Яқинда Футбол тв канали орқали 1999 йилги “Лацио” – Милан” учрашувини шарҳладим. Ҳисобни билардим, бироқ ёшлигимнинг завқли онларига тўғри келган баҳс 4:4 билан тугагани учун ҳужумкор ўйин сифатида ёдимда қолиб кетган экан. Аслида ҳимоя юртида бунақа ҳисоб қайд этилиши ғалати бўлса ҳам.
Ўша ўйинни диққат қилиб кузатдим ва ҳисобнинг бу қадар йириклашиб кетишига ҳимоячиларнинг ёмон ўйини сабаб бўлганини англадим. Камдан кам содир бўладиган ҳодиса, лекин ўша куни шу иш воқеъ бўлган экан.
Айниқса, Роберто Айяланинг хатосини кўриб ҳайрон қолдим. Ахир, у хотирамда ҳимоя қўрғони сифатида гавдаланиб қолган эди.
Бугун Роберто Айяланинг таваллуд топган куни. 47 ёшга кирди. Унинг номини эшитганлар бўлса, демакки, яқин ўтмиш футболидан маълумоти бор мухлислар. Ҳозирги авлод билмаслиги айб эмас. Улар учун бу таништирув, эскилар учун эслатув.
1973 йили Аргентинанинг Парана шаҳрида туғилган Айяла мамлакатнинг энг яхши ҳимоячиларидан ҳисобланади. 2004 йилги Олимпиада чемпиони. Терма жамоанинг узоқ йиллик сардори. 115 та ўйин ўтказган. Бу кўрсаткич бўйича у тўртинчи ўринда – Занетти, Маскерано ва Мессидан кейин.
Сичқонча лақабини 1974 йилги мундиал иштирокчиси ва ғолиби Рубен Айяладан мерос қилиб олган. Ваҳоланки, фамилиядош бўлса-да, бу иккиси бир-бирига умуман қариндош эмас.
"Ривер Плейт" тарбияланувчиси. Италиянинг "Наполи"сига ўтиб, уч йилдан сўнг "Милан" таркибига қўшилган. Аср охирида миланликлар сафида скудетто ғолиби бўлган. 2000 йили Валенсия клуби билан шартнома имзолаб, росмана клубини топади. Ушбу клубда Роберто етти йил фаолият олиб борган ва икки марта Испания чемпиони бўлган. Икки марта ЕЧЛ финалига чиққан. УЕФА кубогини қўлга киритган ва 2004 йили суперкубок соҳибига айланган.
Кейинги жамоалари – "Вильярреал" ва "Сарагоса" Роберто Айяла билан эсланмайди. Асосан "Валенсия" ҳамда терма жамоаси.
Уч мамлакат чемпиони – Аргентина, Италия ва Испания. 2000 йили Европанинг энг яхши ҳимоячиси бўлган. Эътибор беринг, бу натижа Италия ҳимоячилари дунёни бошқараётган пайтида қайд этилган. Сабаби, унинг ҳаракатлари итальянча футболнинг, катиначчионинг нақ ўзгинаси эди. Ҳозиргача "Валенсия" ва Аргентина терма жамоаси Роберто Айяла каби қўрқмас ҳимоячини соғинади.
Хайрулла Ҳамидов.