Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

«Оқ-тепа» хорижлик мутахассислар билан ҳамкорлик шартномасини имзолади

Баҳо:
+ | -

Ривожланиш йўлида олдинга қадам ташлаётган «Оқ-тепа» клуби бу борада яна бир лойиҳага қўл урди. Хабарингиз бор италиялик футбол функционери Моррис Пагниелло иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтиши ҳақида маълум қилган эдик. Бугун «Бунёдкор» стадионинг анжуманлар залида клуб президенти Сарвар Шоғуломов ва Моррис Пагниелло иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Маълумот ўрнида Моррис Пагниелло асли келиб чиқиши австралиялик, Италия фуқаролигига эга. Ҳозирда футбол функционери ҳисобланади. «Racing city group» асосида бир нечта клубларга эга инсон ҳисобланади. Уларда барча клубларнинг номи «Racing city» номи билан бошланади.

Сарвар Шоғуломов («Оқ-тепа» клуби президенти): — Барчангиз яхши биласиз, клубимиз ташкил топганига 20 йил бўлди. Биз биргаликда клубни яна ривожлантиришни ва футбол сифатини оширишни мақсад қилганмиз. Яқинда жаноб Моррис билан танишдик ва клубимизга таклиф қилдик. Куни кеча у Тошкентга келди. Ушбу инсон ҳақида маълумот берадиган бўлсам, Жаҳон миқёсида кўпчиликка таниш дейишим мумкин. Унинг академияси бутун дунёда етакчи ўринларда туради. Италия, Испания, АҚШ, Хитой ва БАА каби мамлакатларда бир қатор филиаллари бор. Ҳозирда келажакни ҳам ўйлаган ҳолда беш йиллик шартнома имзоладик. Бу нималарни ўз ичига олишини тушунтириб ўтсам. Академияни ривожлантириш яъни кичик ёшдан профессионал даражага қадар юқори савияга олиб чиқиш. Академиямизни филиалларини очиш. Шунингдек футболчиларни алмашиш, биз уларга, улар бизга ўз футболчиларини юборади. Ўзбек футболини нуфузини ошириш энг олий мақсадимиз, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.

Моррис Пагниелло (италиялик функционер): — Мен Ўзбекистонда ҳеч қачон бўлмаганман. Ғанишер ва Сарвар Шоғуломовнинг таклифига кўра юртингизга келдим. Нима учун бу клубни танладим? Биласиз «Оқ-тепа» хусусий жамоа. Клубнинг инфратузилмаси билан танишиб чиққанимиздан сўнг шундай қарорга келдимки, бизнинг академиямиз бўлган «Genoa Soccer Academy» ҳамда «Racing city group» лойиҳаси асосида клуб инфратузилмасини янада яхшилаш борасида иш олиб борамиз. Таъкидлаб ўтганимдек академиямизни охирги йилларда 250дан ошиқ битирувчи тамомлади ва Европа клубларига йўл олди. Биз худди шуни бу ерда ҳам йўлга қўймоқчимиз. Футбол бизнеслигини яхши биламан. Аммо ҳозирда асосий мақсадимиз футболни ривожлантирган ҳолда кейингина бизнес режага ўтиш. Клуб раҳбарлари билан бир қанча музокаралар ўтказдик. Ўзаро ҳамкорлик беш йилга мўлжалланган. Бунинг ичида клубдаги ёш иқтидорли футболчиларни Европа клубларига таклиф қилиш ҳам бор. «Racing city group», «Расинг Мурсия»даги тизимни «Оқ-тепа»га ҳам сингдиришни вазифа қилиб қўйганмиз. Бу нафақат клубга балки ўзбек футболига ва терма жамоага катта ёрдам беради деган умиддаман.

— Ўзбекистонда футбол ҳали бизнес даражасида эмас. Даромад олиш мушкул. Бизнесдаги одам пул тиккандан сўнг табиийки даромадни ўйлайди. Сиз пул тиксангиз даромад келмаса қанча вақтгача сабр қила оласиз?

