Stadion.uz “Ливерпуль” марказий ҳимоясида Виржил Ван Дейк билан тандемда ҳаракат қилиши мумкин бўлган ҳимоячилар билан таништириб ўтади.
Жо Гомес. Узоқдан қидиришнинг нима кераги бор?
Виржил ўз интервьюларидан бирида, тандемда у билан тўп сурган энг кучли ҳимоячи сифатида Жони эътироф этган эди. Шунингдек,Матип ҳам Виржил билан елкама-елка ажойиб ҳаракат қилди, бироқ 29 ёшли футболчининг супер имконият эгаси эмаслигини барча яхши англаб турибди. Боз устига, орттириб олинган жароҳат сабабли у асосий таркибдан тушиб қолди. Жо эса, эндигина 23 ёшни қарши олган келажаги порлоқ ҳимоячи. Шундай бўлсада, унинг иккинчи Терри ёки Фердинанд бўлишига ҳеч ким кафолат бера олмайди. АПЛда инглиз футболчиларини “кўтар-кўтар” қилиш аллақачон урфга кириб бўлган воқеа. Жо ҳам Матип сингари майдон марказида Виржил билан яхши ўйин кўрсатади, бироқ унинг бир ўзи деярли фойдасиз ҳимоячи бўлиб қолиши мумкин. Айниқса, ЕЧЛ доирасида “Атлетико”га қарши учрашув сўзимизга яққол исбот бўла олади.
Калиду Кулибали. Ортиқча сарф этилиши мумкин бўлган пуллар!
Кулибали учун бошқа клубга ўтишга бироз кеч эмасми? Яқиндагина, Де Лаурентис клубни молиявий муаммолар ўчоғидан олиб чиқиш мақсадида Калидуни арзонроқ нархда бўлсада сотиб юборишга тайёрлиги ҳақида маълумот пайдо бўлган эди. “Наполи” шу йўсинда Азмунни ўз сафига қўшиб олиш ва футболчиларнинг маошларини тўлашни режа қилмоқда. “Ливерпуль” эса, Ловрен+60 миллион евро эвазига Калидуни Ливерпульга кўчириб олиб келмоқчи. Бу трансфер бир қарашда “Ливерпуль”ни янги даражага олиб чиқиши мумкиндек кўринади, бироқ бу катта таваккалга қўл уриш дегани. Биринчидан, Кулибали ёш футболчи эмас. Унга янги иқлим ва янгича ўйин услубига таянган биринчиликка мослашиши учун кўп вақт талаб этилади. Иккинчидан, Калиду Виржил сингари марказнинг чап томонидан жой олишга ўрганган. Тўғри, у Матип ва Гомесдан кўра тўп учун курашларда кучлироқ, бироқ иккита чапақай марказий ҳимоячи “Ливерпуль” учун муаммо туғдирмайди деб ким кафолат бера олади? Замонавий футболда марказий ҳимоячининг қайси томонда ҳаракат қилиши ҳам катта рол ижро этаётган бир пайтда, 100 миллион еврога таваккал қилиш ҳар қандай инсонни ўйлантириб қўйиши турган гап.
Чеглар Суюнжу. Кутилмаган танлов!
“Лестер”нинг ҳимоя қўрғони бу мавсумда АПЛда барчаникидан кучлироқдек таассурот уйғотмоқда. “Аристократлар”, “қизил иблислар”, “шпорлар”, “кононирлар” бу борада “тулкилар”дан анча ортда қолиб кетишгани факт. Клуб мудофаасидаги фавқулотда ўсиш Чеглар Суюнжу билан боғлиқ эканлиги аниқ. Турк ҳимоячиси Магуайрнинг йўқлигини бирорта “Лестер” мухлисига сездиргани йўқ. Ҳатто унинг ўзини ҳам ҳайратда қолдираётгани рост. У Виржил билан тандем ҳосил қилса, бемалол марказдаги қора ишларни бўйнига олишга қодир. Ёдингизда бўлса, Клопп “Боруссия Дортмунд”ни бошқараётгандаврда техникаси кучли Ҳуммелснинг олдида қора ишларни бажариш учун Суботични танлаб олган эди. Клоппдан сўнг, Суботичдан ҳеч ким наф чиқара олгани йўқ. Серб марказдаги қора ишларни бажаришда беназир бўлгани учун ҳам Ҳуммелс эркин тўп сура олган. “Ливерпуль”да ҳам Чеглар Клопп учун Суботичнинг вазифасини бажариб бериши мумкин. Афсуски, “тулкилар” туркнинг трансфери учун 50 миллион евро талаб қилишмоқда. Бу сумма клуб раҳбарларини ўйлантириб қўйиши турган гап.
