Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Роберто Карлос:"Бирорта футболчининг кўзларига уйқу келмаган"(Интервью)

Баҳо:
+ | -

Роберто Карлос “The Players' Tribune” нашри учун берган интервьюсида Мадридга кўчиб келиши, ЕЧЛдаги чемпионлик ва бошқа воқеаларни ёдга олиб ўтди.

“Реал” ҳақидаги хотиралар

Қўлимга “Реал Мадрид”даги илк учрашувимда олинган суратни олдим. 1996-йилда олинган суратда илк бор “қироллик клуби” либосини кийган 23 ёшли Роберто Карлос акс этган. Мен Мадридга биринчи бор кўчибкелдимватўлиқшуерликкаайландим. Ушбу расм ажойиб саргузаштларни ёдга олишимга сабаб бўлади. Бугунги кунда мен ушбу жамоанинг халқаро алоқалар бўлими директори лавозимида фаолият олиб боряпман. Қайсидир маънода жамоанинг бир бўлагиман десам ҳам бўлади.

COVID-19

Афсуски, сўнгги пайтларда футбол ва унинг ортидаги ҳаёт кескин ўзгариб кетди. Яқиндагина озиқ-овқатлар харид қилиш мақсадида кўчага чиқдим. Ишонасизми, ўз шаҳримни танимай қолдим. Куннинг бу пайтида Мадрид кўчалари кулиб турган инсонлар билан тўлиб-тошиши лозим, бироқ шаҳар кўчалари ҳувиллаб ётибди. Инсонлар қиёфасида тундлик шундоққина кўриниб турибди. Ҳатто Қуёш ҳам аввалгидек нур сочмаётгандек гўё.

Яратганга шукрлар бўлсин. Вирус мени ва оиламни четлаб ўтди. Шундай бўлсада, бу вирус нобуд қилган инсонлар учун афсусдаман. Уларнинг айримлари билан яқиндан таниш эдим. Сиз “Реал”нинг собиқ президенти Лоренсо Санснинг айнан COVID-19дан вафот этганидан хабар топган бўлсангиз керак. Менинг Мадрид клубига ўтишимда айнан жаноб Санс катта ташаббус кўрсатганлардан эди. Унинг вирусга чалингани ҳақида эшитганимда Лоренсо 76 ёшда эди. Ишонинг,унинг соғлиғи учун оиламиз билан ибодат қилдик...

Эндиликда ундан фақат ширин хотиралар қолди холос. У нафақат клуб президенти, балки унинг ишқибози ҳам эди. “Сантьяго Бернабеу”даги илк учрашувим шундоққина ёдимда. 80 минг мухлис қаршисида турар эканман, ўзимга ўзим “мен бу ерда нима қиляпман? Хато қилиб қўйсамчи?” деб савол берганимни яхши хотирлайман. Ўша учрашув менга футболчи ҳар қандай босим остида ҳам тўп суриши лозимлигини ўргатди. Бу клуб футболчилари ташқаридан жуда мустаҳкам кўрингани билан, баъзи вазиятларда улар ҳам қаттиқ ҳаяжонга тушади.

ЕЧЛ финали

“Қироллик клуби” аъзоси бўлганимдан икки йил ўтиб биз ЕЧЛ финал учрашувида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдик. Рақибимиз ўша даврларнинг энг қудратли клуби — “Ювентус” эди. Барча “Реал”ни энг совриндор жамоа сифатида яхши танийди, бироқ ўша финал олдидан биз 32 йилдан бери Европа тахтига кўтарилмаган “Реал” футболчилари эдик. Рақибимиз эса, кетма-кет 3 бор финалга қадар етиб келган тажрибали клуб. Кўпчилик Турин клуби осонлик билан ғалаба қозонишини тахмин қилган десак, адашмаган бўламан. Учрашувдан бир кун олдин меҳмонхонага жойлашдик. Соат тунги 22:00. Шунга қарамай, ҳеч ким хонасига йўл олишни истамаяпти. Барча ҳаяжонда. Бирорта футболчининг кўзларига уйқу келмаяпти. Биз узоқ вақт суҳбатлашиб ўтирдик. Ҳамма ўзи билан содир бўлган қизиқарли воқеаларни айтиб берди. Шундай қилиб соат тонги 4 га қадар меҳмонхона вестюблида ўтирдик. Бирорта жамоадошим ўз хонасида ёлғиз қолишни истамаган эди ўшанда. Тан олиш лозим, биз “Юве”ни ҳурмат қилар эдик, бироқ ундан сира қўрқмаганмиз. Эртаси куни тунда узоқ кутган учрашувимизга старт берилди. Рақибимиз биздан кўра кўпроқ имкониятга эга бўлди, бироқ ҳисоб 1:0 кўринишидалигибизнинг фойдамизга ишлади. Ўйиндан сўнг шуни англаб етдимки, биз класс борасида ўша оқшом рақибдан бир бош баланд эканмиз. Ғалабани нишонлаш учун Мадридга келгач, тўғри Сибелес майдонга йўл олдик. Кўчалар мухлисалар билан лиқ тўлиб кетган. Барча қаймоқранг шарф ва футболкаларда қўшиқ куйламоқда. Ҳамманинг кўзларида қувонч. Агар фаолиятимдаги энг зўр кунни танланг дейишса, ўйлаб ўтирмай “Реал” билан биринчи бор ЕЧЛда зафар қучган кунимни танлайман. Ўша оқшом биз тонггача ғалабани нишонлаган эдик.

