Соат 4 бўлди, яқин вақт ичида тонг отади.
Инсон қотиб ухлайдиган пайт. Мен эса уйга келиб ҳам, жойимга ётиб ҳам эмоциямни боса олмаяпман. Ҳаммасига «Арсенал» ва «Олимпиакос» айбдор. 90 дақиқа тактика билан қийнаб, охири ёрилишди. Сўнгги 15 дақиқа эса бу мавсумдаги энг ёрқин 15 дақиқаликлардан бўлди.
Буни жонли кўрган кўрди. Такрор, хайлайтс, голлар, бизнинг ёзганимиз, дўстингиз айтиб бериши... ҳеч қайси бир вариант жонли эфирдаги ҳолатни энди келтириб чиқармайди.
Аслида меҳмонда ютиб келган «Арсенал» ўз майдонида «Олимпиакос»га дарс ўтиши керак эди. Греклар бошқача фикрда тушишди. Керак бўлса ўламиз деб тушишди.
113-дақиқада Обамеянг қайчи услубида супер гол билан «Арсенал»ни 1/8 га тортяпти.
119-дақиқада «Олимпиакос» олдинга чиқмоқда!
123-дақиқада Обамеянг 3 метрлардан бўш дарвозага уролмаяпти.
1:2 ва «Олимпиакос» қаҳрамонларча кейинги босқичга чиқди!
«Арсенал» эса шундай жамоа-ки, ҳатто ютқазса ҳам чиройли ютқазади.
Европа лигаси, 1/16 финал, жавоб ўйини
Арсенал Англия – Олимпиакос Греция 1:2 (0:0, 0:1, 0:0)
Голлар: 0:1 – 53 Сиссе, 1:1 – 113 Обамеянг, 1:2 – 119 Эл-Арабий.
Арсенал – Лено, Мустафи (Папастатопулос, 103), Бельерин (Уиллок, 84), Давид Луиз, Себальос (Торрейра, 72), Джака, Озил, Пепе, Ляказетт (Мартинелли, 105), Обамеянг, Сака.
Олимпиакос – Жозе Са, Эльабделлауи, Цимикас (Ловера, 114), Ба, Сиссе, Бухалакис, Камара, Ранджелович (Масурас, 77), Гильерме (Пападопулос, 117), Вальбуэна (Бруну Гашпар, 86), Эл-Арабий.
Огоҳлантиришлар: Ба (20), Камара (58).
Дастлабки ўйин — 1:0