқадан сўнг бошланади», — деб ҳазиллашади. Бу гап эфирга кетди, табиийки, уни океан ортида ҳам эшитишган. Ўша ҳазил чинаккам урушни келтириб чиқаришига оз қолганди.

Аслида Рейганнинг ўзи учун президентлик даври осон кечмаган. Сайловлардан кўп ўтмай, унга суиқасд уюштирилди. Актриса Жоди Фостернинг эътиборини қозониш мақсадида руҳан носоғлом Джон Хинкли президентга ўқ узади. Бахтли тасодиф туфайли Рейган кўкрагига теккан ўқдан ҳалок бўлмади. Бу воқеа унинг саломатлигига жиддий таъсир кўрсатса-да, иккинчи муддатга ҳам номзодини қўйиб, сайланиб, ишини давом эттирди. Оқ уйни Рейган ғолиб президент сифатида тарк этган. Ҳаётининг қолган қисмини эса орттирган ҳасталиклари билан курашишга бағишлаган.

Рональд Рейганнинг бошқа минтақалардаги машҳурлигига бир мисол. Португалиялик жисмоний тарбия ўқитувчиси Жозе Диниш Рейганнинг чиқишларини мунтазам кузатиб борган ҳолда, унинг мухлисига айланади. У Рейганнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган нашрлар, мақолалар ва барча мавжуд маълумотларни йиғиб борди.

Ҳаттоки, туғилиши кутилаётган тўртинчи фарзандининг исмини унга атамоқчи бўлди. Рафиқаси эса бошқа исм танлаб қўйганини айтади. Жозе Диниш айтганидан қолмади. Натижада рафиқаси ҳамда ўзи танлаган исм вариантларини бирлаштирди. 1985 йилнинг 5 февраль куни туғилган ушбу чақалоққа берилган исм - Криштиану Роналду душ Сантуш Авейру.

Даврон Файзиев

Манба: https://t.me/Davron_Fayziev

P.S. Бугун замонамизнинг икки буюк футболчиларидан бирининг туғилган куни. Мақолани чоп этишдан мақсад эса уни табриклаш эди!

Киритилди: 15:21, 05.02.2020.
Ўқилди: 5253 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.