Stadion.uz “Ливерпуль” амалга ошира олмаган машҳур трансферлар билан таништириб ўтади.
Тимо Вернер “Ливерпуль”га ўтиши деярли аниқ бўлиб улгурган бир паллада, “Челси” уни илиб кетди. Бир қарашда одатий холат. Сабаби, “Ливерпуль” ўз тарихида бир неча бор катта трансферларни қўлидан чиқариб юборган клуб. Бугун “мерсисайдликлар”нинг қўлидан чиқиб кетган юлдузлар билан қисқача таништириб ўтамиз.
Набил Фекир
2018-йилнинг бошида “Ливерпуль” трансфер бозорига кўтаринки кайфиятда кириб келди. Алиссон, Шакири ва Фабиньолар учун 170 миллион евро сарф этилди. Бу футболчилар билан биргаликда Набил Фекир ҳам АПЛга кўчиб ўтиши лозим эди. Ҳатто клуб матбуот ҳизмати футболчи билан ишлашни бошлаб юборган, унинг турли кўринишдаги суратлари трансферни эълон қилишга тайёрлаб қўйилган эди. Афсуски, трансфернинг сўнгги босқичида барчаси барбод бўлди. “Ливерпуль” клуби шифокорлари бунда Фекирнинг сурункали тизза жарохатини ортириб олганини важ қилиб кўрсатишади. Орадан кўп ўтмай, франциялик футболчи барчасини рад этиб чиқди.
“Барчаси ёлғон. Тиззамда ҳеч қандай муаммо йўқ. Агар мен жарохатларга мойил футболчи бўлганимда, “Лион” ўз таркибида олиб қолишга тиришган бўлмас эди. Улар нима учун мендан воз кечишганидан хабарим йўқ. Шунчаки, барчасига тиззам жарохатга мойил эканлигини айтишди. Бу шунчаки баҳона холос.”
Аслида, “Ливерпуль” Фекирдан воз кечишига асосий сабаб Наби Кейтанинг трансфери эканлиги кейинроқ маълум бўлди. Айни дамда, Фекир “Бетис” жамоасида ишончли ўйин намойиш этиб келмоқда.
Криштиану Роналду
Ҳа ўз вақтида Роналду ҳам “Ливерпуль” футболчиси бўлиши мумкин эди. Роналду, “Манчестер Юнайтед”ни эмас, “Ливерпуль”нинг афсонаси сифатида тарихга кирига жуда оз қолганидан хабарингиз борми?
Бу ҳақида “Ливерпуль”нинг собиқ бош мураббийи – Жеррар Ульеўз интервьюларидан бирида тўхталиб ўтган эди.
“ Мен уни илк бор Тулон шаҳридаги мусобақада кўрганман. Биз айнан уни кузатиш учун мусобақага ташриф буюрган эдик. Афсуски, ўша даврларда бизда футболчиларнинг маоши борасида лимит мавжуд эди. Шу сабабли, биз унга у сўраган маошни тўлашга қодир эмас эдик. Кейинроқ Алекс Фергуссон унинг ўйинини майдонда томоша қилди ва пулларни аяб ўтирмади. Мен эса, жамоамдаги футболчилар ўз маошларидан шикоят қилмасликлари учун Роналдудан воз кечган эдик”
“Спортинг”даги вундеркинд билан аввалиа “Ливерпуль” алоқага чиққан ва унинг трансфер қиймати билан қизиққан. Ўша даврлар учун кичик бўлмаган суммани эшитгач, клуб таваккал қилишни истамаган ва Роналдуни “қизил иблислар” илиб кетишган.
Дани Алвес
Сайёрамизнинг энг совриндор футболчиси ҳам бир пайтлар “Ливерпуль” футболчисига айланиши мумкинлигидан хабарингиз бўлмаса керак. Инглиз клуби 2006 йилдаёқ Алвесниўз сафига қўшиб олиши мумкин эди, бироқ кичик муаммолар сабабли бу иш амалга ошмай қолган экан.
Бу ҳақида Дани 2017-йилда берган интервьюсида қуйидагича хотирлаган эди: “Ёдимда бор барчаси кўнгилдагидек ўтди. Икки томон ҳам бир-бирга манзур келди. Биз шартномага қўл қўйишимиз керак бўлган кунда негадир улар мендан воз кечишди. Бунинг сабаби ҳақида маълумот ҳам беришгани йўқ.”
Орадан икки йил ўтгач, Дани “Барселона” билан шартнома имзолади ва деярли 10 йил мобайнида дунёнинг энг кучли қанот ҳимоячиси сифатида фаолият олиб борди.
Диего Коста
Суареснинг “Барселона”га ўтиб кетиши “Ливерпуль” учун муамолар туғдирди. Клуб унинг ўрнини эгаллашга қодир муносиб вариантларни кўриб чиқишни бошлаб юборади. Биринчи ўринда Диего Костанинг трансферини амалга оширишга қарор қилинади. “Мерсисайд”ликлар Коста учун бир неча бор таклиф юборишганига қарамай, испаниялик форворд АПЛга ўтишдан бош тортади. Орадан бир ой ўтиб эса “Челси” билан шартнома имзолайди. Эътиборлиси шундаки, Коста Лондон клуби сафида 120 та ўйинда майдонга тушди ва 58 бор рақиб дарвозаларини ишғол қилди. АПЛда чемпионликни қўлга киритди ва клуб мухлисларининг ёқимтойига айланди.
Алексис Санчес
2014-йилда “Ливерпуль”нит арк этган Суареснинг ўрнини клуб Алексис Санчес билан тўлдирмоқчи бўлади. Тўғри, ҳозир Санчес “Манчестер Юнайтед”нинг асосий бош оғриғи, лекин ўша йилларда чилилик футболчи ўз амплуасидаги тенгсизлардан бири эди. Инглиз нашрларининг маълум қилишича, “Ливерпуль” Алексис учун “Арсенал”дан яхшироқ таклиф билан чиққан, бироқ футболчининг ўзи Лондонга кўчиб ўтишни авзал кўради. Кейинроқ амалга ошмаган трансфер ҳақида ўша даврлардаги клуб мураббийи Брендон Рожерс қуйидагича хотирлайди: “Уни қўлдан чиқаришимиз жуда аламли бўлган эди. Ачинарлиси шундаки, у дунё даражасидаги ижрочи эди. Унинг меҳнаткашлиги, техникас ва меҳнатсеварлиги исталган клуб учун асқотади.”
Бундан ташқари, ўша йили “қизиллар” Лоик Реми билан трансфернинг сўнгги палласида хайрлашиб юборади.
Тедди Шерингем
Энди бирозга ортга қайтамиз. 1995-йилда “Ливерпуль”ни бошқарган Рой Эвенс “Тоттенҳем” шарафини ҳимоя қилаётган Тедди Шерингемни ўз жамаосида кўришни жуда истаган. Рой Теддининг тажрибасидан унумли фойдаланиш мақсадида жамоани 4-3-3 схемасига ўтказишни ният қилган, ва раҳбарият бу трансфер ўзи учун жуда муҳим эканлигини маълум қилади.
“Менда Шерингемни қўлга киритиш имкони мавжуд эди. Афсуски, бунга клуб юргазаётган сиёсат тўсқинлик қилиб қолган. Гап шундаки, “Ливерпуль”да 28 ёшдан катта футболчиларни сотиб олиш учун пул сарф этилмайди. Менга эса, кучли жамоа тузишим учун тажрибали футболчи керак эди. Айнан шундай футболчининг аторофида ёшларга суянган жанговар жамоа тузишни ният қилган эдим.”
Eътиборлиси шундаки, Тедди кейинроқ “Манчестер Юнайтед” сафига бориб қўшилади ва турли совринларни боши узра кўтаради. У бутсаларини михга илганида 42 ёшда эди!
Неманя Видич
“Ливепруль”нинг азалий рақиби– “Манчестер Юнайтед” афсонасига айланган яна бир футболчи рўйхатимизга якун ясаб беради. Сербиялик ҳимоячи “қизил иблислар”ни 3 йил давомида сардор сифатида майдонга олиб тушганидан хабарингиз бор. Ваҳоланки, ўз вақтида у “Ливерпуль”нинг ажралмас бўлагига айланиши мумкин эди. Бу ҳақида “Ливерпуль”нинг тирик афсонаси Жейми Каррагер шундай фикр билдиради.
“Рафаел Бенитес уни “Манчестер Юнайтед”дан аввалроқ сотиб олишни истаган эди. 2006-йилнинг январ ойида клуб Видич билан алоқага чиқди, бироқ трансфер омадсиз чиқди. Бизнинг омадсизлигимизда “Манчестер Юнайтед” жуда унумли фойдаланишга муваффақ бўлди. Тан олиш лозим, мен у билан ҳимоя марказида жуда кучли тандемни ҳосил қилган бўлар эдик.пн+