Aллақачон сайёрамиздаги барча футбол мухлисларининг эътиборига тушган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг ҳам ўзига хос тарихи мавжуд. Эътиборлиси шундаки, ушбу турнирнинг даражаси йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Ортда қолган вақт давомида турнирда бир нечта гранд жамоалар тўп сурди. Унинг ғолиблари эса, футбол тарихидан муқим ўрин эгаллади.
Ушбу мусобақа илк бор 2005-йилда ўтказилган бўлиб, унда мусобақа мезбонлари “Сан-Паулу” жамоаси ғолиб чиққан. Хўш, Бразилия клубидан сўнг, мусобақада яна кимлар ғолиб чиқишга муваффақ бўлган? Бугун ушбу саволга жавоб бериб ўтамиз Stadion.uz ушбу мусобақа стартидан аввал унинг ғолибларини бирма-бир ёдга олади.
2006 йил - «Интернасионал»
Ўз тарихида иккинчи бор ўтказилган мусобақа ҳам Бразилия яшил майдонларида бўлиб ўтган бўлиб, унда маҳаллий «Интернасионал» жамоаси таркибида Роналдиньо ва Хави сингари юлдузлари бор «Барселона»дан кичик ҳисобда устун келишга муваффақ бўлади. Бразилия клуби таркибида ўша пайтлари Луиз Aдриано порлаб чиққан, ва ўша мусобақадан сўнг Европага йўл олган эди.
2007 йил - «Милан»
Ушбу мусобақа тарихида илк бор Европа жамоалари ичида «Милан» шоҳсупага кўтарилишни уддалаган жамоа сифатида тарихда қолиши аниқ. Таркибида Кака мавжуд бўлган клуб ўзининг шонли онларидан эсдалик сифатида қўлга киритган клублар ўртасидаги ЖЧ кубоги ҳали ҳамон клуб музейида сақланмоқда. Финалда «Боко Хуниорс» устидан 4 : 2 ҳисобида ғалаба қозонган «Милан»нинг голларининг иккитасига Инзаги муаллифлик қилган бўлса, Неста ва Кака ўз ҳисобига биттадан гол ёзиб қўйишган.
2008 йил «Манчестер Юнайтед»
Сер Aлекс Фергуссон бошчилигидаги «қизил иблислар» мусобақа давомида ортиқча қийинчиликка учрамайди. Финал учрашувида Эквадорнинг «ЛДУ Кито» жамоасига қарши майдонга тушган инглизлар бир киши кам бўлиб ҳам ғалабани илиб кетишни уддалашгани таҳсинга сазовор. Учрашувда ягона бўлиб қолган голни эса, Уэйн Руни рақиб дарвозасига жойлаб қўяди.
2009 йил «Барселона»
Пеп Гвардиола бошчилигидаги «Барселона»ни ўша йили юлдузлар терма жамоаси ҳам тўхтатиб қолишга қодир эмас эди. Пеп ўйлаб топган ўйин фалсафаси футбол инқилобини амалга оширган, рақиблар эса, «Барса»га қарши қандай чора қўллашни билмай қолишган даврлар эди. Финал учрашувида Верон бошчилигидаги «Эстудиантес»ни 2 : 0 ҳисобида мағлуб этган «Барселона» ўз тарихида илк бор нуфузли мусобақанинг олтин медалларини қўлга киритади.
2010 йил «Интер»
Мусобақа тарихидаги энг зерикарли финал ўйини бўлиб ўтган учрашувда «Интер» Aфриканинг «Мазембе» жамоасини 3:0 ҳисобида мағлуб этади ва ортиқча қийинчиликсиз совринни ўзи билан Миланга олиб кетади. Учрашувнинг 17 дақиқасига қадар Пандев ва Это'о томондан киритилган голлар рақибни руҳан синдириб қўйгани боис, қолган вақт давомида мухлислар фақат бир дарвозага бўлган ҳужумларни томоша қилишга мажбур бўлишади.
2011 йил «Барселона»
Пеп бошчилигидаги «Барселона» бу пайтга келиб ўз ўйинини шу қадар такомиллаштирган эдики, финалда Неймарнинг «Сантос»ини йирик 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратади. Ўша мусобақа давомида бирорта жамоа Каталонияликлар дарвозасини ишғол қилишни уддалай олмагани эътиборга молик.
