Кириш Регистрация
04/11 00:45 Интер 1-0 Венеция
04/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-1 Бетис
04/11 19:00 Ал-Васл 1-1 Ас-Садд
04/11 21:00 Ал-Аҳли (СА) 5-1 Аш-Шорта
04/11 21:00 Персеполис 1-1 Ал-Ғарафа
04/11 22:30 Эмполи 1-0 Комо
04/11 22:30 Парма 0-1 Женоа
04/11 23:00 Ал-Ҳилол 3-0 Истиқлол
05/11 00:45 Лацио 2-1 Кальяри
05/11 01:00 Сельта 1-0 Хетафе
05/11 01:00 Фулхэм 2-1 Брентфорд
05/11 13:00 Сентрэл Кост - Шангхай Шенхуа
05/11 15:00 Кавасаки Фронтале - Шангхай Порт
05/11 15:00 Виссел Кобе - Квангжу
05/11 17:00 Жоҳор Дорул Таъзим - Ульсан Хёндэ
05/11 19:00 Пахтакор - Ар-Райян
05/11 23:00 Ан-Наср (СА) - Ал-Айн

Максим Рафалович: “Устозларимдек мураббий бўламан”

Баҳо:
+ | -
Бўлим: СПОРТ

Мураббий бўлиб, унинг ўзига яраша қийинчиликларига бардош бериш ҳамманинг қўлидан келавермайди. Бежизга унинг тоши оғир, деб қўйишмайди. Энг эътиборлиси, мураббийлик фаолиятини бошлашдан аввал спортчи бўлса, демак, танганинг икки томонига ҳам эътибор беради бу инсон. Изланувчан, ҳаракатчан ва меҳнатсевар мураббийлар сафига биз бемалол таэквондочимиз Максим Рафаловични ҳам қўшсак, хато қилмаган бўламиз. Дастлаб спортчиликни ўз танасида ҳис этиб, унинг сир-асрорларини мукаммал ўрганиб, техник-тактик томонларини ипидан-игнасигача тўлиқ бажара олган ҳолда мамлакат терма жамоаси сафида турли нуфузли халқаро мусобақаларда юрт шарафини муносиб ҳимоя қилган Осиё чемпионати совриндори Максим Рафалович билан суҳбатлашамиз.

– Яккакурашнинг таэквондо WT турини танлашингизга ким сабабчи бўлган? Спортдаги эришган натижаларинингиз ҳақида ўзингиздан эшитмоқчи эдик.
– Одатда акалар ўз укаларини бирор- бир спорт турига етаклаб боради бизда эса аксинча. Укам Никита айнан шу спорт тури билан шуғуллана бошлади ва ота-онам менга ҳеч бўлмаса ўз соғлигинг учун шуғулланиб кўр деган эдилар. Шундай қилиб, мен укам билан биргаликда машғулотларда қатнаша бошладим, кўплаб дўстлар орттирдим. Вақти келиб, шунчаки қизиқиш мен учун катта спорт эшигининг очилишига сабабчи бўлди. Мамлакат миқёсидаги мусобақалар, халқаро турнирлар ва кейинчалик Қитъа чемпионати ва Осиё ўйинларида эришган натижаларим мени терма жамоа сафида ўз ўрним бор эканлигини кўрсатди. Билсангиз, ўша вақтларда мана шу натижалар мен учун унча катта ютуқ эмасдек эди гўё. Энди билсам, ҳар бир ғалаба, ҳар бир медал спортчи учун қадрли экан.

– Ғалабали серияларнинг бошланиши қийин кечмадими?
– Албатта, мағлубиятсиз ғалаба бўлмайди. Кетма-кет муваффақиятсизликдан кейин 2007 йили илк бор мамлакат чемпионатида биринчи ўринни эгаллаган бўлсамда, 2013 йилга қадар халқаро мусобақаларда шоҳсупадан жой олиш насиб этмаган. Тажрибам ортиб боргани сари мен етакчи спортчилардан бирига айландим. Қитъа биринчилигида икки бор бронза медалига эга чиқдим. Осиё ўйинларида кумуш ва Гран-При турнирида учинчи ўриндан жой олдим.

