Иорданиянинг Амман шаҳрида бокс бўйича Осиё/Океания минтақалари учун ўтган лицензион мусобақа делегациямиз учун муваффақиятли якунланганидан хабарингиз бор. Боксчиларимиз орасида Элнур Абдураимов -63 килограмм вазн тоифасида ўтган баҳсларда барча рақибларини мағлуб этибгина қолмасдан яна бир бор Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди. Ҳа, айнан яна бир бор. Элнур 2015 йил Қатарнинг Доха шаҳрида ўтган жаҳон чемпионатида совриндор бўлиш орқали -60 кг вазн тоифасида Рио Олимпиадасига ҳам йўлланма олган эди. Бироқ терма жамоамиз мураббийлар штаби Риога ушбу вазнда Хуршид Тожибоевни олиб борган эдилар. Орадан 4 йил ўтиб, ўзида кучли ирода ва матонат тўплай олган Абдураимов Токио-2020 иштирокчисига айланди. Яна бир аҳамиятли томони унинг финалда қозоғистонлик Закир Сафиуллин билан ўтказган жанги кўпчилик мухлислар томонидан турнирнинг энг қизиқарли баҳси деб эътироф этилмоқда. Эътиборингизга ушбу боксчимиз билан мусобақа таассуротлари ҳақидаги интервьюни ҳавола қиламиз:
– Ушбу вазнда лицензион турнирга бориш учун жуда кучли ички спарринг жанги ҳам бўлганидан хабаримиз бор. Айтингчи, Иқболжон Холдоровга қарши кечган спарринг қийин бўлдими ёки мусобақадаги жанглар?
– Мен учун иккаласи ҳам қийин бўлди. Холдоров ҳам, Аммандаги рақиблар ҳам катта тажрибага эга ва техникаси юқори бўлган боксчилар. Ҳар икки ҳолатни тенглаштириб кўрмаган бўлар эдим. Иккиси ҳам мен учун бирдек қийин.
– Финалнинг учинчи раундида Сафиуллин билан гап талашиб қолгандай бўлдингиз. Аслида нима бўлган эди?
– Йўқ, унақа гап талашиб қолмадик. Мен унга: “Бекор бундай бокс тушдинг. Чиройли жанг қилганимиз яхши эди”, дедим. Кейин у кечирим сўради ва барчаси ўтиб кетди. Бу ҳолат жуда тез суратда бўлиб ўтди. Жанг якунида бир-биримизни табриклаб, жанг учун раҳмат айтдик. Бу ерда жиддий бир нарса йўқ.
– Рио Олимпиадасига йўлланмангиз бўла туриб бора олмаган эдингиз. Бу эса спортчида кейинги Олимпиадага ҳаракат қилиши учун жуда катта куч ва ирода талаб қилади. Ўзингизда қандай куч топдингиз?
– Албатта, бунга сабр керак. Жуда кўп сабр керак. Риода лицензия бўла туриб бора олмаган эдим. Кейинчалик ўзимда ирода топиб, шу мақсадим сари меҳнат қилдик. Машаққатли меҳнат ва сабр ортидан мана шу натижага эришдик деб ўйлайман.
– Мусобақа ва ундаги ғалаба таассуротлари қандай?
– Турнирни кўтаринки кайфиятда ўтказиб олдик. Унда энг кучли терма жамоа эканлигимизни яна бир карра исботлаб бердик. Бу барчамизнинг ғалабамиз, бу бутун Ўзбекистоннинг ғалабаси. Бизнинг бундай ғалаба қозонишимиз йўлида барча шароитларни яратиб берган ҳукуматимиз ва спортимиз раҳбариятига, биз билан меҳнат қилган мураббийларимизга катта раҳмат айтиб қоламан.
– Олдиндаги режалар қандай?
– Энг асосий режа – Токиога муносиб тайёрланиш. Энди бор эътиборимиз бўлажак Олимпиадага қаратилади. Йиғинларда янада катта меҳнат қилиб, иншооллоҳ, Токио-2020 Олимпия ўйинларидан ҳам ёруғ юз билан қайтиб келишни ният қилганмиз.