— Биз ҳозирда бизнес жиҳатларига тўхталганимиз йўқ. Бошланишига мураббийлар ва футболчиларнинг ривожланишига эътибор қаратишни мақсад қилганмиз. Ўзбекистонда иқтидорлар кўп. Уларни тўғридан-тўғри Европага олиб кетишдан олдин керакли босқичга олиб чиқишимиз керак. Клубга мураббийларимиз келади, бу биринчи ташланган қадам бўлади. Биласиз айни пайтда Серхио Маринангели «Оқ-тепа»да фаолият олиб бормоқда.

— Ўзбек футболи ҳақида етарлича таассуротга эга эмассиз. Шу сабабли бу лойиҳанинг муваффақиятли чиқишига қай даражада ишонмоқдасиз?
— Инсон танлашда ҳеч қачон адашмаганман. Мен Шоғуломовлар оиласига ишондим ва яхши инсон сифатида қабул қилдим. Яқин орада 1-2 нафар футболчи Испания клубларидан бирига йўл олади. Асосий двизионга эмас, ёшлар жамоасига ўтади. Жамоа иштирокидаги ўйинни бир тайм кўрдик ва Ўзбекистонда иқтидорлар борлигига гувоҳ бўлдик. Ўйлашимча олдимизга қўйган мақсадларимизга эришамиз.

— Ушбу лойиҳадан «Оқ-тепа»га қандайдир фойда келадими?

Сарвар Шоғуломов: — «Расинг Мурсия» ва «Оқ-тепа» биргаликда фаолият олиб боради, академия масаласида ҳам шундай. Ёш футболчиларнинг, имкони йўқ иқтидорларнинг Европага йўл олишинга ёрдам беришни истаймиз. Инфратузилма ва бошқарув тизимини ривожлантириш борасида ҳам ишлаяпмиз. Балки қўшимча майдонлар қурармиз. Ҳа, авваллари «Реал Мадрид», «Ювентус» каби жамоалар Ўзбекистонда академияларини очишмоқчи бўлишган. Муаммо нимада, булар тайёр ўйинчиларни олиб кетишади. Биз эса жаноб Моррис билан гаплашдик, «Расинг Мурсия» бу йўлдан бормайди балки, футболчиларни тайёрлайди. Бу икки хил нарса.

Мураббийларимиз учун европалик мутахассислар иштирокида семинар ташкил қилишни режалаштирганмиз. Ёки янги йилга қадар ёки янги йилдан сўнг буни ташкил қиламиз. Бу семинар фақат «Оқ-тепа» клубидаги мураббийлар учун эмас, исталган клуб мураббийлари ўз хоҳишига кўра иштирок этиши, ўрганиши мумкин. Барчаси бепул бўлади.  Якунда диплом берилади. Ҳозирча бошланишига Тошкентда ўтказилади. Кейинчалик эса Мадридда ёки Испаниянинг бошқа шаҳарларида олиб борилади.

— «Оқ-тепа» иштирокидаги ўйинни кузатибсиз. Ўзбекистонлик футболчиларнинг айнан қайси жиҳати сизга маъқул келди?

Моррис Пагниелло: — Тўғрисини айтадиган бўлсам, ўзбекистонлик футболчиларнинг иштиёқи ва руҳи баландлиги менга ёқди. Ҳар бир вазиятга тик қараши, қўрқмаслиги ва курашларга чанқоқлигини кўрдим. Қўрқмаслик, руҳият ва тактика футболда муҳим аҳамият касб этади. Клубдаги испаниялик мураббий Серхио Маринангели билан турли гуруҳлардаги футболчиларнинг ҳаракатини кузатдик. Футболда берилган имконият ва омаддан фойдалансангиз кўп нарсага эришасиз.

Манба: https://t.me/pfcoqtepaofficial
Киритилди: 21:25, 02.12.2020.
Ўқилди: 2811 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.