Ёзги трансфер муддати очилишига ҳали анча вақт бўлса-да, Неймарнинг "Барселона"га қайтиш "эртаги" яна бошланди. Ўтган мавсумда "ПСЖ" бразилиялик футболчини ўз сафида олиб қолишга қарор қилган бўлса, парижликлар бу сафар унчалик оёқ тираб туришмайдиган кўринади.
"Пари Сан-Жермен" раҳбарияти асосий урғуни Килиан Мбаппега қаратишга қарор қилиб бўлди. Шу боис, каталонияликлар муносиб таклиф берадиган бўлса, Неймар "Камп Ноу"га йўл олади.
Бундан ташқари, ФИФАнинг "Ўйинчилар статуси ва трансфери ҳақидаги низоми"га кўра, бир жамоа сафида 3 йил ўйнгаган ва 28 ёшга тўлган футболчи ўз трансферини сотиб олиш ҳуқуқига эга.
Аввалроқ матбуотда "ПСЖ" Неймарнинг трансфер нархини 150 миллион еврога туширгани ҳақида хабар тарқалган эди. Бундан ташқари, Франция чемпионлари бразилиялик ўйинчининг эвазига "кўк-анорранглилар" сафида бир қатор футболчилардан баъзиларини ўз сафларига қабул қилишга қарши эмаслар. Улар орасида Марк-Андре тер Штегена, Клеман Лангле, Нелсон Семеду, Самуэль Умтити, Филлипе Коутиньо, Анутан Гризманн, Усмон Дембеле ва Иван Ракитич каби ўйинчилар бор.
Шуларни ҳисобга олганда Неймар "Барса"га қайтишга янада яқинлашди. Боз устига, Месси собиқ жамоадошини "Камп Ноу"да кўришни истаётгани боис, клуб раҳбарияти Неймарни қўлга киритиш барча имкониятни ишга солади.
28 ёшли футболчи ушбу мавсумда "ПСЖ" сафида барча мусобақалар доирасида 22та ўйинда майдонга тушиб, 18та гол урди ва 10та голга узатма берди. Бразилиялик футболчининг клуб билан шартномаси 2022 йилга қадар тузилган.