26 февралдан 1 мартга қадар Германиянинг Берлин шаҳрида велоспортнинг трек йўналишида жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Маълум қилганимиздек, ушбу дунё биринчилигида ҳамюртимиз Ольга Забелинская икки йўналишда (омниум ва очколар бўйича гуруҳ пойгаси) иштирок этади.
Ушбу жаҳон чемпионати трек йўналишида Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи якуний старт эканлигини инобатга олсак, унга бўлган эътибор яна бир карра ортиши табиий. Забелинская мусобақада дастлаб Олимпиада дастурига киритилган омниум йўналишида стартга чиқади. Ушбу дастур 28 февраль санасига белгиланган.
Лицензия учун қандай натижа керак?
Забелинская айни пайтда жаҳон рейтингининг 24-поғонада турибди. Унинг жаҳон чемпионатида кучли бешликка кириши Токио-2020 Олимпиадасининг трек йўналишида ҳам лицения қўлга киритишини кафолатлайди. Қолган поғоналар эса бошқа рақобатчиларнинг натижасига боғлиқ бўлади.
Шунингдек, спортчимиз 1 март куни очколар бўйича гуруҳ пойгаси йўналишида ҳам иштирок этади. Ушбу дастур Олимпиада йўналишига киритилмагани боис пойгачилар унда ЖЧ медаллари учун кураш олиб боришади.