“Реал Мадрид” буюк жамоа

Сиз “Реал” шарафини ҳимоя қилар экансиз, бу клуб қанчалар буюк эканлигини англаб борасиз. Дунёнинг қайси бурчагида тўп сурмайлик, ўша ерда мухлисларимиз бор эканлигини гувоҳи бўлганман.

Ёдимда бор, “Реал”нинг “галактикос”гаайланган чоғлари бутун дунёнинг эътибор марказидаги жамоага айланган эдик. Ўша дамларни ёдга олар эканман, юрагим орзиқиб кетади. Тасаввур қилинг, захира ўриндиғида “олтин тўп” эгалари, Ла лиганинг энг яхши ҳужумчилари ва дунёнинг биринчи рақамли дарвозабонлари навбат пойлашмоқда. Уларга эътибор берар эканман, ўзимни қаердан келиб қолганим ҳақида ўйланиб қоламан. Дарҳақиқат, ҳаёт бетакрор ижодкор.

Мухлислар меҳри

Биз кейинчалик яна икки бор ЕЧЛда зафар қучдик. 2000-йил ва 2002-йилдаги ғолибликларимизни яхши хотиралай олмаяпман. Сабаби, гранд жамоа футболчилариғолибликдан сўнг ўзининг бўш қўйишга ҳақи йўқ. Шу сабабли ғалабалардан сўнг яна ҳеч нарса бўлмагандек машғулотларда давом этишинг талаб этилади. Фақат шу йўсиндагина мотивацияни сақлаб қолишингиз мумкин. Тўғриси, мен “Реал”ни тарк этганимдагина футбол оламида қандай буюк ишларни амалга оширганимни тушуниб етганман. Ўша куни яхши хотирлайман. 2007-йил 17 ноябрь. Биз мавсумнинг сўнгги учрашувини “Мальорка” билан “Бернабеу”да ўтказган эдик. Бу Ла лиганинг сўнгги тури бўлиб, ғолиб ҳали аниқланмаган, “Барселона” билан очколар бир хил эди. Биз шахсий учрашувлардаги устунлик сабабли олдинда эдик. Чемпионликни қўлга киритишимиз учун сўнгги турда ғалаба қозониш кифоя. Учрашув бошида гол ўтказиб юбордик. Барчаси сўнгги турда расво бўлиши мумкин эди. Иккинчи бўлимнинг экваторидагина ҳисобни тенглаштирдик ва сўнгги дақиқаларда ғалабани илиб кетиш орқали чемпионликни қўлга киритдик. Мен Мадридни чемпион сифатида тарк этдим. Мен билан биргаликда Девид Бэкхэм ҳам ўзининг Мадриддаги сўнгги учрашувини ўтказгани маълум бўлди. Клуб базасидан чиққанимизда, мухлислар бизни қуршаб олишди. Улар бизнинг келажакдаги ишларимизга ривож тилашди. Меҳр ва муҳаббат ила бизни кузатиб қўйишди. Мухлислар меҳр билан“Сенга омад тилаймиз”, “яна қайтгин” деган сўзлари ҳали-ҳамон қулоқларим остида жаранглаб турибди. Айнан ўша сонияларда клуб учун нимадир қила олганимни ва уларнинг меҳрини қозонганимни чуқур ҳис этганман.

 

 

Манба: Stadion.uz
Киритилди: 04:22, 23.05.2020.
Ўқилди: 5820 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.