– Агарда таэквондо билан шуғулланмаганингизда спорт оламидаги қай бир турни танлаган бўлар эдингиз?
– Очиғини айтсам, ота-онам бизни профессионал даражада шуғуллунадиган спортчи бўлишимизни кутмаганлар. Лекин гувоҳи бўлганингиздек, мен ҳам, укам ҳам профессионал спортдамиз. Албатта, барча ўсмирлар каби футболга қизиққанман. Балки мен ҳам футболчи бўлишим мумкин эди. Таэквондони кўпчилик яккакураш санъати дейди. Тўғри, рақиб билан ишлайсиз, лекин ақл билан тактик ҳаракат қилиш таэквондонинг асосий мезони. Мен бу турни шахматга қиёслайман.

 – Яқинда терма жамоа таркибида эдингиз. Мураббийлик фаолиятини бошлаш фикри қачон пайдо бўлди?

– Ўтган йили шундай қарорга келдим. Унинг устига укам Никитага ҳам ҳар томонлама ёрдам беришни ният қилдим. Айрим вазиятларда инсон ўзига тўхта, деб айтмагунча давом этаверади. Мен эса кейинги босқичга ўтиш фурсати келганлигини англадим. Демак, энди устозларимдек мураббий бўламан.

– Мураббий худди оила бошидек гап. Демоқчиманки, уйда фарзанд ўз отасига қараб шаклланиб борса, машғулотларда мураббий ҳам спортчиларни ўз фарзандидек кўриб, уларга меҳр бермаса, салбий оқибатларга олиб келиши мумкин, шундайми?
– Бежизга айтишмайди, устоз отангдек улуғ деб. Демак, мураббий мана шу номга муносиб бўлиши керак. Боғбон ниҳолни экиб, уни суғоради, керак вақтда буталайди, керак вақтда совуқдан, иссиқдан асрайди. Бугунги кунда қўл остимда шуғулланаётган ҳар бир болага алоҳида эътибор бериб қарайман. Улар орасидан кимдир чемпион бўлар, яна кимдир бошқа соҳани танлар, лекин вақти келиб шу спортчилар ҳамиша машғулотларни, мураббийларини эслаб юришади.

– Мураббий ҳам тажриба орттириб бориши керак. Айтмоқчи бўлганим, тренерлар учун барча шароит яратилганми? Чунки бугунги куннинг талаби замон билан ҳамнафас бўлишни тақозо этади.
– Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси томонидан мураббийлар малакасини ошириш учун жорий йил бошида Туркияда тренерлар курси ташкил этилди. Мамлакатимизда ҳам амалий ва назарий семинарлар ўтказилмоқда. Кўриниб турганидек, бу борада айтганингиздек, замон билан ҳамнафасликни кўриб туриш мумкин.

– Айни шу кунларда вазият оғир ва карантин ҳолатида мураббий ўзини қандай тутиши керак деб ўйлайсиз?
– Барча мураббийлар билан биргаликда иш режасини тузиб олганмиз ва албатта, бу ҳол бизни янги тажриба асосида иш олиб боришга ўргатди. Zoom платформаси орқали спортчилар билан онлайн машғулотлар олиб боряпмиз. Муҳими руҳий тетиклик ва жисмоний ҳолатни йўқотмаслик лозим.

– Асосий иш услубингиз қандай?
– Мураббий ўз шогирдига вазифа бердими, албатта, унинг натижасини сўраши керак. Ҳар бир бола ўқилмаган китоб. Демак, спортчининг кайфиятига қараб у билан гаплашишни, қалбига қулоқ солишни ўрганиш мураббий учун муҳим. Қачонки спортчи билан тил топиша олсангиз, ўшанда яхши натижага эришиш мумкин.

– Сизни кўпроқ кимлар қўллаб-қувватлайди?
-Тушкун кайфиятда бўласизми, хурсандчилик онларидами ҳамиша ота-онам, оилам ва укам мени қўллаб-қувватлаб туради. Оиладек муқаддас гўша бўлмаса керак инсон учун. Керак бўлса, улар бизнинг ғалабаларимиз учун ўзларини қурбон қилишга ҳам тайёр. Ютуқларим ва ҳаётда ўз ўрнимни топганим учун уларга таъзим қиламан.

Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси матбуот хизмати

Манба: olympic.uz
Киритилди: 18:09, 29.07.2020.
Ўқилди: 2005 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.