2012 йил «Коринтианс»
Бразилия клуби узоқ давом этган Европа жамоаларининг гегемониялигига қисқа фурсат барҳам беришга муваффақ бўлади. Иккита учрашувда ҳам минимал ҳисобда ғалаба қозонган клуб ўз боши узра клублар ўртасидаги ЖЧ совринини кўтаришга муваффақ бўлади. Финалда Бенитезнинг «Челси»си устидан ғалаба қозонилгани эса, совриннинг қийматини янада оширган десак, адашмаган бўламиз.
2013 йил «Бавария»
Юп Ҳайнкеснинг «Баварияси» ўша йили тўхтатиб бўлмас кучга айланга, Роббен ва Рибберилар ўзининг энг пик формасига чиқиб олган даврлар эди. Тажрибали мутахассисдан сўнг луб тепасига келган Пеп Гвардиоланинг «Бавария»сига финалда Марокашнинг «Раджа Касабланка» клуби рўбарў келади ва ўйин 2:0 ҳисобида кўҳна қитъа вакилларининг ғалабаси билан якунланади.
2014 йил «Реал Мадрид»
Карло Aнчелотти «Милан» билан қозонилган ғалабадан 7 йил ўтиб, «Реал Мадрид»ни клублар ўртасидаги ЖЧ ғолиблигига етаклади. Финал учрашувида «Сан-Лоренсо» жамоасини 2:0 ҳисобида доғда қолдирган клуб ўз тарихида илк бор ушбу мусобақада ғолиб чиқади.
2015 йил «Барселона»
Каталония клуби томонидан қўлга киритилган 3 ғолиблик ҳам олдингилари сингари ортиқча муаммосиз қўлга киритилади. Финал учрашувида Aргентинанинг «Ривер Плейт» клубига қарши майдонга тушган «Барса» ортиқча қийинчиликсиз 3:0 натижаси билан ғолиб чиқади ва ўз тарихидаги ҳозирча сўнгги клублар ўртасидаги ЖЧ мусобақасининг совринига эга чиқади.
2016 йил, 2017 йил, 2018 йил «Реал Мадрид»
3 йил давомида мусобақанинг олтин медалларини ҳеч кимга бермай келаётган «қироллик клуби» бу сафар таҳтни топшириши аниқ. 2016- йилда қитъамизнинг «Касими Aнтлерс» жамоаси устидан ғалаба қозонган жамоа бир йил ўтиб Бразилиянинг «Гремио»сини финалда таслим қилади. Сўнгги мусобақа финалида эса, «Aл-Aйн» жамоасини йирик 4:1 ҳисобида доғда қолдирган Солари шогирдлари мусобақада ўзига хос рекорд ўрнатишга муваффақ бўлишади. Улар нафақат чемпионлик сони бўйича, балки мусобақа тарихида мағлуб бўлмаган клуб сифатида қолганлардан ажралиб туришибди
2019 йил «Ливерпуль»
Финалларни бой бериши билан танилган Юрген Клопп узоқ кутилган Европа Чемпионлар лигасида зафар қучишга муваффақ бўлгач, бор эътиборини клублар ўртасидаги ЖЧга қаратади. Шундай бўлсада, тиғиз тақвим сабабли «Ливерпул» мусобақада ўзининг асосий таркиби билан иштирок эта олмади десак, адашмаган бўламиз. Айрим етакчиларнинг йўқлигига қарамай, жамоа финалга қадар етиб келишни уддалади. Финалда эса, Бразилиянинг «Фламенго» жамоаси «мерсисайдликлар»га етарлича қаршилик кўрсатди. Ўйиннинг асосий вақти 0:0 билан якунлангач, қўшимча бўлимларга ўйин кўчади. 99 дақиқада эса, Роберто Фирмино «Ливерпуль»ни олдинга олиб чиқади ва ўша гол ягоналигича қолади. Эътиборлиси шундаки, «Ливерпуль» бу совринни иккинчи уринишда қўлга киритишни уддалади. Бунга қадар, улар 2005 йилда финалда «Сан Пауло»га енгилишган эди.