Қуйида маълумотлар орқали Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин билан яқиндан танишиб оласиз.
Денис Олегович Истомин – 09.07.1986 (33 ёш)
Бўйи: 1.88 м
Вазни: 88 кг
Ишлаб топган жамғармаси: $ 6 135 208
Россиянинг Оренбург шаҳрида туғилган, 3 ойлигида оиласи Ўзбекистонга кўчиб келган.
«Отам Тошкентдан ва қариндошларим ҳам шу шаҳарда яшашган. Бутун оиламиз йиғилиб, шу ерга кўчиб келганмиз», – деди Денис Истомин.
2004 йилдан бошланган теннисдаги фаолиятида ҳозирги кунгача онаси Клаудия унга мураббийлик қилиб келади. Жаҳон турларида ҳеч бир ўйинчи бундай мураббийга эга эмас. У онаси мураббий бўлган клубда теннис билан шуғулланишни бошлади.
Унинг теннисчи бўлиш орзуси 14 ёшида автоҳалокатга учраб, жиддий жароҳат олганида деярли тугади. Оёқ сони парчаланиб кетди, қўли уч жойдан синди, панжалар шикастланди.
«Бу Ўзбекистонда содир бўлди. Биз кичик Futures турнирига кетаётган эдик, йўлда бахтсиз ҳодиса юз берди. Машинамиз 4 маротаба ағдарилиб кетди. Натижада оёғимни синдирдим, қолган болалар енгил жароҳатлар олишди», – дейди Истомин.
Уч ой ичида касалхонада Истоминнинг танасига 80 та чок тушди. Жароҳатдан сўнг Денис икки йил давомида теннис ўйнай олмади. Бу жуда оғир ва енгиб ўтиш қийин давр бўлган, аммо у онасининг қўллаб-қувватлаши туфайли спортни тарк этмади. Уни ўзига ишонтирди.
Денис Истомин: «Шифокорлар менга бошқа теннис ўйнай олмайсан, дейишган эди. Бугун эса мен дунёнинг иккинчи ракеткаси Новак Жоковични ютдим».
Бахтсиз ҳодисадан сўнг теннисга қайтиш учун кураш, шубҳасиз, Дениснинг руҳиятини кучайтирди ва уни ўз фикрида қатъийлаштирди.
Кун келиб, Денис илк марта ATP дунё турнесида ўйнаш лаззатини туйди, у ерда фаолияти учун фойдали бўлган тажрибалар тўплади. Биринчи учрашувдаёқ уни марказий кортга қўйишди (бу ҳар доим ҳар қандай ўйинчи учун қизиқарли, айниқса биринчи маротаба бўлса) «Ҳаяжон бўлишига қарамай, жуда қувончли туйғу эди. Мен яхши ўйин намойиш қилдим ва томошабинлар олқишлашганда, ёқимли завқни ҳис қилдим ва менга куч бағишлади», – деди Истомин.
Бугунги кунда Истомин AТР рейтингининг 156-поғонасини эгаллаб турибди, аммо у ўз вақтида ТОП-50 таликка кирган. У илк бор 2009 йилда 100 таликка кириб, поғонама-поғона ўсишда давом этди ва карьерасидаги энг юқори чўққига кўтарилди. 2012 йилда у ўзининг «personal best» кўрсаткичини намойиш этди ва дунёдаги 33-ракеткага айланди. Денис Ўзбекистоннинг доимий равишда биринчи ракеткаси бўлиб келяпти.
2017 йилги Австралия очиқ чемпионатида Денис Истомин амалдаги чемпион Новак Жоковични 7:6 (8), 5:7, 2:6, 7:6 (5), 6:4 ҳисобида мағлубиятга учратиб, мавсумнинг биринчи «Дубулға» турнирининг асосий сенсациясини яратди.
Истомин «wild card» орқали Aвстралия чемпионатида асосий тўрдан жой эгаллади. Илгари у икки маротаба Australian Open мусобақасининг учинчи босқичига (2010, 2014) етиб борган ва иккаласида ҳам Новак Жоковичга ютқазган эди.
Истомин “Катта Дубулға”да Жоковични мағлуб этган биринчи топ-100 га кирмаган илк ўйинчи бўлди. Денис бунгача фақат 2012 йилда топ-10 таликдагилардан Давид Феррер устидан ғалаба қозонган эди.
Истомин Катта тўртликдаги барча теннисчиларига қарши ўйнади. Энг қийин баҳс Рожер Федерерга қарши туриш эди.
«Мен ҳар доим Федерерга қарши матчларда қийналганман, чунки у ранг-баранг ўйинчи. У ҳеч қачон зарбани бир хил урмайди, у доимо ритмни ўзгартириб боради ва ўйинингизни бузади. Ҳар гал турли зарбаларни йўллаганда, ритмни яхши кўра олмай қоласиз. Менимча, Рожер бу борада маҳоратли», – дейди Денис.
Энди Маррей билан учрашув ҳақида ҳам сўйлаб берди: «Менга унинг ўйин услуби ёқади. Фақат ўйин услуби эмас, балки техник томонлари ҳам. Шунингдек, теннисга муносабати ҳам. У ҳар доим биринчи ўринни эгаллашини хоҳлаганман – у бунга лойиқ. У билан Майамида ўйнаган пайтимда, бундай таассурот қолдирмади. Ўшанда яхши ҳаракат қилмаган. Балки ё чарчаган, ёки жароҳати панд бергандир. У жуда кўп хатоларга йўл қўйди. Aммо принципиал жиҳатдан Энди жуда яхши иш қилди ва ҳақли равишда биринчи ўринда туради”.
Фаолияти давомида Истомин иккита AТР турнирини ютди. Дастлаб 2015 йил Ноттингем (Буюк Британия) финалида Сэм Куэррини мағлуб этди, ушбу турнирнинг мукофот жамғармаси 589 минг еврони ташкил қилган. 2017 йилда эса Хитойда ўтадиган «Chengdu Open» турнири финалида Маркос Багдатис устидан зафар қучди.
Денис Истоминнинг севимли мусобақаси WIMBLEDON
«Менга Уимблдон турнири ёқади. Чунки мен майсали кортларни яхши кўраман. Менга ташкилотчилик, қадимий муҳит жуда манзур бўлади», – дейди Денис.
2018 йилда Денис Истомин Осиё ўйинларининг олтин медалини қўлга киритди ва шу билан бирга Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма олди. Финалда хитойлик Ву Ибинни 2/6, 6/2, 7/6 (7/2) ҳисобида мағлубиятга учратди.
Кўришдаги муаммо туфайли Денис кўзойнак билан ўйнайди. Бундан ташқари, ушбу аксессуардан фақат Янко Типсаревич АТР Турларда фойдаланади. Aммо Жокович линзалар билан ўйнашни афзал кўради.
Денис Истоминнинг бутун теннис карьерасидаги статистикаси:
ITF – 50 ғалаба / 21 мағлубият
Challenger Tour – 204 ғалаба / 118 мағлубият
ATP Tour & Grand Slam – 229 ғалаба / 261 мағлубият
Денис ўз фаолиятида 2855 эйсни (эйс – ҳаводан зарба) амалга оширган ва 774 та қўшхатога йўл қўйган.
Денис ҳар доим «дунё рейтингида биринчи бўлиш»ни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
«Теннис ўйнашни бошлаган ҳар бир ўйинчи дунёда биринчи ўринда бўлишни хоҳлайди ва мен ҳам худди шуни орзу қиламан. Мақсадимга эришиш учун астойдил ҳаракат қилиб, маҳоратимни ошириб бораман» – дейди Денис.