Рафаел Варан. Узоқ масофани ёритишга қодир чироқ
Тан олиш лозим, Россиядаги ЖЧдан сўнг, Рафанинг ўйини Серҳио Рамосникидан яхшироқ чиқмоқда. Куртуанинг “қуруқ ўйинлари” замирида ҳам ҳимоячининг меҳнатлари ётибди. Анча йиллардан бери Вараннинг Мадриддан АПЛга кўчиб ўтиши борасидаги миш-мишлар урчиб келмоқда. Айниқса, унинг “Манчестер Юнайтед” билан ҳатто музокаралар олиб боришгача боргани барчага маълум. Бир тасуввур қилинг, Варан ва Виржил тандем “Ливерпуль” марказини ташкил этмоқда. Бу мерсисайдликлар учун чинакам “бомба” трансфер бўлиши ҳеч гап эмас. Варан 9 йилдан бери “Реал”нинг асосий ҳимоячиси бўлишига қарамай, эндигина 27 ёшга чиқди. Бу бошқа чемпионатга ўтиш учун энг қулай палла. Бир қарашда ишониш қийин бўлган трансфердек туюлмоқда. Шундай бўлсада, Варанни Мадридда ушлаб қолиш учунайтарли сабаб қолмаган. У қўлга киритиш мумкин бўлган барча совринларга эга чиқиб бўлди. Ҳатто ЖЧ ғолиблигини ҳам қўлга киритди. Бутсаларини михга илгунга қадар АПЛда ўзини синаб кўриш истагани уни “қийнаётгани” аниқ. Боз устига, “Ливерпуль” Кулибали учун 90 миллион евро бермоқчи бўлиб турган бирпайтда, Варан учун нега ҳаракат қилиб кўрмаслиги лозим?
Маттейс Де Лигт. Танишлар тандеми
Маълумотларга қараганда, Клопп Де Лигтни қўлга киритиш мақсадида унинг трансферини сотиб олишни “Ливерпуль”дан илтимос қилган экан. Тўғри, Маттейсни қўлга киритиш осон бўлмайди, бироқ унинг ўйинини тўлдириб турувчи Виржил билан “Ливерпуль”да тўп суриш ҳимоячига ҳам қулайликлар яратиши турган гап. Терма жамоадаги шериклар Англияда ҳам керакли натижани кўрсатишга қодир. Ҳозирча, бу трансфернинг амалга ошиши борасида муаммолар кўп.Сабаби, ёш ҳимоячи нималарга қодир эканлигини исботлаб қўйиш учун ҳам яна камида бир мавсум Туринда қолишни режа қилмқода. Яқиндагина Яп Стамватандоши “Ливерпуль”нинг ўйин услубига “Ювентус”никидан кўра кўпроқмост тушиши ҳақида гапирган эди. Агар Калиду учун курашга қўшиладиганбюджетга эга жамоанинг раҳбари бўлсангиз, наҳотки ундан ёшроқ ва келажаги порлоқ Де Лигтни ўз жамоангизга қўшиб олишга ҳаракат қилмайсиз? Албатта, бу трансфер камида 80 миллионга айланиши мумкин, лекин Маттейс 10 йил давомида марказни ёпиб юришга қодир ҳимоячи. Буни ёддан чиқармаслик лозим.
Диего Карлос. Мавсум кашфиёти.
Бугунги рўйхатимиздаги ҳимоячиларнинг трансфер нархи ўйлантириб қўйиши турган гап. Шунга қарамай, бразилиялик ҳимоячи учун “Ливерпуль” катта сумма тўлаши талаб этилмайди. У аллақачон 27 ёшни “уриб қўйган”. “Севилья” ўз ҳимоячисини “Нант”дан атиги 15 миллион еврога сотиб олган боис, 80 миллион евро ҳеч кимдан талаб қилмайди. Андалусияликларни 30-40 миллион евро атрофида “рози қилиш” мумкин. Тан олиш лозим, Карлос “Ливерпуль” таркибидаги Матип ва Гомесдан анча чаққонроқ ва жисмонан бақувват ҳимоячи. Тезкорлик бобида ҳам улардан бир қадам олдинда. Боз устига, у Бразилиядан. Бу Алиссон билан тезда тил топишиб кетишга кўмак беради. Киппер ва ҳимоячининг яхши алоқада бўлиши майдонда ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Энг муҳими, бугунги рўйхатимиздаги йигитлардан фарқли ўлароқ, Карлос ўз фаолияти давомида топ жамоаларда ҳаракат қилмаган. “Ливерпуль” унга қўшимча мотивациябериши турган гап. Тўғри, футболчини “класс” борасида синовдан ўта олади деб бўлмайди, бироқ бу танлов ҳам ташқаридан жуда қизиқ кўринмоқда. Барчасини вақт ҳал этади.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев