Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати бокс бўйича терма жамоамиз бош мураббийи Марат Қурбонов билан суҳбат уюштирди.
— Яқинда Иорданияда Токио Олимпиадасига лицензия берувчи мусобақа якунига етди. Унда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгалладик. Аммандаги турнирдан кўнглингиз тўлдими?
— Ҳа барчаси ажойиб. Мусобақада муваффақиятли иштирок этиш учун бизга барча шароитлар яратиб берилди. Бу ютуқлар бутун Ўзбекистонники. Интервью аввалида юртимизда боксни ривожлантириш йўлида яратиб берилаётган шароитлар учун мамлакатимиз раҳбарига миннатдорчилик билдираман. Ҳукуматимизга ҳам раҳмат. Шунингдек, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон бокс федерацияси ва ҳомийларга ҳам ўз раҳматимни айтиб қоламан.
Мусобақа ҳақида гапирадиган бўлсам, барчаси кўнгилдагидек кечди. Ахир биз умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритдик. Фақат -75 кг вазн тоифасида режаларимиз бироз ўзгариб кетди. Айрим сабабларга кўра Бектемир Мелиқўзиев мусобақада қатнаша олмади, шу сабабли озгина муаммо бўлди. Унинг ўрнига турнирда Фанат Қаҳрамонов қатнашди. Тўғрисини айтаман, унинг мусобақада иштирок этиши режада йўқ эди. Мусобақада йўл қўйилган камчиликлар устида ишлаймиз, насиб қилса жаҳон лицензион турнирида йўлланмаларни қўлга киритамиз.
— Токио Олимпиадаси 2021 йилга қолдирилди. Бу ўз навбатида режаларга ҳам таъсир кўрсатади. Энди терма жамоа қандай йўл тутади?
— Ҳозирда боксчиларимиз ўз уйларида машғулот олиб боришмоқда. Яхши биласиз, мамлакатимизда карантин эълон қилинган. Ушбу жараён ўз якунига етганидан сўнг шунга қараб режалар тузамиз. Карантиндан кейин йиғинларни бошлаб юборамиз. Айни пайтда олдимизда кўплаб таклифлар турибди. Улардан сизга айтишим мумкин бўлгани, ёзда Россияда ўтказиладиган ўқув-машғулот йиғинларидир. У ерда Россиядан ташқари Куба ва Қозоғистон терма жамоалари ҳам бўлишади. Йиғин якунида ҳар тўртта терма жамоа боксчилари иштирокида жамоавий жанглар ташкил этилади. Ушбу ўқув-машғулот йиғини биз учун фойдали бўлишига ишонаман. Бундан ташқари, яна бир неча мамлакат терма жамоаларидан Ўзбекистонда йиғин олиб бориш таклифи келиб тушган. Аммо, биз вазиятдан келиб чиққан ҳолда иш тутамиз. Шунга қараб режа тузамиз.
Бундан ташқари, шу йили 22 ёшгача бўлган боксчилар ўртасида Осиё чемпионати ҳам ўтказилади. Терма жамоа аъзолари ичида бундай ёшга тўғри келадиган 30 нафарга яқин боксчи бор. Параллель равишда уларни ҳам мазкур Осиё чемпионатига тайёрламоқдамиз.
— Икки вазн тоифасида Париждаги лицензион мусобақада қайси боксчиларимиз иштирок этишади?
— Ушбу мусобақада -81 кг вазн тоифасида Дилшод Рўзметов юртимиз шарафини ҳимоя қилади. -75 кг вазнда эса катта эҳтимол билан Исроил Мадримов мусобақада қатнашади. Кўп нарса мусобақанинг қачон ва қаерда ўтказилишига боғлиқ. Шундан сўнг бу борада яна аниқ маълумот бера оламан. Ҳозирча ушбу лицензион турнирнинг қачон ўтказилиши номаълум.
— Лицензион мусобақа олдидан турнирга кимлар бориши бўйича баҳс-мунозаралар кўпайиб кетди. Шу масалада маълумот бера оласизми? Бобоумон Батуров ва Шаҳрам Ғиёсов ўртасидаги танлов қандай амалга оширилди?
— Ушбу масала бўйича олдимизда қийин танлов турганди. Шаҳрам Ғиёсов кучли боксчи. Жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинлари финалчиси. Айни пайтда профессионал боксда фаолиятини олиб бормоқда. Агар билсангиз, профессионал бокс ва ҳаваскор бокс ўртасида фарқ катта. У ерда 10-12 раундлик жангларга тайёргарлик кўрилади. Бу ерда эса бошқача тизим. Бобоусмон Батуров ҳам иккинчи даражадаги боксчи эмас. У Осиё ўйинларида, Осиё чемпионатида ғолиб чиқди. Жаҳон чемпионати совриндори бўлди.
Январь ойида Шаҳрам Ғиёсов ва Бобоусмон Батуров ўртасида спарринг ташкил этдик. Ушбу спарринг-жангда ҳакамлар бир овоздан Бобоусмон Батуровнинг ғалабасини қайд этишди. Яна бир марта айтаман. Уларнинг ҳар иккиси ҳам кучли боксчилар. Аммо, биз якунда Бобоусмон Батуровни танладик ва у лицензион мусобақада Токио Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритди.
— Элнур Абдураимов ва Иқболжон Холдоров ўртасидаги қарама-қаршилик ҳақида нима дея оласиз?
— Иқбол ёш боксчи. Лекин ортиқча вазн тўплади ва 70 килограммдан ошиб кетди. У аввалига -69 кг вазнда Шаҳрам Ғиёсов ва Бобоусмон Батуровга рақобат қилмоқчи бўлди. Аммо ушбу вазнда шундоқ ҳам рақобат кучли эди. Унга «Истасанг -63 кг вазнда ўз омадингни синаб кўр» дедик. Спарринг кунига -63 кг эмас, 65 килограммгача вазн ташлашига ҳам рухсат бердик ва у буни уддалади. Аммо, унда кўзи билан боғлиқ муаммо бор эди. Якунда ўзаро спаррингда Элнур Абдураимов Холдоровни мағлуб этди.
Мавзу очилгани учун қўшимча қилиб ўтишни истардим, Холдоров мусобақадан қолиб кетганидан сўнг терма жамоада андижонлик боксчилар йўқлиги ҳақида гап-сўзлар кўпайиб кетди. Шуни айтишни истардимки, мен терма жамоага спортчи жалб қилаётганимда унинг қайси ҳудуддан эканлигига қараб ўтирмайман. Кучли, натижа кўрсатиб бера оладиган боксчини нима учун четга суриб қўйишимиз керак? Биз терма жамоаларга Ўзбекистон чемпионатида совринли ўринларни қўлга кирита олган боксчиларни жалб қиламиз. Авваллари Андижондан кўплаб боксчилар йиғинларимизда қатнашишарди. Мана шундай кучли бокс мактабининг бундай ҳолатга тушиб қолганига менинг ҳам жоним ачийди. Ўз ўрнида совринли ўринларни эгаллаб, терма жамоага кира олмаган боксчилар ўз ҳисобидан бўлсада, йиғинимизга киришни исташади. Мен уларни ҳайдаб юбормайман. Чунки, улар орасида ҳам кучли бокчсилар бўлади. Терма жамоа йиғинида қатнашган боланинг савияси ошади. Нима учун Андижон боксчи тушиб кетмоқда? Чунки ҳозирда у ерда аниқ бир тизим йўқ. Кучли, хизмат кўрсатган мураббийлар етарли бўлсада, нима учундир вилоят бокси савияси тушиб кетмоқда. Ўз вақтида Руслан Чагаев, Муҳаммадқодир Абдуллаев, Ўткирбек Ҳайдаров каби юлдузлар етишиб чиққан масканнинг шундай ҳолга тушиб қолганидан афсусдаман.
Яна андижонлик боксчилар ичидан Ҳасанбой Дўсматов проф боксда фаолият олиб боришга қарор қилди. Жасурбек Латипов эса Шаҳобиддин Зоировга рақобатда ютқазди.
— Санжар Турсуновнинг имкониятларини қандай баҳолайсиз?
— Санжар ўз вазни учун жуда ёш боксчи ҳисобланади. Ундаги камчиликларни ўзимиз ҳам биламиз. У лицензион турнир вақтида режадан ташқари вақтларда ҳам вазн ҳайдаш учун биздан яшириб машғулотлар ўтказибди. Бундан ташқари, у лицензия қўлга киритганидан сўнг бироз бўшашган. Биз бу масалага қатъий қараймиз ва унинг янада кучайиши учун ишлаймиз.
— Яратиб берилаётган шароитлар ҳақида нима дея оласиз?
— Худога шукр, шароитлар масаласида барчаси аъло даражада. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан барча шароитлар яратиб берилмоқда. Бундай эътибор кишига ўзига яраша масъулият ҳам юклайди. Биз истаган барча шароитни, исталган мамлакатда йиғин ўтказиш имкониятини яратиб беришмоқда. Кўз тегмасин, бу борада муаммо йўқ. Шунинг учун ҳам юртимизда бокс ривожланмоқда, натижалар ҳам яхши кетмоқда.
— Мураббийлар штабида иш қандай ташкил этилади? Шу ҳақида ҳам гапириб бера оласизми?
— Мураббийлар билан бирга ўз режамизни ишлаб чиққанмиз. Биз режа тузамиз, маслаҳатлашамиз, керак бўлса ўзаро баҳслашамиз ҳам. Якунда эса аниқ бир қарорга келамиз. Терма жамоамиз мураббийлари ўз ишларини ажойиб бажаришади. Жанглар вақтида эътибор берсангиз, мен билан бирга Раҳматжон Рўзиохунов, шунингдек боксчининг шахсий мураббийи чиқади. Улар ўзларига бириктирилган вазифани уддалашмоқда.
Иш давомида аввалги Олимпия ўйинларини таҳлил қилиб чиқаман. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, олдинги Олимпия ўйинларида жамоаларимиз ҳозиргидан ҳам кучли бўлган. Ажойиб боксчилар йиғилган. Аммо ишни ташкил этишда хатоликлар бўлган. Боксчиларга юклама беришда уларнинг имкониятлари ҳисобга олинмаган. Боксда ҳар қандай майда омиллар натижага таъсир кўрсатади.
— Терма жамоадаги ёрдамчиларингиз ҳақида нима дея оласиз?
— Ўзбекистон терма жамоасида менга Раҳматжон Рўзиохунов ва Тўлқин Қиличев ёрдам беришмоқда. Жанг давомида Раҳматжон боксчиларнинг руҳини кўтаради, бурчакда туриб катта ҳажмдаги ишни бажаради. Тўлқин эса ташкилий масалаларда фаол. Уларнинг ҳар иккисининг хизматларини алоҳида эътироф этиб ўтишни истардим. Улар ишни самарали ташкил этишда менга катта ёрдам беришади.
— Яқин-яқин вақтлардан буён йирик мусобақаларга боксчиларнинг шахсий мураббийлари ҳам олиб борилмоқда. Бу натижаларга ижобий таъсирини кўрсатмоқдами?
— Албатта. Айтиб ўтганимдек жанг вақтида мен ва Раҳматжон Рўзиоҳунов билан бирга боксчиларимизнинг шахсий мураббийлари ҳам бурчакда туришади. Мусобақа, ўқув-машғулот йиғинлари давомида бош мураббийдан ташқари боксчининг шахсий мураббий ҳам ишлайди. Бу уларга психологик томондан фойдали. Бунда боксчи ўзини эркин ҳис қилади. Яхши биласиз, ёшлигидан бирга шуғулланиб юрганидан кейин мураббий спортчи учун отадек бўлиб қолади. Бунинг учун Ўзбекистон бокс федерациясига ҳам раҳмат айтмоқчиман. Чунки, бундай ёндошув юксак натижаларда ўз самарасини бермоқда.
— Марат Галиевич, вақт ажратиб суҳбатлашганингиз учун ташаккур. Терма жамоамизга олдинда турган масъулиятли мусобақаларда омад тилаймиз.